Ўзбекистон ҳудудларида январь ойида 995 нафар истеъмолчининг электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиши оқибатида тизимга 94 млрд 542 млн сўм зарар етказилди, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспеция» матбуот хизмати.

Республиканинг барча ҳудудларида инспекция томонидан 24 969 та профилактика тадбир ўтказилган. Хусусан, 20 млн 486 минг кВт/соат электр энергияси ва 47 млн 387 минг метр куб табиий газ талон-тарож қилингани аниқланган.

Шунингдек, 14 та давлат корхона ва муассасасида, 1540 та объект ҳамда 2565 та ижтимоий соҳа объектида назорат тадбирлари ўтказилган. Энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича 937 та маъмурий иш расмийлаштирилган.

Реактив қувватни компенсация қилувчи қурилмалар ўрнатиш юзасидан тадбиркорлик субъектларида тушунтириш ишлари олиб борилиб, 13 145 нафар истеъмолчига тегишли кўрсатмалар берилган, дейилади хабарда.