2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида «Док-1 Макс» иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтган эди. Унда Quramax Medical МЧЖнинг собиқ директори, судланаётган С.Р.П.га дастлабки терговда таржимонлик қилганлар гувоҳ сифатида кўрсатма берди. Яна бир судланувчи, Фармагентлик ҳузуридаги Давлат маркази рўйхатдан ўтказиш бўлими вице-бошлиғи лавозимида ишлаган Ш. Ш. тергов давомида ўзига ва унга қарши кўрсатма бериш учун бошқа судланувчиларга нисбатан жисмоний ва руҳий босимлар ўтказилгани ҳақида гапирди.

«Газета.uz» 2023 йилнинг 10 ноябридан бошлаб «Док-1 Макс» иши бўйича суд жараёнларини имкон қадар тўлиқ ёритаётган эди. 2024 йил январь ойидаги судлар сони кўп ва ҳажм жиҳатдан катта бўлгани боис, уларни матнлаштириш ишлари ҳали давом этмоқда. Матнлаштириш жараёни навбатдаги суд мажлислари тафсилотлари нашр этилишининг кечикишига сабаб бўлмаслиги учун февралдаги дастлабки суд мажлиси тафсилотларини баён қилинади.

Дастлаб судья ёрдамчиси томонидан суд таркибини ўқиб эшиттирилди.

Суд мажлисидаги судланувчиларнинг яқинлари сафида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили, консул ўринбосари Дираж Сони (Shri Dheraj Kumar Soni) ҳам бор эди. Судланаётган Quramax Medical МЧЖ директори, ҳиндистонлик С.Р.П.нинг адвокатига кўра, консул ўринбосари С.Р.П.нинг терговда босимга учраганлиги тўғрисида 29 январь куни бўлиб ўтган судда берган кўрсатмасидан сўнг ундан хабар олгани келган.

Судья: Муҳтарам жараён иштирокчилари, судланувчиларимизнинг айрим адвокатлари иштирок этмаяпти. Лекин ҳимоя ҳуқуқи бузилмаган, бошқа адвокатлар судда иштирок этяпти. Судланувчиларимиз эътиборида бир нечта адвокатлар бор. Судни давом эттиришга судланувчиларимиздан эътирозлар йўқми?

Суд залидан: Йўқ.

Судья: Адвокатларимиздан эътирозлар йўқми?

Суд залидан: Йўқ.

Ўзбек-инглиз, инглиз-ўзбек тили таржимони кўрсатмаси

Судья: Суд мажлисини давом эттирамиз, муҳтарам процесс иштирокчилари. Биз олдинги суд жараёнида судланувчимиз С.Р.П.нинг тазйиқ ўтказилганлик, тан жароҳати олганлик ҳақидаги кўрсатувларидан келиб чиқиб, соғлиқ ҳолати юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинлаган эдик. Экспертиза хулосаси келди, жиноят ишига манфаатдор шахслар иш ҳужжатлари билан танишиб, экспертиза хулосасини ўрганишлари мумкин. Қисқача ўқиб эшиттирамиз.

Суд томонидан тайинланган ажрим юзасидан 2024 йил 30 январда суд-тиббий экспертизаси ўрганиши бошланиб, 2024 йил 31 январда тугалланган. Унга кўра, С.Р.П.нинг тиббий кўриги юзасидан [келтирилган] саволлар инобатга олинган ҳолда қуйидаги тўхтамга келдик. Тиббий кўрик вақтида С.Р.П.нинг танасида бирор жароҳатлар топилмаган.

Шу билан биргаликда таржима қилиш билан боғлиқ жараёнда қонун талаблари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатга асосан суд ташаббуси билан айнан дастлабки тергов жараёнида судланувчимизга таржимон бўлиб иштирок этган таржимонни бугун [судга] қатнашиш, шахсига аниқлик киритишга таклиф этдик. Марҳамат, Норматов.

(Гувоҳлар суд залидан ташқарида туради. Судья ёрдамчиси таржимонни чақириб келди — таҳр.)

Судья: Ассалому алайкум. Марҳамат, ўзингизни таништиринг, исм-шарифингиз.

Гувоҳ: Исмим Норматов Ҳайдар Зафар ўғли.

Судья: Қачон, қаерда туғилгансиз?

Гувоҳ: 2001 йил 14 январда, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида туғилганман.

Судья: Миллатингиз?

Гувоҳ: Ўзбек.

Судья: Маълумотингиз?

Гувоҳ: Олий.

Судья: Бугунги кунда қаерда ишлайсиз?

Гувоҳ: Жаҳон тиллари университетининг бакалавр босқичини битирганман. Ҳозирда Вэбстер университетида магистратурада ўқийман.

Судья: Фақат ўқийсизми ёки ишлайсиз ҳамми?

Гувоҳ: Ишлайман.

Судья: Қаерда ишлайсиз?

Гувоҳ: Ўқув марказида ўқитувчилик қиламан.

Судья: Тушунарли. Қайси ўқув марказида ўқитувчи лавозимида ишлайсиз?

Гувоҳ: «Эверест» ўқув марказида.

Судья: Оилангиз борми, уйланганмисиз?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Бўйдоқ. Тушунарли. Яшаш манзилингиз?

Гувоҳ: Шароф Рашидов тумани, (уй манзилини ҳам айтади — таҳр.).

Судья: Муқаддам судланганмисиз?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Наркологик, психологик диспансерда турасизми?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Судланувчиларимизни танийсизми?

Гувоҳ: С.Р.П.ни.

Судья: Қариндошчилик?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Адоват?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Марҳамат, процесс иштирокчилари, [бу] таржимон бўлиб қатнашган гувоҳимиз. Адвокатларимизда, прокуроримизда шахсига оид саволлар борми?

Адвокат Даврон Аҳмадов (судланаётган Quramax Medical компанияси директорининг ҳимоячиси — таҳр.): Бакалаврни қайси университетда ўқигансиз?

Гувоҳ: Жаҳон тиллари университети, инглиз тили филологияси ва тилларни ўқитиш факультетини битирганман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ўқитувчи бўлиб чиққансиз, тўғрими?

Гувоҳ: Ҳам ўқитувчи, ҳам таржимонликка.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Тўғри жавоб беряпсизми?

Гувоҳ: Ҳа, филология ва тилларни ўқитиш.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Филология ва тилларни ўқитиш, тўғрими?

Гувоҳ: Шундай.

Судья: Марҳамат, яна кимда саволлар бор? (жимлик — таҳр.). Битирган йилингиз?

Гувоҳ: Бакалавр босқичини 2023 йил битирдим, шу йилнинг ўзида магистратурага кирдим.

Судья: Биринчи курс талабасисиз?

Гувоҳ: Бир йил давом этади.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Саволим бор эди.

Судья: Марҳамат.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Қачон тугатдингиз бакалаврни?

Судья: 2023 йил, ҳозир айтди.

Гувоҳ: 2023 йил.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кунини айтинг, диплом олган кунингизни айтинг, ёзилган.

Судья: Ҳеч бўлмаса ойи, агар кунини эслолмасангиз.

Гувоҳ: Июль ойида.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Савол йўқ.

Судья: Шахсига оид бошқа саволлар йўқми? (жимлик — таҳр.) Унда Норматов, сизни иш бўйича сўрашдан олдин Жиноят кодексининг 238−240-моддалари билан таништириб, огоҳлантириб ўтамиз. Судда ёлғон кўрсатма бермаслик лозим. Агар шунақа ҳолатлар аниқланса, қонунда жиноий жавобгарлик мавжуд (гувоҳ қасам-имзога қўл қўяди — таҳр.).

Сизни сўрашдан олдин ҳуқуқ ва мажбуриятларингизни тушунтириб ўтамиз. Судда иштирок этаётган вақтда адвокат хизматидан фойдаланишингиз мумкин. Иш бўйича олиб борилмаган тилга тушунмасангиз, таржимон хизматидан фойдаланишингиз мумкин. Судга кўрсатувларингизни ёзма тақдим этиш ҳамда процесс иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлсангиз, шикоят келтириш ҳуқуқларига эгасиз. Мажбуриятлар: суд чақирганда судда ҳозир бўлиш, ўрнатилган тартибга риоя этиш шарт. Тушунарлими?

Гувоҳ: Ҳа.

Судья: Нима учун чақирилганингизни тушунтирамиз. Сиз тергов жараёнида таржимон бўлиб қатнашганмисиз?

Гувоҳ: Худди шундай.

Судья: Қачон, кимга, қанча вақт таржимон бўлиб қатнашдингиз?

Гувоҳ: Ўтган йили, 2023 йилда адашмасам, январь ойининг охиридан бошланган эди. Ўша оралиқда бошланган вақтда нима вазифа берса, ўшани таржима қилиб турганман.

Судья: Тушунарли. Қайси давргача?

Гувоҳ: Адашмасам, март ойигача борганман. Кейин охирги марта ёз, июнь ойида қатнашганман.

Судья: Тушунарли. Тергов жараёнига қатнашгансиз, [IELTS сертификатингиз] ҳам бор экан, қўшилган. Кўрсатувларни қайси тилдан таржима қилиб бергансиз?

Гувоҳ: Инглиз тилидан ўзбек тилига.

Судья: Фақат инглиз тилида қатнашгансиз, рус тилидан қатнашмагансиз?

Гувоҳ: Йўқ, рус тилидан қатнашмаганман.

Судья: Таржима жараёнини тўлиқ, батафсил ёритганмисиз?

Гувоҳ: Инспектор ўзбек тилида нима савол берса, ўшани таржима қилиб берганман.

Судья: Сизга судланувчи ўша вақтда «Мен тушунмадим, ўша нарсани тушунтириб беринг», деб эътироз билдирганми? Ёки таржима қилиб берган фикрларингиздан қониқмаган пайти бўлганми?

Гувоҳ: Йўқ, «Нима саволингиз бўлса, сўранг», деганман. «Ҳаммаси жойида», деган, тушунган ва ўзбек тилига таржима қилиб берганман.

Судья: Тушунарли. Сиз таржимон бўлиб тергов жараёнида иштирок этгансиз-а?

Гувоҳ: Ҳа.

Судья: Ўша вақт давомида орган ходимлари томидан ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилганини кўрганмисиз?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Тазйиқ ўтказиш, бақир-чақир ёки уриш.

Гувоҳ: Йўқ. Йўқ, шундай оддий суҳбат бўларди.

Судья: Унга гувоҳ бўлмагансиз?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Сизнинг ўзингизга босимлар ўтказилганми?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Мажбурлаш ҳолатлари бўлганми? Шунга қўл қўйинг деган нарсалар.

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Бўлмаганми унақа нарсалар?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Бўлмаган, тушунарли. Халқ маслаҳатчилари саволлар борми? (жимлик — таҳр.). Муҳтарам прокуроримизда саволлар борми?

Прокурор: Саволим бор. Сиз С.Р.П.га ўша тақдим қилинган ҳужжатларни таржима қилмасдан «Шу ҳужжатларга қўл қўйинг», [деб] айтганмисиз? Таржима қилмасдан туриб, ҳужжатларга қўл қўйиш ҳақида.

Гувоҳ: Йўқ, ҳаммасини ўқиб танишиб чиқарди, ундай бўлмаган.

Прокурор: Таржима қилгандан кейин қаерига қўл қўйиши, имзо қилишини кўрсатгансиз?

Гувоҳ: Ҳа.

Судья: Тушундингиз-а? Тергов қилмасдан ёки таржима қилмасдан, ҳужжатларни тушунтирмасдан [туриб], «Тушунганлигингиз ҳақида қўл қўйиб беринг», деб мурожаат қилганмисиз?

Гувоҳ: Йўқ. Ҳаммасини 100 фоиз… (гапини тугалламайди — таҳр.)… «Тушунмаган жойингизни сўранг», деганман, сўраган. Тушунмаган бўлса, тушунтириб берганман. Унақа нарса бўлмаган. Нимани сўраган бўлса, ўша нарсанинг ўзини таржима қилиб берганман. Охири[да] қўл қўйган.

Судья: Марҳамат, адвокатларимизда саволлар бўлса.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Мен ҳозир сўров баённомасини топдим. Бу сўров баённомаси 2022 йил 27 декабрда қил[ин]ган экан, тўғрими?

Гувоҳ: 22 декабрда?

Адвокат Даврон Аҳмадов: 2022 йил 27 декабрда. Нурматов С. сиз бўласизми?

Гувоҳ: Йўқ, мен Норматов Ҳайдарман.

(Аслида суд залидан ташқарида турган бўлса-да, бир гувоҳ ўзининг исмини эшитибоқ залга кириб келди ва «Нурматов С. менман», деди — таҳр.).

Судья: Сиз чиқиб туринг, ҳозир чақирамиз.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Норматов Ҳайдармисиз?

Гувоҳ: Аҳа.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сиз таржима қилганингизда қайси адвокат қатнашган?

Гувоҳ: Адвокатнинг исмини билмайман. Исмини билмайман. Менимча, сиз бор эдингиз, тўғрими?

