14 февраль куни соат 10:50 атрофида Тошкент шаҳри Юнусобод туманида электробус Cobalt билан тўқнашди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати.

Қайд этилишича, «2-автобус саройи»га бириктирилган Yutong русумли 89-сонли электробус туманнинг Амир Темур шоҳкўчасида ўз йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган бўлган. Шу пайтда Cobalt унинг ўнг ён томонидан ҳаракатланиб келиб, тегган ва енгил йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Электробусга ҳеч қандай шикаст етмаган, дейилади хабарда.

Компания ҳозирда ушбу электробус йўналишда техник соз ҳолатда йўловчиларга хизмат кўрсатаётганини маълум қилди.