Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 9 февраль кунги мажлисида Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилди ва уларни Сенатга юборди, дея хабар бермоқда қуйи палата матбуот хизмати.

Депутатлар Марказий сайлов комиссиясининг қуйидаги аъзолари ваколатларини тугатиш бўйича қарорлар қабул қилди:

  • Мариника Бабаназарова;
  • Ферузахон Аҳмедова;
  • Суяржон Қурбонқулов;
  • Шуҳрат Сирожиддинов;
  • Ирода Кенжаева;
  • Алишер Исоқбоев;
  • Орзигул Қозихонова;
  • Шерзодхон Қудратхўжа;
  • Гулноза Исмоилова;
  • Алишер Усмонқулов;
  • Орифжон Бозоров;
  • Шуҳрат Жўраев;
  • Муяссар Қодирова;
  • Эргаш Юсупов.

Марказий сайлов комиссияси аъзоси этиб Мухтабар Ҳусанова (Қонунчилик палатаси депутати) ва Халмухаммед Палуаниязов (МСК Котибияти Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази директори) сайланиши кутилмоқда.

Маълумот ўрнида, сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳамда Сайлов кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис палаталари томонидан 9 нафар аъзодан иборат таркибда тузилиши белгиланган. Шунингдек, уларнинг доимий асосда фаолият юритиши, Марказий сайлов комиссиясининг 1 нафар аъзоси Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлиши кўзда тутилган.

Ҳозирда Марказий сайлов комиссиясининг 21 нафар аъзоси бор бўлиб, 14 нафар аъзосининг ваколати тугатилиши ва 2 нафар янги аъзо сайланиши ортидан МСҚ аъзолари сони 9 нафаргача тушади.