Адвокат Даврон Аҳмадов: Мен бор эдимми?

Гувоҳ: Бор эдингиз шекилли ўшанда? Адвокатларнинг исмини билмайман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сиз билан терговда қачон учрашганмиз? Нечанчи йил?

Гувоҳ: Ўтирган пайтимизда бўлгансиз-ку.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ёздами, куздами? Институтни битиришингиздан олдинми ёки кейинми?

Гувоҳ: Университетимни битиришимдан олдин. Нима пайти, суд, э, тергов пайтида.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Тергов тугагандан кейин, айб қарори чиққандан кейин яна таништиришда қатнашганмиз, шундайми?

Гувоҳ: Ҳа, ўша пайти.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ўша пайтда менинг олдимда лоақал битта сўз таржима қилдингизми?

Гувоҳ: Ҳа.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳозир қасам ичдингиз?

Гувоҳ: Ҳа, таржима қилдим.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Қайси сўзни таржима қилдингиз?

Гувоҳ: Ҳамма, инглиз тилидан нима сўраган бўлса [ўшани].

Адвокат Даврон Аҳмадов: Нима сўзни таржима қилдингиз, эслай оласизми?

Гувоҳ: Эслай оламан. Ҳеч қандай шикоятим йўқ, I have not… (адвокат гувоҳнинг гапини бўлади — таҳр.).

Адвокат Даврон Аҳмадов: Шикоят эмас, қанақа шикоят ҳақида гап кетяпти? Шикоят охирида айтилади, ҳаммаси тугагандан кейин, «Бўлди, менинг шикоятим йўқ терговдан, таржимондан, адвокатдан», дейиш мумкин. У шикоятдан олдин беш соатлик сўроқ бўлади, бир кунлик сўроқ бўлади. Шуни сўраяпман. Шу сўроқ давомида қанақа саволлар, лоақал биттасини таржима қилдингиз-у, қайси саволга қанақа жавоб берди? Шуни айтинг, бўлди.

Гувоҳ: Оддий. Саволларни сўраган пайти «Тушундингизми?» деди, «Тушундим», деди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Олдингизда мен ўтиргандим-а?

Гувоҳ: Охирги якунланиш пайтида бор эдингиз.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Хўп, якунланиш пайтида нимани таржима қилиб бердингиз? С.Р.П.га 8 варақ қарор [таржима] қилдингизми, сўров баённомасини таржима қилдингизми, нимани таржима қилиб бердингиз?

Гувоҳ: Охирида имзо қўяётган пайтида шикоятларни ўқиб чиқди, ҳаммаси тушунтирилган. Ундан кейин… (адвокат гувоҳнинг гапини бўлади — таҳр.)

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ўзи ўқиб чиқдими?

Гувоҳ: Ким?

Адвокат Даврон Аҳмадов: С.Р.П. ўзи ўқиб чиқдими?

Гувоҳ: «Танишинг», деди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: С.Р.П.га?

Гувоҳ: «Танишинг», деб берилган. Ундан кейин менга «Тушунмаган жойимни таржима қилиб бер», [деди]. Ундан кейин «Ҳеч қандай шикоятим йўқ», деган пайтда таржима қилиб берганман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: С.Р.П.га терговчи «Танишиб чиқ», деб берди. У танишиб чиқди, тўғрими?

Гувоҳ: Ҳа. «Қандайдир тушунмаган жойингиз бўлса, сўранг», деди. «Тушунтириб бераман», [дедим]. «Ҳаммаси тушунарли», деди. Бўлди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Демак, ўзи ўқиб чиқиб, ҳужжатлар билан танишиб чиқди. Сиздан «Савол борми, йўқми», деб сўради. «Йўқ», дедингиз, шу билан тугади, шунақа бўлдими?

Гувоҳ: Ўшандай бўлган. Нимадир саволи бўлса, жавоб сўраган, бўлди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Демак, С.Р.П. ўзбек тилида ўзи ўқиб тушуниб олган, тўғрими?

Гувоҳ: Ўзбек тилида ўқиб олгани йўқ. Берилган нарсани айтиб, «Тушунмаган жойингиз бўлса, сўранг», деганман. Инглизчалаб тушунтирганман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Тушунмаган жойини сўраши учун у тушуниши керак-да. Шуни сўраяпман. «Ҳужжатни берди, танишди», деб айтяпсиз. Танишиб чиқибди, кейин сиз айтибсиз, «Тушунмаган жойинг бўлса, сўра, тушунтираман», дебсиз. Кейин «Эътирозим йўқ, тушундим ҳаммасини», дебди, шу билан сўроқ тугабди, процессуал ҳаракат тугабди, сиз ҳам қўл қўйибсиз, мен ҳам қўл қўйибман, чиқиб кетибман. Шунга сўраяпман. Чунки сиз нимани таржима қилиб бердингиз десам, «Ўзи тушунган экан, таржима қилмадим», дегандек маълумот беряпсиз-да. Шунга қизиқяпман. Ҳақиқатдан таржима қилдингизми, қилмадингизми?

Гувоҳ: Ўша пайтида инспекторлар сўраган пайти ўзбек тилидан инглиз тилига, инглиз тилидан ўзбек тилига оғзаки таржима қилганман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Нимани таржима қилгансиз? Мен ҳам ўша ерда эдим-да.

Гувоҳ: Ундан олдинги пайтларда, борган пайтларим сўралган… (адвокат гувоҳнинг гапини бўлади — таҳр.)

Адвокат Даврон Аҳмадов: Мен бўлмаган пайтда, бошқа адвокатларда бўлганда, тўғрими?

Гувоҳ: Ҳа.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Лекин менинг олдимда таржима қилганингиз йўғ-а? Ёки қилдингизми?

Гувоҳ: У пайт сизнинг олдингизда «Тушунмаган жойингизни сўранг», дейилган. Ўша рус тилида.

Адвокат Даврон Аҳмадов: «Тушунмаган жойингиз бўлса, сўранг», дейилган, тўғрими?

Гувоҳ: Ҳа, ҳаммаси жойида бўлган, тўғри.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли раислик қилувчи, бошқа саволим йўқ.

Судья: Саволлар борми? Марҳамат.

Адвокат Менглиқулов: Сиз С.Р.П. билан ўзингиз гаплашдингизми?

Гувоҳ: Ҳа.

Адвокат Менглиқулов: Қайси тилда гаплашдингиз?

Гувоҳ: Инглиз тилида.

Адвокат Менглиқулов: Ўзи ундан «Қайси тилларда мулоқот қилишни биласан?», деб сўрадингизми?

Гувоҳ: Ҳа.

Адвокат Менглиқулов: Айнан?

Гувоҳ: «Инглиз тили, рус тилини биламан», деди.

Адвокат Менглиқулов: Кейин бунинг кўрсатувлари компьютерда ёзиб олинганида ҳам қатнашганмисиз?

Гувоҳ: Ёзиб олинган пайт кўрмаганман, бор эдим.

Адвокат Менглиқулов: «Кўрмаганман, лекин бор эдим». Нима деганингиз у?

Гувоҳ: Ёзиб олинган пайти ёнида бўлганман.

Адвокат Менглиқулов: Бундан олдинги саволимни қайтараман. Айнан сизга қайси тилда кўрсатув беришини билдирган?

Гувоҳ: Инглиз тилида.

Судья: Бор, бор, жиноят ишида турибди. Ўша пайт бошқа адвокат — Нажмиддинов қатнашган.

Адвокат Менглиқулов: Мана, ҳозир «Ўзи ўқиб кўрди», деб айтяпсиз-да. Ўзи ўқиб кўрган ҳужжат қайси тилда ёзилганди?

Гувоҳ: У ўқиган ҳужжатининг нимасини билмайман, танишиб чиқилади.

Адвокат Менглиқулов: Йўқ, ҳозир ўзингиз «С.Р.П. ўзи ўқиб чиқди, тушунмади, кейин мендан сўради», дедингиз.

Гувоҳ: Адвокати билан гаплашган. Адвокати билан гаплашган пайти рус тилида тушунтирди.

Адвокат Менглиқулов: Мен сизга яна қайтараман, сиз «Ҳужжатни ўзи ўқиб чиқди», дедингиз. «Тушунмаган жойингни мендан сўра», деб айтди[м] дедингиз. Мен сиздан яна сўраяпман, ўша ёзилган ҳужжат қайси тилда эди?

Гувоҳ: Ўзбек тилида.

Адвокат Менглиқулов: Шу ўзбек тилидаги ҳужжатни ўзи ўқидими?

Гувоҳ: Адвокати тушунтириб берган, ўшанга қараб рус тили… (адвокат гувоҳнинг гапини бўлади — таҳр.).

Адвокат Менглиқулов: Бошқа саволим йўқ.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Рухсат берсангиз.

Судья: Марҳамат.

Гувоҳ: Ҳужжатлар ўзбек тилида-да.

Адвокат Даврон Аҳмадов: С.Р.П. ўқиб чиқди?

Гувоҳ: Йўқ, «С.Р.П. ўқиб чиқди», демадим, адвокати ўқиган пайти унга тушунтириб… (адвокат гувоҳнинг гапини бўлади — таҳр.).

Адвокат Даврон Аҳмадов: «Уни адвокати тушунтирди», деяпсиз?

Гувоҳ: Йўқ, ўша берилган нарсани кўриб нима қилади-ку.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Мен инглиз тилини биламан.

Гувоҳ: Аҳа, менам биламан.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Менинг олдимда оғиз очганингиз, бирорта сўзни таржима қилганингиз йўқ.

Гувоҳ: Рус тилида гаплашган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сиз рус тилида гаплашдингизми?

Гувоҳ: Йўқ, улар рус тилида мулоқот қилган. Мен «Инглиз тилидан нимадир саволингиз бўлса, сўранг», деганман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Демак, таржима қилмагансиз, адвокат инглиз тилида гаплашган бўляпти?

Гувоҳ: Йўқ, рус тилида ҳам, инглиз тилида ҳам гаплашган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Нажмиддинов инглиз тилини билмайди, тўғри гапираверинг.

Гувоҳ: Нажмиддинов кимлигини танимайман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Мендан олдинги ўша адвокати эди.

Гувоҳ: Мен инглиз тилида, рус тилида адвокати бўлган, адвокатини танимайман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Тушунмадим. Ҳозир «Ўқиди, адвокат тушунтирди», деяпсиз. Биринчи «С.Р.П. ўқиди», дедингиз, «Саволлари борми?», деганда, «Саволим йўқ», деб айтди дедингиз, кейин гапингизни ўзгартирдингиз, «Адвокат ўқиб берди», дедингиз. Адвокат ўқиб берди, сиз қараб турдингиз, кейин «Савол борми?», дегандан кейин, «Саволим йўқ, тушундим», дегандан кейин, тугади. Шунақа бўлдими?

Гувоҳ: Шундай бўлган-да. Мендан нима сўраса, ўшанга жавоб берганман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сиздан сўраса, жавоб бергансиз?

Гувоҳ: Аҳа, нима бўлса.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ўша 4−5 соатлик сўроқ даврида ҳар битта терговчининг саволини таржима қилганмисиз?

Гувоҳ: Нима савол берса, инглиз тилида таржима қилиб бериб турганман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кимнинг саволини?

Гувоҳ: Терговчилар нима деб савол берса, ўшанинг саволини, инглиз тилида [етказиб турганман]. Савол сўраган пайт таржима қилиб.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Юзлаштириб олсак бўладими?

Судья: Марҳамат.

(Судланувчи С.Р.П. ва унинг ҳимоячиси мулоқоти рус тилида бўлди. Ўзбекчадаги таржимаси келтирилади — таҳр.).

Адвокат Даврон Аҳмадов: Жаноб С.Р.П., сиз уни танийсизми?

Судланувчи С.Р.П.: Ҳа, ҳа.

Адвокат Даврон Аҳмадов: У биринчи кунданоқ таржимонмиди?

Судланувчи С.Р.П.: Йўқ.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кечроқ эди, шундайми?

Судланувчи С.Р.П.: Ҳа, бу январь ойининг охири ёки февраль ойининг бошида эди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Қаранг, сиз сўроқ қилинган пайтингизда у иштирок этганмиди?

Судланувчи С.Р.П.: Йўқ. У ҳеч қачон сўроқ пайтида қатнашмаган. У фақат ҳужжатлар тайёр бўлганда, имзолаш вақти келди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳужжатлар тайёр бўлганда, улар ҳужжатларни чоп этишдими?

Судланувчи С.Р.П.: Ҳужжатларни чоп этишди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳа. [Ўшанда] келди?

Судланувчи С.Р.П.: Ҳа-ҳа.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Келганида таржима қилдими, йўқми?

Судланувчи С.Р.П.: Хўш, баъзи нарсалар, лекин у тўлиқ таржима қилмади. Шунчаки мен савол берганимда жавоб берди, «Ёз», деди, «Одамни ўлдирдим», шунга ўхшаш [гапларни].

Адвокат Даврон Аҳмадов: У [шундай дедими?]

Судланувчи С.Р.П.: Ҳа.

