Президент 16 февраль куни Андижон вилоятида ўтказган йиғилишида жойларда болалар таълими ва тарбиясига эътиборсизлик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида гапирди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари Бухорода 12 нафар мактаб ўқувчиси 6 ой давомида ҳужрага қатнаб юрганини таъкидлади.

«…Иккинчи нарса. Бухорода ҳужрада 12 та болага дарс беряпти. Униям секин… ҳозир бу билан жуда катта кураш олиб боряпмиз. 12 та болага ҳам директор 6 ойдан бери 5 баҳо қўйиб келяпти (кулади — таҳр.). У ҳужрада топган номаъқул пулини мактаб директорига беряпти. Мана, жамиятимизда биз қандай иллат билан курашяпмиз», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат иллат ҳисобланади.

«Ўша мактаб директорининг виждони борми-йўқми? Мактабга қачон эътибор берилган? Мактабда домланинг ойлиги қандай эди? Директорнинг шароити қандай эди? Мактаб директори тугул, муаллим билан саломлашмай қўйгандик. Кеча мен мактабга нимага бордим кеч бўлса ҳам? Президент мактабга боришга вақт топяпти, нимага ҳоким вақт топмайди?» — дея савол билан юзланди Шавкат Мирзиёев.