Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни бўлиб ўтган видеселектор йиғилишида мева-сабзавот етиштириш ва экспортини ошириш мақсадида аҳолига яна 60 минг гектар ер тарқатилишини маълум қилди.

«Бунинг натижасида 1,5 миллион тонна қўшимча маҳсулот олиб, экспортни яна 200 миллион долларга ошириш мумкин бўлади. Ёшларни деҳқончиликка яхши ўқитиб, бу ерларда банд қилиш муҳим», — дея таъкидлади президент.

Давлат раҳбари, шунингдек, аҳолига бўлиб берилган ер майдонлари ҳамда томорқа ерларига саноат ва кооперацияни кенг олиб кириб, қўшимча 1 млрд долларлик маҳсулот етиштириш мумкинлигини таъкидлади. Бунинг учун 1 трлн сўм кредит учун ресурс ажратилади.

Ушбу кредитлар кооперация асосида маҳсулот етиштириш, техника, айланма маблағ учун 100 млн сўмгача гаровсиз, 150 млн сўмгача гаров таъминоти 50 фоизга пасайтирилган ҳолда берилади.

Шунингдек, жами 10 мингта техника фермер ва деҳқонларга 10 йил муддатга 3 йил имтиёзли давр билан лизингга берилади. Четдан олиб келиниб, лизингга бериладиган мотокультиватор ва минитракторларга божхона имтиёзи 3 йилга узайтирилади.