Адвокат Даврон Аҳмадов: У «Одам ўлдирдим деб ёз», деди, ёздингизми?

Судланувчи С.Р.П.: Ҳа.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сизнинг сўроғингиз пайтида қатнашганми?

Судланувчи С.Р.П.: Қатнашмади.

Судья: [Гувоҳ], сизга тушунарли бўлдими? Нима дейсиз, «Ҳужжатларни деярли яхши таржима қилмаган», [деяпти] ва имзо қўйишдаги ҳолатларни гапиряпти. Шуни тасдиқлайсизми?

Гувоҳ: Ҳозир… (гапиришдан тўхтаб қолади — таҳр.)

Судья: Русчани тушунасизми?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Ҳозир гапини тушундингизми?

Гувоҳ: Йўқ, 100 фоиз тушунмадим.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Рухсат берасизми?

Судья: Марҳамат.

(Адвокат Даврон Аҳмадов ҳимоясидаги С.Р.П.дан рус тилида айтган гапини инглиз тилида ҳам айтишини сўради. Судланувчининг инглиз тилидаги гапининг ўзбек тилидаги таржимаси келтирилади — таҳр.)

Судланувчи С.Р.П.: У сўроқ вақтида ҳеч қачон бўлмаган. У имзолашга тайёр битта қоғоз [бор пайти келганди]. Мен жуда кўп савол бердим, у эса фақат «Сиз 65 болани ўлдиргансиз, сиз имзолашингиз керак», деди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Раҳмат. Ҳозир тушундингизми?

Гувоҳ: Қаерга имзо қўйиш, тушунмаган жойлари бўлса, сўраш, ўшанга имзо қўйганман, деди.

Судья: Сизга савол — терговчи саволни рус тилида қўйганми, инглиз тилида қўйганми?

Гувоҳ: Терговчими? Мендан ўзбек… (судья гувоҳнинг гапини бўлади — таҳр.)

Судья: Йўқ, терговчи сўраяпти, сиз турибсиз, терговчи томонидан қўйилган савол рус тилидами, ўзбек тилидами?

Гувоҳ: Рус тилида беришган-да.

Судья: Рус тилида тўғридан-тўғри ўзига бердими ёки сиз орқали бердими?

Гувоҳ: Ўзига беришган.

Судья: Рус тилида жавоб бердими?

Гувоҳ: Ҳа.

Судья: Ўша пайтда сизга «Таржимон керак бўлди, тушунмовчилик бўлди, таржима қил», деган жойи бўлдими?

Гувоҳ: Йўқ, 100 фоиз тушуниб бораверган. «Агар инглиз тилида муаммо бўлса», деган.

Судья: Демак, савол-жавоб рус тилида бўлди. Тушунмовчилик бўлса, айнан ўша жараённи сиз инглиз тилидан ўзбек тилига, ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилгансиз?

Гувоҳ: Ҳа, ўша, муаммо бўлган жойида.

Судья: Тушунарли. Мана, «Адвокати иштирок этди», дедингиз. Имзо қўйиш жараёнида нимага қўл қўяётганини ким тушунтирди? Адвокатми, сизми?

Гувоҳ: Адвокат ҳам тушунтирган. Мендан нималигини сўраса, мен ҳам тушунтиришга ҳаракат қилганман.

Судья: Демак, иш қанақа ҳужжатлигини адвокат рус тилида [тушунтирган], шунақа қабул қилсак бўладими?

Гувоҳ: Адвокати (гапини тугалламайди — таҳр.). Шундай бўлади, адвокати тушунтирган, ўша бўйича имзо қўйган.

Судья: Тушунарли. Саволлар борми?

Адвокат Даврон Аҳмадов: Мен қатнашганимда С.Р.П.га нимани тушунтирдим? Ҳозир «Тушунтирди», деяпсиз-да. Мен шу ерда ўтирибман, мен сиз билан бирга бўлгандим. Сиз таржима қилишингиз, тушунтириб беришингиз керак эди.

Гувоҳ: Суҳбати рус тилида бўлган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: У рус тилида маиший тилни билади, бошқа нарсани билмайди. Бу ерда ҳаммаси юридик тилда ёзилган.

Гувоҳ: Суҳбатни рус тилида амалга оширдинглар.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳа. Сиз менинг олдимда нимани таржима қилиб бердингиз?

Гувоҳ: Ҳеч нарсани. Нимадир сўраган бўлса. Мана қаранг, нимадир сўраган бўлса, қилиб берган, охирида ҳеч қандай шикоятим йўқ деган нарсада.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Биз кирдик, ўтирдик, олдимизга бир тонна ҳужжат қўйдик. Сиз қайси бирини таржима қилиб бердингиз? Мен унга таржима қилганим йўқ. Мен гаплашиб ўтирдим, «Яхшимисан, соғлиғинг яхшими, тинч ўтирибсанми, қорнинг тўқми, устинг бутми?», деб сўраганман. Мен ҳеч нарсани таржима қилмадим, мен таржимон ҳам эмасман, ундан ҳол-аҳвол сўрагандим, мен у вазифани бажармайман, чунки таржимон бор.

Судья: Майли, фикрингизни судга билдирасиз. Адвокатимиз Аҳмадов иштирок этаётган пайтда сизга терговчи томонидан шунақа савол-жавоблар бўлдими? Айта оласизми шуни? Бўлган-бўлмаганини?

Гувоҳ: Ундай бўлмаган.

Судья: Тушунмадингиз. Адвокатимиз Аҳмадов «Мен ўша жойда иштирок этганман», деди. Сизни таржима қилмаганлигингизни айтяпти. Савол қўйяпман — Аҳмадов иштирок этган пайтда савол-жавоб, тергов ҳаракати бўлдими-бўлмадими?

Гувоҳ: Тергов ҳаракати бўлган, рус тилида бўлган.

Судья: Рус тилида бўлган, сизга ҳожат бўлмаганми?

Гувоҳ: Шундай… (бир неча марта такрорлайди — таҳр.).

Адвокат Даврон Аҳмадов: Саволим бор эди.

Судья: Марҳамат.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сиз рус тилини биласизми?

Гувоҳ: Йўқ.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Билмайсиз-а?

Гувоҳ: Йўқ, инглиз тилини [биламан].

Адвокат Даврон Аҳмадов: Рус тилини билмайсиз?

Гувоҳ: Йўқ.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сўровда ким нима деб гаплашганини қандай билдингиз?

Гувоҳ: Мулоқот бўлади-ку, мулоқот бўлган пайтида.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сиз рус тилини тушунмасангиз нима бўлди, нима қўйди, тўғри савол-жавоб бўлдими, тўғри таржима бўлдими билмас экансиз-да. Рус тилини билмас экансиз-ку.

Гувоҳ: Менга «Инглиз тилидан нима муаммо бўлса, сўранглар», деганман, бўлди, шу билан жавоб берганман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Рус тилини билмайсиз?

Гувоҳ: Йўқ.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Кейин ўша вақтда 4-курс талабаси бўлгансиз, институтни битирмаган бўлгансиз?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Саволингиз йўқми бошқа?

Адвокат Даврон Аҳмадов: Саволим йўқ, илтимосномам бор эди.

Судья: Марҳамат.

(Судланувчи С.Р.П. ва гувоҳ ўртасидаги мулоқот инглиз тилида давом этди. Ўзбек тилидаги таржимаси келтирилади — таҳр.).

Судланувчи С.Р.П.: Сиз январдаги сўроқда қатнашганмидингиз?

Гувоҳ: Такрорлай оласизми?

С.Р.П.: Сиз январдаги сўроқда қатнашганмидингиз?

Судья: Сизлар қайси тилда гаплашганларингизни биз ҳам билишимиз керак-ку.

(Адвокатлар суд таржимони ҳам борлиги, шу таржима қилишини сўради — таҳр.).

Адвокат Давон Аҳмадов: С.Р.П. бунга савол беряпти, [гувоҳ] русчани билмайди-ку, шунинг учун учун инглизча савол беряпти-да. «Январда „запрос“ вақтида мен билан қатнашганмисан?», деяпти.

Судья: Сизга шунақа савол бердими?

Гувоҳ: (Бироз тўхталиб — таҳр.) шундай (Суд залидагилар кулди — таҳр.).

Судья: Бўлди, кулмаймиз.

Судланувчи С.Р.П.: Январнинг бошидан қатнашганмисиз, охириданми?

Гувоҳ: Ҳа, январда.

Судланувчи С.Р.П.: Бошланишиданми, охириданми?

Гувоҳ: Охирида.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Мен таржима қиламан.

Судья: Йўқ, тўхтанг, адвокатимиз таржима қилса, бўлмайди-да. Сизга нима деб савол берди?

Гувоҳ: «Январь ойида қатнашганмисан?», деди.

Судья: Хўп, жавоб беринг, қатнашганмисиз? Ўзбек тилида ҳам жавоб беринг, инглиз тилида ҳам жавоб беринг.

(Гувоҳ ва С.Р.П.нинг инглиз тилидаги мулоқоти яна давом этди. Ўзбек тилидаги таржимаси келтирилади — таҳр.)

Гувоҳ: Ҳа, албатта. Мен январь охирида қатнашганман.

Судланувчи С.Р.П.: Тахминан январнинг бошланишиданми ёки январь бошларидами?

Гувоҳ: Ҳа, январь ойида.

Судланувчи С.Р.П.: Сиз бўлганмисиз?

Гувоҳ: Ҳа

Судланувчи С.Р.П.: Сиз бўлганмисиз?

Гувоҳ: Январда бўлганман.

Судланувчи С.Р.П.: Январнинг охирида?

Гувоҳ: Охирида.

Судланувчи С.Р.П.: Мен январнинг бошидами деб сўраяпман.

Гувоҳ: Бошланишидан эмас.

Судья: Сизга нима савол қўйяпти?

Гувоҳ: «Январнинг бошланишидан қатнашганмисиз?», деяпти.

Судья: Хўп, кейин жавобингиз қандай бўляпти?

Гувоҳ: Январнинг охирида қатнашганман.

Судья: Кейин яна қанақа савол берди?

Гувоҳ: Бўлди, шу.

Судья: Савол «Январнинг қайси вақтидан қатнашдингиз?», жавоб эса «Январнинг охиридан қатнашдим», шунақами?

Гувоҳ: Ҳа.

Судья: Яна саволингиз борми?

Судланувчи С.Р.П.: Мен «Сўроқ январнинг бошида бўлганми?» деб сўрадим, у эса «Январнинг охирида», деб жавоб берди.

(Рус тилидаги нутқининг ўзбек тилидаги таржимаси келтирилди — таҳр.).

Судья: Бошқа саволлар йўқми? (Жимлик — таҳр.). Саволлар йўқ. Ўтириб туринг, кетиб қолманг.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли раислик этувчи, бу шахс [терговда] мен билан бирга қатнашган. Бирор марта таржима қилмаган. Бир тўп ҳужжат берилган, бирортасини таржима қилмай, ўтириб, қўл қўйиб чиқиб кетган. Иккинчи масала бўйича «Январь ойида мен терговда қатнашдим, бир нималарни таржима қилгандим», дегандек бўляпти. [Ўша пайтдаги] адвокатимиз бор, чақиришимиз мумкин, ўша пайтда қатнашган, у ҳам ҳақиқатдан тергов даврида фақат қўл қўйиб чиқиб кетганлигини тасдиқлаши мумкин. «Запрос» вақтида, терговчи савол-жавоби вақтида [таржимон] қатнашмаган. Шунинг учун ўзининг ҳимоя қилган ҳолати бўйича судга чақирсак.

Судья: Илтимосномангизда [адвокатни] чақиришни сўрайсизми, шундайми?

Адвокат Даврон Аҳмадов: Агар Тошкентда бўлса, келиши мумкин, лекин эътироз билдирмаган.

Судья: Марҳамат, ҳурматли прокуроримиз фикрингиз.

Прокурор: Бу ҳолатга суднинг ўзи баҳо бериш имконияти бор.

Судья: Тушунарли. Халқ манфаатига тааллуқли бўлган адвокатларимиз, марҳамат. С.Р.П. билан боғлиқ қўшимча айбланаётган шахслар бор. Марҳамат, A.A., Но.М.нинг адвокатлари, эътироз йўқми?

Суд залидан: Йўқ.

Судья: Тўлиқ қўллаб-қувватлайсизларми?

Суд залидан: Судга ҳавола.

Судья: Ҳеч кимга эътироз йўқми? Адвокатларимиз?

Суд залидан: Йўқ.

(Судья залдаги барча адвокатларнинг фамилияси билан мурожаат қилиб яна сўраб чиқди. Улар судга ҳавола қилишлари ёки эътирозлари йўқлигини билдиришди. Судланувчилар ҳам шундай: судга ҳавола қилишди ёки эътирозлари йўқлигини билдиришди — таҳр.).

Тилхат эҳтиёт чораси билан озодликда юрган судланувчилар: ОАВ ходимлари бизни съёмка қилмасин.

Судья: Оляпсизларми?

Операторлар: Йўқ.

