Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ҳудудларда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида фарзандларини сотаётган аёллар қўлга олинди.

Хусусан, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида вақтинча яшовчи бухоролик аёл 15 кунлик ўғлини 40 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Сурхондарё вилояти Термиз туманида яшовчи аёл 20 кунлик қизини ўзининг таниши билан тил бириктириб, Термиз шаҳрида 25 млн сўмга сотган вақтларида қўлга тушган.

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи аёл ўзининг 6 ёшли ўғлини Тошкент шаҳрида 3 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Наманган шаҳрида яшовчи аёл ўзининг 10 ёшли ўғил фарзандини 18 минг долларга сотишга келишиб, талаб қилинган пулдан 4 минг долларини олган вақтида қўлга олинган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (Одам савдоси, ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.