6 февраль куни Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Фоторассомлар шуъбаси аъзоларининг ҳисобот ва ҳаваскор фотографларнинг қўшма кўргазмаси очилди.

бадиий ижодкорлар уюшмаси, профессионал фотографлар, рустам шарипов, тошкент фотосуратлар уйи, фоторассомлар, фоторассомлар шуъбаси, ҳаваскор фотографлар, ҳисобот

Бу турдаги кўргазмалар якунига етган йилни сарҳисоб қилиш мақсадида анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинади. Фоторассомлар шуъбаси раиси Рустам Шариповнинг айтишича, дастлаб фақат шуъба аъзоларининг суратлари намойиш этилган бўлса, сўнгги беш йилликда ҳаваскор фотографларга ҳам ўз ишларини кўрсатиш имкони берилмоқда.

«Кўргазмада ҳаваскорларнинг ижодий намуналари Умида Абдураззоқова, Ҳусниддин Ато, Маргарита Конcтантинова, Ҳамдам Шорахметов, Эрик Музрипов, Н.Иошук, А.Жумаев, В.Гончаренко, В.Цоколов, С.Канаки, А.Коровин, В.Жирнов, Е.Володина, Б.Недосеков каби таниқли фотографларнинг ишлари билан ёнма-ён туриши улар учун бир муваффақият, айни вақтда зиммаларига масъулият ҳам юклайди. Бу рақобат эмас, ўрганиш. Бу минбарнинг ўз талаблари бор», — дейди Рустам Шарипов.

Кўргазмада шуъбанинг 30 га яқин аъзоси ва 80 дан ортиқ ҳаваскор фотосуратчиларнинг 800 дан ортиқ ишлари 4 хонадан иборат экспозиция залида намойишга қўйилган.

Суратларни тақдим этиш 2023 йилнинг декабрь ойидан бошланган бўлиб, шуъбанинг тўққиз нафар аъзолари — Е.Володина, С.Карандаев, И.Щур, А.Жумаев, В.Жирнов, C.Дехканов, В.Цоколов, Р.Хабутия, М.Константиновалардан иборат бадиий кенгаш томонидан сараланган.

Ташкилотчиларнинг айтишича, кўргазма учун тақдим этилган суратларнинг мавзуси ва жанрига чеклов қўйилмаган. Шунга кўра экспозицияда портрет, натюрморт, манзара ва аралаш жанрдаги фотографиялар, анъанавий ва ноанъанавий, қизиқарли сюжетларни, ранг-баранг ва оқ-қора рангдаги композицияларнинг турли мавзулар ёрдамида талқин қилинганини кўриш мумкин.

Кўргазма 13 февралгача давом этади. «Газета.uz» намойишга қўйилган суратларнинг бир қисмини муштарийлар эътиборига тақдим этади.