Судланувчилар: Бизга қаратиб қўйилган, ёқиқ турибди.

Судья: Бўлди, тартибга риоя қиламиз. Эътирозларинг бўлса, судга билдирасизлар. Мен сўрадим, «Олмаяпмиз», деди. Агар суднинг рухсатисиз оладиган бўлса, огоҳлантириш бўлса, муносабат билдириш бўйича фикр билдириш мумкин. Олиш мумкин эмас.

Судланувчилардан бири: Интернетларга чиқиб ётибмиз, чиройли бўлиб.

Судья: Муҳтарам процесс иштирокчилари, адвокатларимиз томонидан келтирилган илтимоснома қаноатлантирилмасдан қолдирилди. Биз иш ҳолатига судда сўроқ қилиб аниқлик киритдик. Жиноят иши ҳужжатларида таржимон қатнашган жараёнидаги сўроқ билан боғлиқ ҳужжатлар иш ҳужжатларига [тикилган]. Иш ҳужжатлари доирасида суд адвокатлар музокара давомида билдирган фикрлардан баҳо бериши мумкин деб ҳисобладик.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Тушунарли, раҳмат.

Ҳинд тили таржимони кўрсатмаси

Судья: Марҳамат, кейинги таржимонимиз (суд зали ташқарисидан навбатдаги гувоҳ чақирилди — таҳр.). Марҳамат, ўзингизни таништиринг.

Гувоҳ: Нурматов Сирожиддин Султонмуродович.

Судья: Қачон, қаерда туғилгансиз?

Гувоҳ: 1977 йил Тошкент шаҳрида туғилганман.

Судья: Миллатингиз?

Гувоҳ: Ўзбек.

Судья: Маълумотингиз?

Гувоҳ: Олий

Судья: Эгаллаб турган лавозим?

Гувоҳ: Доцент.

Судья: Қаерда?

Гувоҳ: Тошкент давлат шарқшунослик [университети] доценти, филология фанлари номзоди.

Судья: Оилангиз борми?

Гувоҳ: Бор.

Судья: Нечта фарзандингиз [бор]?

Гувоҳ: Иккита фарзандим бор.

Судья: Манзил?

Гувоҳ: Чилонзор тумани (уй манзилини ҳам айтди — таҳр.).

Судья: Муқаддам судланганмисиз?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Наркологик, психологик диспансерда рўйхатда турасизми?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Судланувчиларимизни танийсизми?

Гувоҳ: Ҳиндистонлик фуқарони танийман.

Судья: Олдиндан танирдингизми ёки тергов жараёнида танидингизми?

Гувоҳ: Тергов жараёнида танидим.

Судья: Марҳамат, шахсига оид саволлар бўлса, муҳтарам прокуроримизда?

Прокурор: Савол йўқ.

Судья: Шахсига оид саволлар, адвокатимизда, марҳамат.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Маълумотингиз ҳақида. Қаерда, қачон ўқигансиз?

Гувоҳ: 1999 йил Тошкент давлат шарқшунослик институти бакалаврини, 2004 йил аспирантурани тугатганман. Бакалаврни Шарқ тиллари филологияси йўналишининг ҳиндий тили ва адабиёти бўйича тугатганмиз.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Шарқий тилларга инглиз тили кирадими-йўқми?

Гувоҳ: Йўқ, кирмайди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Бўлди, бошқа саволим йўқ.

Судья: Тушунарли, яна саволлар борми? (жимлик — таҳр.).

(Судья гувоҳга ёлғон кўрсатма учун жавобгарлик борлигини билдирди, у қасам-имзога қўл қўйди. Судья гувоҳнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб ўтди — таҳр.).

Судья: Марҳамат, биз кўрдик, жиноят иши бўйича терговчининг 2022 йил 27 декабрдаги қарори бор. Яъни, биринчи жилд, 194-томон. Сиз таржимон сифатида жалб қилиняпсиз. Савол — тергов жараёнида қайси ҳужжатларнинг [таржимасида бўлдингиз], қайси тергов жараёнида таржимон сифатида қатнашдингиз ва қайси давргача қатнашдингиз?

Гувоҳ: Дастлабки масала бўйича тергов жараёни бошланганда мени ҳиндий тили мутахассиси сифатида жалб қилишган эди. Биринчи сафар Юнусободда таржимонлик қилишга тўғри келди. Лекин очиғини айтганда, бу киши рус тилини яхши билганликлари учун суҳбат жараёни рус тилида бўлган. Кейин охирида буларга протокол баённома шакли келган. Ҳам рус тилида, баъзи жойларида ҳиндий тилида тушунтирилган.

Кейингисида, албатта, адвокат билан учрашув бўлди. Унда деярли рус тилида суҳбат давом этди. Кейин кўпроқ ўзимнинг сессияларим, талабаларим билан банд бўлганим учун, булар инглиз тилини ҳам, рус тилини ҳам яхши билганликлари сабаб кўпроқ банд бўлишим, боролмаслигим мумкинлигини айтдим. Кейингиларида мен иштирок этганим йўқ.

Судья: Демак, декабрь ойидаги тергов жараёнида иштирок этгансиз, шунақами?

Гувоҳ: Ҳа, дастлабкисида.

Судья: Январда ҳам иштирок этдингизми, йўқми?

Гувоҳ: Икки марта.

Судья: Савол-жавоблар, терговчи билан судланувчининг ўртасидаги суҳбатлар қайси тилда бўлди?

Гувоҳ: Асосан рус тилида бўлди.

Судья: Ўшанда таржимон қатнашдими, йўқми?

Гувоҳ: Иккинчисида адвокатнинг ўзлари таржима қилганлар, биринчисидаям рус тилида бўлди. Баъзи жойларида ҳиндийда тушунтиришга тўғри келди. Лекин агар 10 фоиз ҳиндий тилида бўлган бўлса, қолган 90 фоизи рус тилида эди.

Судья: Тушунарли. Рус тилида таржимон керак бўлдими, йўқми?

Гувоҳ: Йўқ, терговчи ёки адвокат билан ўзлари гаплашдилар.

Судья: Нурматов, сизга савол, тергов жараёнида ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлдими? Сиз тазйиқ, босим ўтказиш, тан жароҳати етказиш билан боғлиқ, куч ишлатиш [ҳолатларининг] гувоҳи бўлдингизми?

Гувоҳ: Масалан, ким томонидан тазйиқ?

Судья: Тергов органи томонидан судланувчига тазйиқ.

Гувоҳ: Йўқ, мен кўрмадим, тазйиқ бўлмади.

Судья: Ноқонуний хатти-ҳаракатлар сиз томонингизда амалга оширилганми? Ҳужжатларга қўл қўйишга мажбурлаш.

Гувоҳ: Йўқ, мажбурлаш бўлгани йўқ. Ўзлари ҳам тушундилар, қайта-қайта рус тилида ҳам айтилган.

Судья: Марҳамат, прокуроримиз савол борми?

(Адвокат Даврон Аҳмадов ҳимоясидаги судланувчи С.Р.П.нинг ёнига ўтиб суҳбатлашишни бошлади — таҳр.)

Судья: Даврон ака, бунақа пайтда битта нарсани қабул қилинг, суд бошланишидан олдин судланувчи адвокати билан гаплашиши мумкин, суд сўроғи бошланган пайтда бунақа рухсат берилмайди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Тушунарли, қайтарилмайди.

Судья: Марҳамат, прокуроримиз саволларингиз борми?

Прокурор: Йўқ.

Судья: Марҳамат, Даврон ака, саволингиз борми?

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сизнинг диплом ишингиз қанақа бўлган?

Гувоҳ: Диплом ишимнинг нимаси — мавзусими?

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳа. Таржимонликка алоқаси борми-йўқми, шуни сўраб қўяй дегандим.

Гувоҳ: Айтяпман-ку, бизнинг мутахассислигимиз ҳиндий тили ва адабиёти ўқитувчиси.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Илмий ишингиз-чи?

Гувоҳ: Илмий ишимни 2005 йил, «Ҳиндий ва cингал тилларида соннинг морфологик хусусиятлари» мавзусида ёқлаганман. Мен ҳиндий тилида эдим. Булар рус ва инглиз тилини яхши билганлари учун биз икки марта ишлаганмиз.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Жами икки марта боргансиз-а? Биринчиси, 27 декабрда борган экансиз.

Гувоҳ: Орада Юнусободга ҳам [бордим]. Булар [С.Р.П.] рус тилини яхши билади дейилган. Ҳозир [адвокатнинг] фамилиялари эсимда йўқ, ҳали булар [Даврон Аҳмадов] келмовдилар. «Келганингизга раҳмат», дейишди, мен унга қатнашмадим.

Юнусобод туман судида ҳам бир йиғилиш бўлди. Унда мен қатнашмадим, келдим, суд жараёни ҳали бошланмаган эди. «Келганингизга раҳмат», дейишди. Мен уларга ҳам ҳиндий тили бўйича мутахассислигимни айтдим. Кейин қатнашмадим, иккитасида қатнашдим. Яъни, Юнусободдаги тергов жараёнида.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Юнусободда мен бор эдим.

Гувоҳ: Ҳа, ўшанда мен сизни кўргандим, учрадим, кетдим. Чунки керак бўлмайсиз дейишди, чиқиб кетдим.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ўша судда ҳам тил қоидаси бузилган-да, таржимон берилмаган. Майли, бу бошқа масала. Қаранг, мистер С.Р.П. ўзбек тилини билармиди, билмасмиди, хабарингиз йўқмиди?

Гувоҳ: Уни билмадиму, лекин рус тилида жудаям яхши гапираётгандилар. Ўзбек тилини мен эшитмадим, билиш, билмасликларини ҳам билмайман.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сизни ҳинд тилидан таржимон сифатида деб олиб келишдими?

Гувоҳ: Ҳа, ҳинд тилидан.

Адвокат Даврон Аҳмадов: 27-[декабрь] куни нега ҳинд тилидан таржима қилмадингиз? Мана, протокол имзоланган экан, 27 декабрь куни гумон қилинувчи С.Р.П., таржимон С.Нурматов, терговчи [Ёқубов] томонидан хатти-ҳаракатлар амалга олиб борилган. Гумон қилинувчи тариқасида дастлабки сўроқ бўлган, адашмасам. У ерда икки варақлик сўров баённомаси қилинган. Ва ўша ерда сиз нега ҳинд тилидан таржима қилиб бермадингиз?

Гувоҳ: Чунки у ерда рус тилида суҳбат бўлди-да.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Суҳбат бўлди? [Суҳбат керак бўлса], хитой тилида бўлмайдими, лекин ҳужжати ўзбек тилида. Энди бу ўзбек тилини билмайди-да. Майли, 8 та тилда гаплашсин, қўл қўйган ҳужжатда протоколда нима ёзилганини билмайди-да. У рус тилида бир кун[лаб] гаплашиши мумкин, лекин агар ҳужжат ҳам рус тилида бўлганда эди, ёрдам учун гоҳида ҳиндча керак, деб тушунсак бўларди. Лекин у ерда ёзилган мана бу ўзбек тилидаги сўров баённомасини нега таржима қилиб бермадингиз?

Гувоҳ: Тўғри, у ерда таржима қилинди. Ҳамма рус тилидаги суҳбатлар айтганингиздек ўзбек тилида протоколлаштирилган, кейин мен уларга таржима қилдим. Қисқача шаклда қаерда туғилгани, нима масала кўтариляпти, вилоятларда нечта нобуд бўлган фарзандлар, нима ёзилган бўлса, ҳаммаси айтилган. Умуман ҳиндийда гапирма деган жойи йўқ.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Йўқ, ҳиндийда гапирилгандир, лекин сўров баённомасини ҳеч ким таржима қилиб бермаган.

Гувоҳ: Қилиб бердим-ку, мана ўша куни иштирок этганлардан сўрашинглар мумкин.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Сўраб олсак бўладими, юзлаштириб.

Судья: Марҳамат.

(Адвокат ва судланувчи рус тилида мулоқот қилган. Таржимаси келтириляпти — таҳр.).

Адвокат Даврон Аҳмадов: Жаноб, С.Р.П., қаранг, шошмасдан [жавоб беринг]. 27-[декабрь] куни болалар [ўлими] бўйича рус тилида сўроқ протоколи бўлган. Жаноб таржимон болалар [ўлими] бўйича рус тилида тузилган сўроқ баённомасини тўлиқ ҳинд тилига таржима қилганини айтяпти. Бу ҳақиқатми ёки йўқми?

Судланувчи С.Р.П.: Йўқ, бундай эмас. У ҳам сизга ўхшаб кечиктирилди. Бир ҳамкасбим билан [шундай] хулоса қилдим. Бир сайтдан қандайдир 186-модда тушунтирилган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Қайси модда билан ҳибсга олинганингизни тушунтирди, тўғрими?

Судланувчи С.Р.П.: Узр, такрорланг.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Яъни, қайси модда билан, нима билан қамалганингизни тушунтириб берди.

Судланувчи С.Р.П.: Ҳа.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Лекин у сўроқ протоколини таржима қилмади.

