Сенатнинг 9 февраль куни ўзининг эллигинчи ялпи мажлисида пенсиянинг минимал миқдори энг кам истеъмол харажатлари даражасидан оз бўлмаслигини белгиловчи қонунни маъқуллади.

Мазкур норма «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда назарда тутилган. Ҳужжат билан, шунингдек, «Ижара тўғрисида»ги қонунга ижарачининг ногирон бўлиб қолганлиги ижара шартномасини тугатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунда пенционерга ҳисобланган, лекин унинг томонидан талаб қилиб олинмаган пенсия суммасини тўлаш муддатини ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача узайтириш назарда тутилмоқда. Пенсиялар миқдорларини йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатларини инобатга олган ҳолда ошириб бориш тартиби, шунингдек, маҳкумларнинг озодликдан маҳрум қилинган даврда амалга оширган фаолияти даврини пенсия олиш ҳуқуқини берадиган фаолият тури сифатида ҳисобга олишга доир талаб ҳам белгиланмоқда.

«Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга фуқарода давлат пенсия таъминоти ҳуқуқи юзага келганлиги тўғрисида Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган маълумотлар фуқаронинг пенсия тўловларини олиши учун асос бўлишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.