Ўзбекистонда оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш бўйича аризани кўриб чиқиш муддати 15 кундан 10 кунга камайтирилди. Бу президент томонидан 7 февраль куни имзоланган қонунда назарда тутилган.

Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 17 октябрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2023 йил 20 декабрда маъқулланганди.

Қонун билан «Адвокатура тўғрисида»ги қонунга ҳам ўзгартиришлар киритилди. Адвокатга гувоҳнома бериш муддати эндиликда 2 иш кунини ташкил этади (илгари 3 иш куни эди).

Бундан ташқари, фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиққанлик ёки давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи, йиғимлар ёки бошқа тўловлар тўлангани ҳақидаги тўлов ҳужжатларининг кўчирма нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги талаб бекор қилинди.