Судланувчи С.Р.П.: Йўқ.

Гувоҳ: Мен бу кишига ҳиндча гапирсам бўладими?

Судья: Йўқ-йўқ, ўзбек тилида фикрингизни билдираверинг. Гапига тушундингизми?

Гувоҳ: Ҳа, тушундим. Таржима қилганман, булар ҳаммасига бошларини қимирлатиб, «Tушундим-тушундим», деб турганлар. Бошидан охиригача рус тилида тушунганликлари учун мана бу масалалар «Док-1 Макс» ва ҳоказо, у қайси моддалар, ҳаммасини тушунганлар, кейин қўл қўйганлар. Қайта-қайта кўрилган.

Судья: Тушунарли. Яна саволлар борми?

Гувоҳ: Видеокамера [бор], шундан кўриш мумкин.

Судья: Саволлар борми?

Адвокат Даврон Аҳмадов: Иккинчи марта, январда келганингизда нима бўлди?

Гувоҳ: Мен январда умуман таржима қилмадим. Чунки суҳбат бошидан-охиригача рус тилида бўлди, адвокатлари ҳам бор эди. Яъни адвокат терговчимизнинг саволларини буларга рус тилида тушунтирдилар, шу тариқа давом этган.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Адвокат ким эди?

Гувоҳ: Фамилиялари эсимда йўқ.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Эркак кишимиди?

Гувоҳ: Эркак киши.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Тўлачадан келган-а?

Гувоҳ: Ҳа.

Адвокат Даврон Аҳмадов: У адвокат буёққа таржима қилди?

Гувоҳ: Рус тилида?

Адвокат Даврон Аҳмадов: У адвокат русчани яхши билмайди (кулади — таҳр.).

Гувоҳ: Энди билмадим.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Демак, ҳинд тилига эҳтиёж бўлмади, сиз иккинчи марта таржима қилмадингиз?

Гувоҳ: Йўқ, иккинчисидаги бутун суҳбат жараёни рус тилида бўлди. Кейин дарсларимга халақит бергани учун мен бошқа қатнашганим йўқ.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Тушунарли, саволим йўқ.

Судья: Кимда савол бор? (жимлик — таҳр.). Ҳеч кимда савол йўқ. Хўп, раҳмат.

Гувоҳ: Соғ бўлинглар.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли раислик этувчи, ҳозир таржимонимиз айтиб ўтдилар. Яъни иккинчи марта январь ойида борилганда… (судья адвокатнинг гапини бўлади — таҳр.).

Судья: [Нурматов, Норматов], иккаловингиз ҳам кетишингиз мумкин.

Адвокат Даврон Аҳмадов: [Яъни иккинчи марта январь ойида борилганда] таржимон икки марта [ҳам] таржима қилмаганини айтиб ўтдилар, адвокат таржима қилган деяптилар. Мен биламан, ўша вақтдаги адвокат рус тилида таржима қилиб бериш қобилиятига эга эмас, инглиз тилини умуман билмайди. Ҳозир бундан кўриниб турибдики, С.Р.П. нима бўлганини умуман тушунмаган, ўзининг она тилида ва ўзи эркин тилда суҳбатлашиш ва ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Судья: Тушунарли. Музокарада фикрингизни билдирасиз, маълумот учун қабул қилдик.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Раҳмат.

Судья: Тарафларимиздан бошқа илтимосларимиз борми? Марҳамат.

Адвокат Ҳусанов: A.A.нинг манфаатлариданман. Биз адвокатлик сўрови юборгандик/олгандик. Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, хавфсизлик ходимлари томонидан, 2022 йил 25 майда 12 та корхонанинг дориси Давлат маркази томонидан GMP инспекциясига тушган. Биз шу маънода [изоҳ сўрагандикки], шу кунгача нечтаси инспекциядан ўтди, нечтаси ўтмади? [Маълум қилинганига кўра], 2022 йил эълон қилингандан, 2023 йил ноябрь ойига қадар 4 та дори ўтган. Бу бизга нима беради? Ҳақиқатдан ҳам шу «Кураракс» дориси инспекцияга тушганда Давлат маркази уни ўтказмаслик эҳтимоли жуда [катта] бўлган. Шунинг учун иш ҳужжатларига қўшишни сўрайман.

Судья: Тушунарли, жиноят иши ҳужжатларига қўш[ил]ди. Томонларимиздан бошқа илтимосномалар [борми?]

Судланувчи A.A.: Шу жавоб хатига қўшимча ҳам қилмоқчи эдим. Ҳурматли раислик этувчи, шу жавоб хатида 12 та корхонадан 4 та корхонa GMP сертификати олган бўлса, қолган 8 та дори воситаси инспекцияга тушган корхоналарни 2022 йил 25 майдан 2023 йил ноябрь ойига қадар гувоҳномаси бор дори воситалари кириб келган маълумот ҳам бор.

Судья: Тўхтатилмаган демоқчисиз-да?

Судланувчи A.A.: Яъни тўхтатилмаган. Худди шу «Марион»га ўхшаган гувоҳномаси бор, кириб келган, лекин инспекция бир ярим йилдан бери ҳали ўтказилмаган, туриб турган корхоналар бор. Бу айнан 25 майда тушган.

Судья: Тушунарли. Бошқа илтимосномаларимиз борми? Марҳамат, Ш. Ш.

Судланувчи Ш. Ш. кўрсатмаси

Судланувчи Ш. Ш.: Ассалому алайкум, ҳурматли раислик этувчи, ҳурматли прокурор, ҳайъат аъзолари. Мен суднинг бошида, ўзи [атиги] учта илтимоснома киритганман. Биринчиси, «Тарирекс» бўйича. «Агар олган бўлсам, илтимос, менга айтинг», дедим. Тергов давомида «Судда билиб оласан [дейишди]», суд давомида «Маърузада (музокaра демоқчи шекилли — таҳр.) билиб оласан», деб айтиляпти-да. 210-модда бўйича ҳалиям тушунмаяпман — пулни кимга берибман, нима қилибман? Майли, унга эмас (Жиноят кодексининг 210-моддаси пора олиш ҳақида — таҳр.).

Мен битта нарсани айтмоқчиман — менга қарши берилган ҳамма кўрсатмалар босим остида берилган. Фақатгина С.Р.П.дан эмас, бу ерда бир хил эркаклар ўтирибди, олдида [кўрсатма] мендан айнан менга нисбатан тазйиқ [учун] олинганини билиб турибди. Шунчаки оиласидан, хотинидан, фарзандларидан [қўрқади]. Биз ҳам эркакмиз-ку, уёқда ҳамманинг хотини бор, синглиси бор, тўғрими? «Хотинингни олиб келиб тиқиб қўяман, шаънига теккизаман», деган гаплардан кейин кўрсатмаларини мажбур бўлиб берган.

Судья: Бу кўрсатувлар [тўғри келди]. Сиз айнан… (судланувчи судьянинг гапини бўлади — таҳр.).

Судланувчи Ш. Ш.: Бу тазйиқ менга ҳам бўлган. Сизларга жуда [келган бўлса], менинг ҳам қулоғимнинг ўнг томони ҳозир унча яхши эшитмаяпти. Бу Давлат марказидан кейин терговга келгандан кейин бир марта эмас, бир неча бор бўлгандан кейин бўлган. Буни мана бу ерда учта киши ҳам олдида ўзига қарши кўрсатма бериши бўйича менга нисбатан шунақа жисмоний ва маънавий тазйиқлар бўлганини кўрган.

Мен бу нарсани айтмоқчи эсмасдим. Шунчаки сизлар тўғри тушунинглар, бу ерда бир киши ёлғон гапириши мумкин, икки киши ёлғон гапириши мумкин, лекин ҳамма ўтирибди-да. Ҳеч қайси судда ҳимоя қилаётган адвокатлар, мен ҳеч кимни бу ерда айбдор демаяпман.

Лекин ҳамма ўзига [гап навбати] келганда, кўрсатмалар берганда кўриб турибсизлар, 186-моддадан қўрқиб, фарзандидан ёки турмуш ўртоғидан қўрқиб [гапирган]. Масалан, оддий Азиз Файзаматович ҳам 4 августдаги 21-экспертлар кенгашида «Бу ўтмайди, бунақа бўлмайди бу», дегандан кейин 186-модда билан ўзининг ўғли [ўтирганлигидан] кейин нимагадир кўрсатмани ўзгартиряпти. Ўзиям 186-модда билан ўтирганлиги учун ўзгартириб турибди, мен бунга ҳайронман.

(Жиноят кодексининг 186-моддаси «Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш» ҳақида — таҳр.).

Лекин, ҳурматли раислик этувчи, битта илтимосим, адолат ёки ҳақиқат бўлиши учун. Ҳозир мени текширтирсак, қулоғимнинг биттаси пардаси йиртилган бўлиб чиқади ёки эшитмайдиган бўлиб чиқаман. Ҳозир ҳеч кимга эътирозим йўқ. Булар ҳаммаси, масалан, кимдир синглисидан, кимдир хотинидан, кимдир 186-моддадан қўрқиб, бўйинига олган. Лекин ҳеч қайсиси 33 минг, 45 минг доллар олдим деган ёзув, кўрсатма бергани йўқ. Сабабини айтаман, чунки унақа нарса бўлгани йўқ. Ҳаммамиз эркакмиз, ҳаммамиз инсонмиз.

Лекин 6 ойдан бери суд давомида менга «Мана бу менга берди, мана бу менга таклиф берди, мана бу менга илтимос қилди», деб гапиргани йўқ. Ташқарида қатнайдиган айрим [судланувчилар] ҳам менинг қанақа аҳволдалигимни кўриб турди. Тўғри, буларни тушунаман. Ўзларининг ҳаётидан қўрқади, ишидан қўрқади. Лекин «Ш.Ш. Гитлерни ўлдирди», деса, Ш. Ш. Гитлерни ўлдирган бўлмайди-ку. Фақат кўрсатма билан ўтирадиган замонлар ўтиб кетди-ку.

Судья: Тушунарли.

Судланувчи Ш. Ш.: Менинг энди илтимос қилганим, кечирасиз, гапингизни бўлдим, ҳурматли раислик этувчи. Мен бир кишига кўрсатма беришим керак эди. Мен олмаган одамимга кўрсатма беролмайман. Кимга кўрсатма беришим кераклигини ҳамма билиб турибди.

Суд залидан кимдир: Кимга?

Судланувчи Ш. Ш.: Тўғрими, Сардор ака (Фармагентликнинг собиқ раҳбари, судланаётган Сардор Кариевга қаради — таҳр.). Сиз «Уч кун ўтирганман», дедингиз, мен 17 кун ўтирдим. Сиз менинг гапимдан хафа бўлманг, лекин сизга туҳмат қилганим йўқ. Мен сиз билан гаплашмаганман ҳам, мен сизга илтимос ҳам қилмаганман, мен сизга бирор ишда илтимос қилиб хонангизга ҳам кирмаганман. Сиз менга мана бу ерда «Ш.Ш. туҳмат қилди», [дедингиз]. А.А.га ҳам, Но.М.га ҳам мен ҳеч қачон пулга ҳам илтимос ҳам қилмаганман. Менга бу нарсани айтолмайсиз ҳам.

(Ш.Ш. суд залидаги қамоқ микрофонининг олдига бориб турган ҳолда Сардор Кариевга қараб гапирган бўлса, Сардор Кариев ўриндиқда ўтирган ҳолда унинг ҳар бир гапига бошини имлаб, тасдиқлаган ҳолатда турди — таҳр.).

Нима учун менга «[Мана бундай] бўлди», деяпти? Чунки мен сиздан муттаҳам эмасдим. Шунинг учун мен сиз билан очиқча гаплашганман, очиқча бўлган. Сўраганларингизда ҳам, мажлисда ҳам, Ш. Ш. нима бўлган деганингизда «нормалний» гапирганимда, сабаби мен очиқча сўраганим, мен сиздан муттаҳам бўлмаганман. Сиз ҳам мендан муттаҳам бўлмагансиз.

Мана бу ерда 6 ойдан бери циркдек ўтяпти, «Қундуз бобонинг эртаклари». 33 минг доллар олган эканман, лекин 33 минг доллар олган одамим, кимга берганимни билмайман. Берган одам «отказ» қилиб кетяпти.

Судья: Ш. Ш., битта нарсани қабул қилинг.

Судланувчи Ш. Ш.: Илтимос.

Судья: Битта нарсани. Айблов ўқиб эшиттирилди… (судланувчи судьянинг гапини бўлади — таҳр.).

Судланувчи Ш. Ш.: Менга шунчаки… (судья судланувчининг гапини бўлади — таҳр.).

Судья: Эшитинг аввал. Айблов ўқиб эшиттирилди, ҳозир сизга «Мана бунақа бўлди», деб суд ҳам тушунтириш бермайди, бошқаям тушунтириш бермайди, ваколати йўқ. Суд қарорини, нима фикрга келганини иш бўйича, якун бўйича қарор қилган ҳужжатда кўрсатади.

Судланувчи Ш. Ш.: Яхши.

