13 февраль куни Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида автобусда нотаниш аёлга шилқимлик қилган эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилди. «Газета.uz» суд ҳужжати билан танишди.

Ҳужжатга кўра, жабрланувчи М.Х. (аёл) 2024 йил 5 февраль куни соат 19:00 ларда 69-сонли йўналишдаги автобусга чиқиб, ўриндиққа жойлашган. Автобус Чилонзор тумани 19-мавзедаги «Батальон» олдига етган вақтда И.Ф. (1997-йилда туғилган) жинсий аъзосини чиқариб шилқимлик қилган.

Аёл бунинг оқибатда унинг соғлиғига путур етказилгани, қон босими кўтарилиб, даволанишга муҳтож бўлиб қолганини билдириб, унга етказилган 10 миллион сўм миқдоридаги маънавий зарарни ундириб, қонун доирасида қатъий чора кўришни сўради.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар И.Ф. ҳақиқатдан ҳам автобусда кетаётган вақтида ўзини бошқаролмай юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатини бажарганини, билмасдан ушбу ҳаракатни содир қилганини, жабрланувчидан кечирим сўраб, афсусда эканини, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини билдириб, енгилроқ жазо тайинлашни сўради.

Суд қарори билан И.Ф. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисмида (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилди ва унга шу модда билан 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қамоқхонаси фойдасига қамалганларни сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи миқдорида 255 000 сўм ундирилади.