8 февраль куни Kun.uz «Хусусий ОТМнинг лицензияси тўхтатилса, ундаги талабалар нима қилади?» элон қилди. Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ушбу жараёнга боғлиқ қатор саволлар билан юзланган.

Вазирлик лицензияси бекор қилинган хусусий ОТМларнинг талабалари ўқишни бошқа университетга кўчириши мумкинлигини маълум қилди.

Вазирликнинг қайд этишича, ҳозирга қадар лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузгани учун 6 та нодавлат олий таълим ташкилотининг тегишли лицензиясини бекор қилиш бўйича судга даво аризалари киритилган. Шундан 5 тасининг тегишли лицензиялари суд қарорига кўра бекор қилинган бўлса, 1 та нодавлат олий таълим ташкилотининг лицензиясини бекор қилиш бўйича суд жараёни давом этмоқда.

2023 йил 3 июлдаги ПҚ-200-сон қарорга кўра лицензияси бекор қилинган таълим ташкилоти ёки ёпилган таълим дастурида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг мос ва турдош таълим йўналишлари ва мутахассисликларига белгиланган тартибда кўчириш ҳуқуқи вазирликка берилган.

Cуд жараёнлари тўлиқ якунланган ва лицензияси бекор қилинган олий таълим ташкилотлари — Valley Innovative University, Урганч шаҳридаги Binary университетининг барча талабалари тегишли тартибда олий таълим ташкилотларига кўчирилган. «Ҳозирда лицензияси бекор қилинган бошқа олий таълим ташкилотларининг талабаларини ўқишини кўчириш ишлари ташкил этилмоқда» — дейилади вазирлик хабарида.

«Вазирлик лицензияси бекор қилинган олий таълим ташкилотларининг бирон-бир талабаси кўчада қолмаслигини маълум қилади. Барча талабаларнинг аризасига асосан ўқиши белгиланган тартибда бошқа олийгоҳларга кўчирилиши таъминланади», — дейилади хабарда