Судья: Сиз олдиндан менга исботлаб беринглар [деяпсиз]. Сизга олдиндан томонлар фикрини билдиришга томонлар йўл қўймайди-да.

Судланувчи Ш. Ш.: Менга берилган кўрсатмаларни бекор қилишингизни ва иложи бўлса, мана бу ерда «Экспертлар кенгаши 12 марта тўхтатиш мумкин», деганини асослаб беролмагани учун уни ҳам бекор қилишингизни илтимос қиламан.

Судья: Бўлди, суд сизнинг фикрингизни инобатга олди. Илтимосноманинг мазмуни нимадан иборат бўлади?

Судланувчи Ш. Ш.: Менгаям тазйиқ бўлган, менгаям жисмоний… (гапини тугалламайди — таҳр.). Ҳам қулоғим, ҳозир ҳам гапирсангиз, ўнг қулоғим билан унча яхши эшитмайман. Менга берилган ҳамма кўрсатмалар ўзимнинг олдимда ва мендан ташқари ҳам босим билан олинган. Ўзидан, ҳаётидан қўрқиб… (судья судланувчининг гапини бўлади — таҳр.)

Судья: Қайси кўрсатувингиз босим остида берилган?

Судланувчи Ш. Ш.: Ҳаммаси. Мен эмас, менга қарши берилган, деяпман. Мен ундан олдинги илтимосномамда Менглиқулов Салим акадан ташқари ҳеч қайси кўрсатмамни тан олмайман, деб ёзиб илтимос қилиб берганман.

(Менглиқулов судланувчи Ш. Ш.нинг ҳимоячиси — таҳр.)

Судья: Тушундик уни, уни қабул қилдик. Сиз ҳозир… (судланувчи судьянинг гапини бўлади — таҳр.)

Судланувчи Ш. Ш.: Менга берилган кўрсатувлар… (судья судланувчининг гапини бўлади — таҳр.)

Судья: Битта нарсани ҳал қилиб олайлик, ҳозир тушунарсиз бўляпти-да. Мана, «Босим бўляпти», деяпсиз, сизни тергов жараёнида 210-модда бўйича ҳам ариза иқрорини билдиргансиз.

Судланувчи Ш. Ш.: Иқрор бўлмаганман.

Судья: Иқрор бўлмагансиз, хўп. Сизга нисбатан кўрсатув олишда кимга тазйиқ бўлди, айтинг.

Судланувчи Ш. Ш.: Менга нисбатан олиш бўйича A.A., Но.М., ўзимга ва тадбиркор Рўзиохунов билан Ж.Э.га бўлган. Мен ўзим кўрган, эшитган гапларимни гапиряпман. Мен биров кўрган ёки битта хонага ўтирган… (судья судланувчининг гапини бўлади — таҳр.).

Судья: Тушунарли. A.A… (судланувчи судьянинг гапини бўлади — таҳр.)

Судланувчи Ш. Ш.: Буни оддий қилиш мумкин, агар булар қўрқиб «отказ» қилса, ХXI асрдамиз, ҳамма ерда видеокамера бор, ўшаларни кўтариб кўришингиз мумкин.

Судья: Тушунарли. A.A., Ш. Ш.га нисбатан кўрсатув олиш бўйича сизга тазйиқ бўлдими?

Судланувчи A.A.: Ҳурматли раислик этувчи, агар рухсат берсангиз, саволингизга жавоб бермайман, жавоб бермаслик ҳуқуқидан фойдаланаман.

(Қамоқда турган Ш. Ш. тик турган ҳолатда бошини силкитиб кулиб қўйди — таҳр.).

Қўшимча қилиб айтмоқчиман, мен суд тергови давомида кўрсатма бердим ва ўшани тасдиқлайман.

Судья: Мен сизга [олдинги судлардан бирида] савол берганимда «Тазйиқ ўтказилмаган», дегандингиз. Ўтказилганми, йўқми?

Судланувчи A.A.: Тергов пайтидамас, тергов пайтида ўтказилмаган. Лекин мен кўрсатмаларимни… (судья судланувчининг гапини бўлади — таҳр.).

Судья: Тушундим.

Судланувчи A.A.: Дастлабки терговнинг эмас, суд терговининг ишини тасдиқлайман.

Судья: Тушунарли. Мана, тазйиқ ҳақида сўралди, тазйиқ бўлмаганми?

(Судланувчи A.A. овоз чиқариб гапирмади, аммо «йўқ» маъносида бошини қимирлатиб қўйди — таҳр.).

Судья: Раҳмат, ўтиринг.

Судланувчи Ш. Ш.: Савол берсам майлими, олдингизда?

Судья: Марҳамат.

Судланувчи Ш. Ш.: A.A., оддий, ростан айтинг, беш маҳал намоздасиз-а? Сиз «Валес» дори воситаси, кейин яна қайсидир дори воситасидан мендан ёки Но.М. пул олиб ёки пул бериб, шунақа гап бўлганми?

Судланувчи A.A.: Йўқ, бўлмаган.

Судланувчи Ш. Ш.: Энди саволим, сизга мана шу нарсаларни ёзишга, ҳозир кўрсатмангиздан воз кечяпсиз, ким мажбурлади?

(Судланувчи A.A. гапирмади — таҳр.).

Судья: Бўлди, «Тазйиқ бўлмади», деган жавобни берди.

Судланувчи Ш. Ш.: Бўлган, ҳурматли раислик этувчи. Бунинг исботи камералардаги «запис»дан.

Судья: Но.М., сизга тазйиқ бўлганми?

(Судланувчи Но.М. ҳам бирор оғиз сўз айтмай, бошини «йўқ» тарзида қимирлатиб жавоб берди — таҳр.).

Судья: Бўлмаган-а? Раҳмат, ўтиринг. Бошқаларда саволлар йўқми илтимоснома бўйича? Марҳамат.

Адвокат Менглиқулов: Рухсат берсангиз, Ш. Ш.га саволим бор эди.

Судья: Марҳамат.

Адвокат: Ш. Ш., ҳозир «Менга босим ўтказилди, ўнг қулоғим эшитмайди, пардаси йиртилган», дедингиз. Бу қачон содир бўлган?

Судланувчи Ш. Ш.: Бошида келганимизда терговхонага кирсам, Но.М. бор эди. «Кимга бергансан пулни?», деб сўради. Мен тушунмай, «Қайси пулни?», дедим. Но.М. ўтирганди, у нимадан қўрқаётганини ҳам мен билиб турибман. Кейин Но.М.нинг кўзининг олдида бир неча марта жисмоний тазйиқ бўлди. Ундан кейин ҳам бир неча марта ҳар келганда… (гапини тугалламайди — таҳр.).

Охири иш ёпилгандан кейин мен сўраганимда «Судда билиб оласан нимага айбдорлигингни», [деди]. Ва буларнинг олдида ҳам айтган, «Ш.Ш., сени бир йилга бўлса ҳам қамайман», деган. «Нимага?», деганимда «Бир йилга бўлса ҳам қамайман», деган. Мен айтганман «Менинг ваколатимда бўлмаса, мен ҳеч кимга бермаган бўлсам, ‘Мендан ҳеч ким олмадиʼ, деяпти», десам… (адвокат унинг исмини айтиб гапини бўлади — таҳр.). Қўл билан айнан Но.М.нинг олдида ҳам урган.

Ш. Ш. уни ким урганини айтади.

Адвокат: Шунинг орқасидан жароҳат етган деб ҳисоблайсанми?

Судланувчи Ш. Ш.: У нарсани аниқ биламан. Чунки гапирсам, бир пайтлари қулоғим оғир бўлади ёки сал ғира-шира эшитаман.

Адвокат: Фақат қулоққа урганми ёки тананинг бошқа [қисмларига ҳамми]?

Судланувчи Ш. Ш.: Танага, ҳамма еримга урган. Қўлимга ҳам, оёғимга ҳам, белимга ҳам.

Адвокат: Қачон бўлган бу ҳолат?

Судланувчи Ш. Ш.: 2023 йилнинг январь ойидан июль-августгача.

Адвокат: Бошқа саволим йўқ.

Судья: Битта нарса-да, мана, неча марта тазйиқ бўлди деган нарсалар бўлиб келяпти, илтимосномалар берилиб келяпти, экспертизалар тайинлаяпмиз, кўряпмиз, тайинлаяпмиз. Суд августда бошланганди, нега шу вақтгача айтмадингиз?

Судланувчи Ш. Ш.: Чунки мен ҳақиқатни кутдим, ўзимдан қўрқдим, оиламдан қўрқдим. Менга айтилган гапларни мен ўзим биламан, ҳозир бу ерда айтиб юборсам, кечирасилару… (гапини жуда тез ва тушунарсиз гапирганидан тушунишнинг имкони бўлмади — таҳр.).

Судья: Яна кимга тазйиқ ўтказилган? Биратўла ҳаммага тайинлаймиз-да. Борми судланувчиларнинг орасида? (суд залида овози чиқмайдиган, фақат юзда ифодаланадиган кулги пайдо бўлди — таҳр.).

Судланувчи Ш. Ш.: Гапирса бўладими? (кулиб гапини давом эттиради — таҳр.) Ҳурматли судья, ҳаммага айтган, шунчаки булар қўрқиб ўтирибди. Чунки ҳақиқат йўқ.

Судья: Майли. Но.М., сизнинг олдингизда ўзига тазйиқ ўтказилганини айтяпти. Шунақа ҳолат бўлганми, урганини кўрганмисиз?

Судланувчи Но.М.: Мен шу саволга жавоб бермаслик ҳуқуқимдан фойдалансам бўладими, ҳурматли раислик этувчи?

(Ш.Ш. яна тик турган ҳолатда кулиб, суд залига қарайди — таҳр.).

Судья: Бўлади. Энди бизга муҳимроқ-да, урганини кўрганмисиз-йўқми? Жавоб берсангиз яхшироқ бўларди, ҳуқуқингиз бор.

Судланувчи Но.М.: Шу ҳуқуқимда фойдаланаман.

Судья: Тушунарли.

Судланувчи Ш. Ш.: Ҳаммаси тушунарли бу ерда. Бундай бўляпти-да, кичкина бола ўтирибди, сени урдингми, урдингми деяпти. Орқасида отаси ўтирибди, ҳозир кетади аянг, сен мен билан қоласан деяпти. Ҳозир биз ҳам кетамиз-да. Тушунарли бўлиб турибди-да, ҳурматли раислик этувчи.

Мен норозиман, ҳеч қайси терговда ҳам, мана бу ерда суд жараёнида ҳам ҳақиқат, адолат, демократия, Янги Ўзбекистон деяпсизлару, кечирасизлару, оддий бир 33 мингни кимга берганим аниқ бўлмаяпти. Бу ерда ҳаммаси қўрқиб ўтирибдию.

Судья: Мен сизга тушунтириб бердим Ш. Ш., адвокатингиз бор. Сизга ким тушунтиришини хоҳлайсиз? Судья тушунтириб берсинми? Мен сизга «Иш бўйича қарорда фикримизни билдирамиз», деб тушунтирдим, прокурор ҳам тушунтириб берди. Фақат адвокатингиз сиз билан гаплашади. Сизга қонунни тушунтиришга ҳаракат қиляпман, тушунишга ҳаракат қилмаяпсиз.

Судланувчи Ш. Ш.: Узр.

Судья: Ўтиринг, Ш. Ш. Ж.Э., сиз шунақа тан жароҳати етказилганига гувоҳ бўлганмисиз? «Шунақа ҳолатлар бўлди, Ж.Э. ҳам бор эди, қарши кўрсатма бериш ҳақида ҳаракатлар бўлди», деяпти.

Судланувчи Ж.Э.: Менга нисбатан тазйиқ бўлмаган ва мен ҳеч қанақа гувоҳ бўлмаганман.

Судья: Мана, сиз Ш. Ш.га кўрсатма бергансиз-да, шу кўрсатувни «Тазйиқ остида олиш ҳолатлари бўлди», деяпти.

Судланувчи Ж.Э.: Йўқ-йўқ, тазйиқ бўлмаган.

Судья: Илтимосномалар бўлмайдими?

Адвокат Менглиқулов: Бор, илтимосномалар бор. Ҳурматли раислик этувчи, Ш. Ш.нинг кўрсатувларидан келиб чиқиб, унга нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинлашингизни илтимос қиламан. Ҳамда қўшимча тарзда унинг соғлиғи юзасидан берилган маълумотнома бор. Унда чап буйрак қуриб қолиши маълумотлари кўрсатилган. Шу ҳолатга тўлиқ суд-тиббий экспертиза тайинлашингизни илтимос қиламан.

Судья: Марҳамат, муҳтарам процесс иштирокчилари, илтимоснома бўйича фикрингиз?

Прокурор: Судга ҳавола қиламан.

Судья: Ш. Ш., қўллаб-қувватлайсизми?

Судланувчи Ш. Ш.: Ҳа.

Судья: Манфаатига тааллуқли шахслар, сўрадик. Илтимоснома бўйича қарор қабул қилиш учун суд маслаҳатга киради.

