Ўзбекистондаги 70 та туманда минерал ўғит сақлаш омборлари ташкил қилинади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида янги захираларни ишга солиш ҳамда 2024 йилги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Омборлардаги ўғитлар қолдиғини кунлик мониторинг қилиб, етишмаган қисмини зудлик билан етказиш муҳимлиги қайд этилди.

Бунинг учун февраль-апрель ойларида биржага чиқадиган минерал ўғит кунлик ҳажмини 6 минг тоннадан 9 минг тоннага оширишга кўрсатма берилди.

Шунингдек, ўғит таннархни 15 фоизга камайтириб, қишлоқ хўжалигини 900 минг тонна минерал ўғит билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда ўғит сифати ва устамаси бўйича айрим туманларда эътирозлар бўлаётганига тўхталиб ўтилди.

Президент мутасаддиларга фермерларга ўз ҳисобидан ўғит сотиб олишда қулай молиявий механизмларни жорий қилиш бўйича таклиф киритишга топшириқ берди (масалан, банк ёки суғурта кафолати асосида бўлиб-бўлиб тўлаш, тижорат кредити фоизларини пасайтириш).

Жойлардаги омборлардан кластер ва фермерларга минерал ўғитни ташишда транспортни логистика порталида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби бекор қилинади.

Шунингдек, фермерларга ёқилғини ўз вақтида етказиб беришда назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.