16 февраль куни «Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони [ПФ-36-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Фармон билан Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлашнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегияси тасдиқланди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш ҳамда аҳолининг барча қатламлари соғлом ва фаол ҳаёт кечириши учун табиий, молиявий ва моддий ресурслардан фойдаланишнинг самарали иқтисодий ва экологик бошқарув тизимларини жорий қилиш Стратегиянинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

2025 йил якунигача озиқ-овқат хавфсизлиги ва истеъмоли соҳасида салоҳиятни барқарор ривожлантириш, хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш, бошқариш ва мониторингини юритиш ҳамда хавф-хатарлар тўғрисида эрта хабардор қилишни ташкил этиш мақсадида яхлит идоралараро Миллий ахборот платформаси ишлаб чиқилади.

2025 йил 1 мартгача қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда уларнинг бозордаги нарх-наволари тўғрисидаги доимий, ишончли ва аниқ маълумотлар билан таъминлайдиган «Электрон агросаноат бозори» ахборот тизими ишга туширилади ва Миллий ахборот платформаси билан интеграцияси қилинади.