57 дақиқа ўтиб, суд маслаҳатдан чиқди. Қайд этиш жоиз, аввалги маслаҳатлар 10, узоғи 15 дақиқадан кўпга чўзилмасди. Мазкур 57 дақиқа мобайнида суд залидаги ўзаро муҳокамалар ҳам тинмади. Адвокатлар ўрнидан туриб бир-бирининг ёнига бориб, кулиб, суҳбатлашар, судланувчиларнинг яқинлари ва оила аъзолари ҳам шу иш бўйича муҳокамага киришган эди. Жумладан, прокурор ва бир адвокат ҳам бир неча дақиқа давомида суҳбатлашишди.

Судья: Судлов ҳайъати маслаҳатдан чиқди ва ажримни эълон қилади. Адвокат Менглиқуловнинг илтимосномаси қаноатлантирилсин. Судланувчи Ш. Ш.нинг соғлиғи юзасидан комиссион суд-тиббий экспертизаси тайинласин. Экспертиза ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика суд-тиббий экспертизаси илмий амалий маркази Тошкент шаҳар филиали экспертлари зиммасига юклатилсин.

Экспертиза ўтказишда комиссия аъзолари қуйидаги тартибда белгилансин: етакчи эксперт сифатида Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали экспертлари, комиссия аъзолари сифатида Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан мутахассислиги бўйича шифокор ЛОР, шифокор-уролог ва бошқа шифокорлар бириктирилсин.

Мутахассислар олдига қуйидаги саволлар қўйилсин: судланувчи Ш. Ш.нинг танасида шахсни қийноққа солиш давомида олиниши мумкин бўлган тан жароҳатлари ва улардан қолган излар мавжудми? Иккинчи савол, агар мавжуд бўлса, бу жароҳатлар етказилган вақт, жойлашган ўрни, механизми аниқлансин.

Учинчи савол, агар Ш. Ш.нинг танасида тан жароҳатлари мавжуд бўлса, улар қандай предмет таъсирида етказилган бўлиши мумкин?

Тўртинчи савол, агар Ш. Ш.нинг танасида тан жароҳатлари мавжуд бўлса, уларнинг етказиш вақтидаги ҳамда ҳозирги вақтдаги оғирлик даражалари алоҳида-алоҳида аниқлансин.

Бешинчи савол, агар тан жароҳати, улардан қолган излар аниқланса, уларнинг жойлашуви, характери ва морфологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда тан жароҳатларини ўзига ўзи етказган бўлиши мумкинми?

Олтинчи савол, Ш. Ш.нинг буйрак соҳасида касаллик мавжудми?

Еттинчи савол, мавжуд бўлса, аниқланган касаллик унинг ҳаёти учун хавфлими ва касалликнинг диагностикаси қандай, инструментал ва лаборатор текширувларни амалга ошириш лозимми? Бемор шифокорнинг доимий назоратида бўлиши талаб этиладими?

Саккизинчи савол, Ш. Ш.да аниқланган касаллик унинг суд мажлисларида иштирок этишига монелик қиладими, унга қандай даво ва муолажалар қилиниши лозим, судланувчи ўз вақтида даволанмаса, касаллик қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Тўққизинчи савол, Ш. Ш.дa аниқланган касаллик белгилари унга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташда монелик қиладими?

Судланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилганлиги сабабли Ш. Ш.ни 2024 йил 3 февраль куни соат 10:00 да ДХХ тергов ҳибсхонасидан Республика суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалига ва, зарурат бўлган тақдирда, Тошкент тиббиёт академияси кўптармоқли клиникасига соқчилар орқали келтирилишини таъминлаш ДХХ Тергов ҳибсхонаси ва Ички ишлар вазирлиги қоровул қўшинлари 7530-сонли ҳарбий қисмига юклатилсин.

ДХХ Тергов ҳибсхонасида Ш. Ш.нинг амбулатор картаси мавжуд бўлса, экспертлар ихтиёрига юборилсин. Судланувчига Жиноят-процессуал кодексининг 179-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлари тушунтирилсин. Мутахассислар Жиноят кодексининг 238, 240-моддаларида белгиланган жавобгарлик билан огоҳлантирилсин. Жиноят-процессуал кодексининг 497−11-моддасига асосан ажрим юзасидан шикоят ёки протест келтириш мумкин эмас. Раислик этувчи судья — Юсупов, халқ маслаҳатчилари — Қосимова ва Рихсиева. Ўтирамиз.

Экспертиза тайёрланди, амбулатор карта бўлса, етказилади. Ва адвокатларнинг эътиборига агар касаллик билан боғлиқ қанақадир ҳужжатлар бўладиган бўлса, сиз ҳам етказишингиз мумкин. Эртага соат 10:00 га, [адвокати] фақат ўзингиз, у ерга уйдагилар борса, энди сал нотўғри вазият бўлиши мумкин, вақтингизга қараб иштирок этишингиз мумкин.

Иккинчи ҳолатимиз, биз ҳар бир ҳолат бўйича бу масалага қайта-қайта тўхталаётганлигимиз сабабли энди биратўла аниқлик киритиб олайлик. Марҳамат, С.Р.П, Сардор Кариев [қийноқлар бўйича экспертизадан] ўтиб бўлди. Г. С., сизда тан жароҳатлари борми?

Судланувчи Г. С.: Йўқ.

Судья: Тазйиқ ўтказилганми?

Судланувчи Г. С.: Йўқ, ўтказилмаган.

(Судья дастлаб қамоқдаги, кейин озодликдаги судланувчиларнинг ҳар бирига шу саволларни бериб чиқди. Уларнинг барчаси бундай ҳолат бўлганини инкор этди — таҳр.)

Судья: Тушунарли. Унда, муҳтарам процесс иштирокчилари, эҳтиёт шарт, биз олдинги экспертизамизни ўтказдик, бир кунда бизга етказилди. [Аммо душанба куни] чоршанбага иш белгиланмаганлиги сабабли бугун, жума куни давом этяпмиз. [Экспертизани] шанба кунига қўйдик, душанба кунга суд мажлисини белгилаймиз, фақат алоқада бўламиз. Агар экспертиза ўтказилиб, бизга хулосаси тақдим этилса, суд мажлиси душанба куни бўлади, тақдим этилмаса, чоршанба куни бўлади. Тушунарлими? Марҳамат.

Адвокатлардан бири: Ш. Х.нинг операцияси бўйича қизиқаётгандим. Операцияга кирса, куни қандай бўлади, неча кун? (судланувчи Ш. Х. соғлиғи сабабли судда видеоконференцалоқа орқали иштирок этади — таҳр.).

Судья: Тушунарли. Марҳамат, Ш. Х., соғлиғингиз қанақа, адвокатларимиз қизиқяпти.

Судланувчи Ш. Х.: Февралнинг биринчи, иккинчи ҳафтасига операциямиз бор. Ҳозир сими ечилган, уйда, поликлиника назоратида турибман. 8 ой ичида оёғимнинг чап сон суягида икки марта операция ўтказилди. Ҳозир мускуллар ўзига келиши керак экан, мускулларнинг операцияга тайёргарлиги бўляпти. 15 февралгача муддат берса, бўлади.

Судья: Аниқ куни белгиланганми?

Судланувчи Ш. Х.: Ордер чиқиб қоларкан.

Судья: Операциянинг куни аниқми, йўқми?

Судланувчи Ш. Х.: Уни кейинги суд процессида, ордер олингандан кейин айтсам бўладими?

Судья: Тушунарли. Агар сиз ҳозир ордерни давлат томонидан олаётган бўлсангиз, ордерни олгандан кейин ҳали касалхонанинг кунини белгилаш керак, унинг жараёни кўп, тўғрими? Тушунарли, ҳали аниқ эмас экан. Бизга имкон қадар олдинроқ маълумот берсангиз, шунга қараб вазиятни белгилаймиз.

Судланувчи Ш. Х.: Мана бу гипсни ечгани ҳисобига бугун ҳам ордер берди, уч кунми, беш кунми касалхонага ётишим керак. Эртага кетаман, душанба куни судга ҳам ўша ерда қатнашаман, уч кунда ҳолатим яхши бўлса, уйга қайтаман.

Судья: Тушунарли, демак, қаерда бўлса ҳам душанба куни суд мажлисида иштирок этасиз, шунақами?

Судланувчи Ш. Х.: Ҳа, Худо хоҳласа.

Судья: Раҳмат. Бошқа илтимосномалар, фикрлар йўқми? Марҳамат, Имамов.

Адвокат Имамов: Ҳурматли раислик этувчи, мурожаат бор эди. Ҳозир судланувчиларимизга, илтимос, кимда агар тан жароҳати бўладиган бўлса ёки бошқа бўлса, бугуннинг ўзида ҳал қилиб, тўхтамга келсак.

Судья: Тушунарли. Демоқчисизки, нима бўладиган бўлса, эртароқ қабул қилайлик. Қабул қилинди. Муҳтарам процесс иштирокчилари, яна кимда қанақа илтимоснома бор? Кимнидир чақириш, сўроқ қилиш ёки олдиндан ҳал қилиш бўлса, [қилиб] қўяйлик.

Адвокатлардан бири: Илтимосномаларни тугатайлик деган илтимоснома бор (бутун зал кулиб юборади — таҳр.).

Судья: Тушунарли, унда кейинги судни душанбага белгиладик. Соат 10:00 га десак, ҳеч ким [вақтида] келолмаяпти. Унда 10:30 га қилиб қўямиз. Фақат илтимос, кечикмасдан келсангиз. Чунки судланувчиларимиз ҳам келиб кутиб қоляпти. Энди битта нарса, буларни ҳам тўғри қабул қилиш керак, буларга ҳам шароит қилиб бериш керак. «Бизга пастда машинада совуқ бўляпти, бизга ноқулайлик туғдиряпти», дегани учун.

Тергов ҳибсхонаси бошқа бўлгани учун бошқа судланувчиларга аралашиш мумкин эмас. Ҳалиям бугун бошқа судланувчилар йўқлиги учун имкон қадар шароит қиляпмиз. Лекин бошқа суд мажлиси белгиланиб қолса, сал ноқулайликлар бўлиб қолиши мумкин-да. Тушунарли-а?

Шунинг учун илтимосномалар бўлса, бизга имкон қадар берсангиз, душанба куни экспертиза хулосаси келса, томонлардан яна бир марта музокарага тайёргарлик кўриб юриш сўралади. Танаффус, соғ бўлинглар.

5 февралдаги суд мажлиси тафсилотлари

Дастлаб судья ёрдамчиси суд таркибини ўқиб эшиттирди.

Судья: Муҳтарам процесс иштирокчилари, айрим адвокатларимиз иштирок этмаётган экан. Эътирозлар йўқми? (жимлик — таҳр.). Агар эътирозлар бўлмаса, суд мажлисини давом эттирамиз. Олдинги судда биз жиноят иши юзасидан Ш. Ш.нинг кўрсатувларидан келиб чиқиб, Ш. Ш.нинг соғлиғи юзасидан комиссион суд экспертизаси тайинлаб, танаффус қилган эдик. Экспертиза тайинлаганлик ҳолати бўйича экспертиза хулосаси судга тақдим этилди. Қуйидагиларни маълум қиламиз.

Комиссион суд-тиббий экспертизаси ўтказиш жараёнида экспертиза комиссия аъзоси қуйидаги тўхтамга келган: яъни Ш. Ш.ни суд-тиббий экспертизасидан ўтказиб, тиббий ҳужжатлар маълумотлари билан танишиб, мутахассислар — уролог ҳамда ЛОР шифокорлар маслаҳатини ўтказиб, ажримдаги ҳолат тафсилоти ва саволларга асосланиб экспертиза хулосаси қуйидаги тўхтамларга келади.

Биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи саволларга асосан Ш. Ш.да ҳозирги вақтда қуйидагилар аниқланди: ўнг қулоғи ноғора пардасидаги перфорацияси, яъни Ш. Ш.нинг ўнг қулоғи ноғораси пардасидаги перфорацияси. Ҳозирги ҳолатидан келиб чиқиб, унинг аниқлик муддати, яъни келиб чиқиш сабабини аниқлаш мумкин эмас. Перфорация четларида чандиқли ҳалқа кузатилганлиги аввалги жараён бўлиши мумкинлигидан ҳам далолат беради. Бундан ташқари орқа юқори қаватида чандиқли оқаришлар кузатилган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ҳозирги вақтда Ш. Ш.да аниқланган ўнг қулоқ ноғора пардасининг проферцияси ҳақидаги бирор бир тиббий ҳужжат мавжуд эмаслиги ҳамда эски проферция бўлганлиги сабабли ушбу патологик процесснинг ҳосил бўлиши вақтини ва сабабини аниқлашнинг имкони бўлмади. Бу ўзгариш ҳар хил сабаблар, жумладан, яллиғланиш жараёнида ҳам юз бериши туфайли тан жароҳати сифатида баҳолашга асос бўлмади.

6, 7, 8, 9-саволларга жавобан ҳозирги вақтда Ш. Ш.нинг буйракларида тузлар, чап буйрак ҳажмининг кичрайиш ҳолати аниқланди. Ҳозирги вақтда Ш. Ш.да аниқланган касалликлар унинг ҳаётига бевосита хавф солмайди ва шошилинч кўрсатма мавжуд эмас. Ш. Ш. ҳозирги вақтда стационар даво муолажаларига муҳтож эмас. Ш. Ш. юқорида кўрсатиб ўтилган касалликлар бўйича амбулатор шароитда кузатувда бўлиши ва даволаниши тавсия қилинади.

Ш. Ш. ўзининг саломатлик ҳолати бўйича суд мажлисларида иштирок этишга ва унга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташга монелик қилмайди. Экспертиза 2024 йил 5 февраль билан тугалланган ва судга тақим этилди. Агар зарурат бўладиган бўлса, адвокатларимиз танишишни хоҳласа, биз тақдим этамиз. Тушунарли-а, бошқа илтимосномаларимиз йўқми? (жимлик — таҳр.).

Муҳтарам процесс иштирокчилари, шу билан бирга судланувчимиз Кариевнинг турмуш ўртоғи М.Кариева томонидан судга ариза тақдим этилган. Ўзлари шу ердами? (тасдиқ жавоб келди — таҳр.). Бизга бир нечта ҳолатларни кўрсатяпти. Нотариал ҳаракатлар кўрсатиш сабабли, яъни никоҳ даврида орттирилган Lacetti русумли автомашинани сотишга розилик, вояга етмаган фарзандларига расмийлаштирилган паспортнинг [узайтириш] муддати келганлиги сабабли уни узайтириш, яқин қариндоши ҳамроҳлигида чет элга чиқиш учун розилик олиш ҳақидаги аризаларни ҳамда вояга етмаган фарзанди И.Ҳикматованинг ФҲДЁ органи томонидан фамилияси ўзгариши сабабли ФҲДЁ органида вакил бўлиш билан боғлиқ ишончномани нотариал тартибда расмийлаштиришга амалий ёрдам бериш сўралган. Сардор Ҳикматович, сизга тушунарли-а?

Судланувчи Сардор Кариев: Тушунарли.

Судья: Бу ерда фарзандингизнинг паспорти амал қилиш муддати [ҳақида гап кетяпти]. Фарзандингиз неча ёшда?

Судланувчи Сардор Кариев: Чет элга чиқиш паспорти.

Судья: Майли, биз аризани кўриб чиқиб, қуйидагича тушунтириш берамиз. Ҳозир жиноят иши судда кўриляпти. Жабрланувчилар, бошқа шахсларимиз кўриб турибди. Айрим ҳолатда жабрланувчиларимиз моддий даъво киритганлигини сабабли биз сотишга розилик беролмаймиз. Тўғри, айбсизлик презумпцияси бор, айблилик масаласи ҳал қилинмаган, лекин бу томонларда норозилик уйғотиши мумкин. Тушунарли-а? Нотўғри фикр шаклланмаслиги учун биз бунга розилик беролмаймиз.

Фарзандингизни паспорти муддати, фамилияни ўзгартириш бўйича эса эътирозимиз йўқ. Чет эл масаласига [тўхталадиган бўлсак], уни тасдиқловчи ҳолат йўқ. Айниқса, бугунги кунда ота-онасиз фарзандларнинг қаровсиз қолиб кетиш ҳолатлари кўплиги сабабли қонунчиликнинг жиноят ҳамда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгариш киритилган, тўғри қабул қилинг. Асословчи ҳужжатларингиз бўлса, бу масалада қайта мурожаат қилишингиз мумкин. Биз иккита ҳолатга розилик берамиз. Агар хоҳласангиз, нотариал ҳаракат амалга ошириш учун нотариусни кейинги судга таклиф этсангиз, биз бу жараёнга розилик берамиз. Тушунарли-а?

Судья: Муҳтарам процесс иштирокчилари, ҳеч кимда бошқа эътирозларимиз қолмади-а? Марҳамат, Собиров.

Адвокат Нормурод Собиров: Ҳурматли раислик этувчи, кичкина илтимосномамиз бор эди. Рухсат берсангиз, бир нусхасини сизга тақдим этсам. Илтимосномам шундан иборатки, 2024 йил 2 февралда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов томонидан жамоатчилик кенгашини ўтказилиб, ўша ерда айнан бизга тегишли бўлган, бир-иккита ҳолатларга ойдинлик киритилди.

Ўзингизнинг эсингизда бор, «Текшириш вақтида дори воситасига қўшилган примесни аниқлашнинг имкони йўқ эди», деган гап айтилди. «Дарё» ходими ҳозирги ишлаб турганларга шу савол билан мурожаат қилибди. Биз учун керакли саволларни берганликлари учун катта раҳмат айтмоқчиман. Жамоатчилик йиғилишида давлат фармакопеясининг бош муҳаррири Ҳабибулла Жалилов эса саволга қуйидагича жавоб берган.

«Дори воситасини ишлаб чиқариш жараёни кўп босқичли. Ва мана шу кўп босқичнинг ҳар биттаси ўзига ваколатли бўлган шахсларга юклатиб қўйилган. «Док-1 Макс»да юзага чиқиб, болаларнинг заҳарланишига сабаб бўлган примес унинг хомашёсида текшириб, ўша жараёнда, Ҳиндистондаги ишлаб чиқарувчи томонидан тўхтатилган бўлиши керак эди. Ўша ерда қилинадиган ишни, тайёр препаратда аниқлаш мумкин эмас. Чунки «Док-1 Макс» препаратини тайёрлашда 12 та ҳар хил моддалар аралаштирилади. Ҳар битта модда тоза вақтида, хомашёсида қанча қўшимча моддалар бор, қанча примеслар бор аниқлаш имкони бор.

Лекин ҳаммаси аралашиб кетганидан сўнг бунақа имкониятни бермайди. Шу боис бу ишлаб чиқарувчи корхонанинг ваколатида. Энди шу воқеа юзага келганидан сўнг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бунга тезда муносабат билдирди. Ва Америка Қўшма Штатларидаги лабораторияга тайёр маҳсулот ичидаги шу примесни аниқлаш мумкинми, деб савол қўйиб, топшириқ берди. Улар уч ой давомида олиб борган илмий тадқиқотлар давомида мураккаб усулда шуни аниқлаш методикаларини ишлаб чиқиб, бутун дунёдаги назорат органларига тарқатди. «Олдинги ҳолатда Америкада ҳам, Европада ҳам бу хомашёда текширилар эди. Ҳеч қачон тайёр маҳсулотда текширилмаган», деган фикрни билдирди.

Ҳурматли раислик этувчи, айнан бизнинг ишга тааллуқли бўлгани учун буни далил сифатида қабул қилишингизни сўрайман.

Судья: Собиров, битта нарса, сиз ўзингиз адвокатсиз, биласиз, далил сифатида [тақдим этасизми] ёки ўша кўрсатув жараёнида баён этилган фикрларни маълумот учун олиб, жиноят ишига қўшишни сўрайсизми?

Адвокат Собиров: Маълумот учун.

Судья: Тушунарли. Томонларда эътироз йўқа?

Суд залидан: Йўқ.

Судья: Суд адвокат томонидан тақдим этилган ҳужжатларни жиноят ишига қўшди. Бошқа илтимосномаларимиз борми? Ҳеч кимда илтимос йўқа? (жимлик — таҳр.). Илтимосномаларимиз бўлмаса, муҳтарам процесс иштирокчилари, судда иштирок этмаган битта жабрланувчимиз бор эди, биз таклиф этган эдик, келиши керак эди, келолмаганлиги сабабли унинг дастлабки тергов жараёнида берган кўрсатувларини ўқиб эшиттириб, сўнг, суд жиноят иши ҳужжатларини тафтиш қилишга суд ўтади.

Ойгул Жумаева Шодликовнанинг қонуний вакили Жемал Женисова дастлабки терговда қуйидагиларни маълум қилган. Қизи Жумаевага йўталганлик учун Тўрткўл туманидаги Отаназар исмли шахснинг дорихонасидан сотувчисининг тавсиясига кўра «Док-1 Макс» дори воситасини сотиб олиб, 2022 йил 8 декабрь куни ушбу дори воситасини ичиришни бошлаган. Сўнг қизи қайт қилишни бошлаган, пешоб ажралмай, тана ҳарорати кўтарилган. Фарзандининг аҳволи оғирлашгандан кейин уни Тупроққалъа туманидаги тиббиёт бирлашмасига олиб борган. Шифокорлар эса дарҳол Урганч шаҳрига олиб боришни тавсия қилган.

2022 йил 14 декабрь куни қизини Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм филиалига олиб борган. Шифокорлар қизига ўткир буйрак етишмовчилиги ташхисини қўйиб, 12 кун давомида 8 маротаба гемодиализ амалиётини қўллашган. 2022 йил 24 декабрь куни қизининг соғлик ҳолати анча яхшиланганлиги сабабли шифокорлар унга уйига кетишга рухсат берган. [Жемал Женисова] бугунги кунда фарзандининг соғлиғида асоратлар қолмагани ва аҳволи яхши эканини баён қилган.

Шу билан суд жиноят иши ҳужжатларини тафтиш қилишга ўтди. Судья тергов вақтида судланувчиларнинг уйи, офиси ва уларга тегишли бўлган бошқа ҳудудларда ўтказган тинтув ишлари, ҳолатга алоқадор турли хат-ҳужжатлар, телефон, флешка ва шунга ўхшаш ашёвий далиллар, қонун-қарорлар, судланувчилар, ишга алоқадор бошқа гумондорлар, гувоҳларни юзлаштириш жараёнларининг баёнларининг саналар ва тегишлилик бўйича жиноят ишининг қайси жилди ва варақларига киритилганини ўқиб эшиттирди.

Судья: Муҳтарам процесс иштирокчилари, ҳозир айрим адвокатларимиз томонидан суд жараёнида сўроқ қилинмаган бошқа экспертларнинг кўрсатувлари ўқиб эшиттирилиши сўралди. Муҳтарам томонлар, сизларда қайси кўрсатувлар бўйича эътирозлар, фикрлар бўладиган бўлса, музокараларда билдиришларингиз мумкин. Қанақа тартибда кўрсатув берилганлиги ва нима мазмундаги важлар билан келишмаётгани ҳақидаги тергов жараёнида бир нечта шахслар сўроқ қилинган. Уларнинг кўрсатувларини ўқиб эшиттириш кўп вақт талаб қилади. Шу сабабли биз кўрсатувларни музокарада қабул қиламиз деган фикрга келдик. Муҳтарам процесс иштирокчилари, суд суд терговини тамомлади ҳамда музокарага ўтамиз. Марҳамат, муҳтарам прокурор, музокара учун сўз сизга.

Прокурор: Музокарага тайёрланиш учун вақт керак.

Судья: Қанча вақт керак сизга?

Прокурор: Бир ҳафта.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Илтимосномам бор эди прокурорга.

Судья: Энди музокарага ўтдик-ку, қандай илтимоснома?

Адвокат Даврон Аҳмадов: Йўқ, [уни] тушундим, прокурорнинг қисми бўйича.

Судья: Марҳамат.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли раислик этувчи, прокурор илтимосномада ўзининг фикрини айтади. Мен шу ҳақида сўрамоқчи эдим, бошқа адвокатларни билмадим, барибир ҳамма қўшилса керак. Ҳар битта айбланувчининг айби нима билан исботланганлигини аниқ кўрсатиб берсинлар, қайси далиллар билан айб исботланганлигини ўзларининг фикрларида кўрсатиб берсалар. Одатда «Далиллар мазмунан тасдиғини топди», деган стандарт фикрлар бўлади, шунақа бўлмасин-да. Ҳар битта айбланувчи, С.Р.П. ва менинг ҳимоям остидаги бошқа шахсларни айби қайси ҳужжатлар ва далиллар асосида исботланганлигини айтиб берсалар бўлди. Шуни сўрамоқчи эдим.

Судья: Тушунарли, прокуроримиз ўзи эшитди, маълумот учун қабул қилинди.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Раҳмат.

Судья: Прокуроримиз муддат сўраганлиги сабабли қайта-қайта муддатга тақалмаслиги учун адвокатларимиздан, ҳимоячиларимиздан ҳамда судланувчиларимиздан музокарага тайёргарлик кўриш сўралади. Музокарага ўтдик. Муҳтарам прокурор, бугун кунимиз душанба, жума кунга олсак-чи, балки тайёр бўлиб қоларсиз?

Прокурор: Қилишим мумкин.

Судья: Майли, биз прокуроримизга уч кундан кўп муҳлат берамиз. [Суд мажлисини] жума куни соат 10:30 га қолдирдик. Прокуроримиз, сиздан илтимос, агар ўша кунга улгурмасангиз, бизга олдинроқ хабар берсангиз, адвокатларимиз ва бошқалар овора бўлмаслиги учун биз уларга олдиндан маълум қиламиз ва кунни душанбага ўзгартирамиз. Танаффус.