Тошкент шаҳри ҳокимияти пойтахтда пиёдаларга халақит бераётган ноқонуний қурилма ва иншоотларни демонтаж қилиш ишлари бошланаётганини маълум қилди.

Ҳокимлик йўлларнинг қулайлиги ва хавфсизлигини ошириш, соғлом турмуш тарзи, фаол ҳордиқ чиқариш ва дам олиши учун шарт-шароит яратиш бўйича ишлар доирасида жойларда пиёдалар учун мўлжалланган йўлларнинг қулайлиги таҳлил қилган.

«Эътиборни тартибсиз, ягона услубсиз ва кўп ҳолларда тегишли шаҳар хизматлари томонидан бериладиган рухсатномаларсиз қурилган бинолар тортди. Йўллар бўйлаб жойлашган бу бинолар аҳоли учун хавф туғдиради, масалан, уларнинг аксариятида тўхташ жойлари ва йўлаклари йўқ, улар пиёдалар йўлакларига чиқиб кетган тарзда ташкил этилган. Шундай қилиб, ҳайдовчининг бир дақиқалик харид қилиш жараёни бошқа ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам сезиларли ноқулайлик ва хавф туғдиради», — дейилади хабарда.

Айни пайтда таҳлил натижалари асосида тегишли шаҳар хизматлари томонидан ноқонуний қурилма ва иншоотларни демонтаж қилиш ишлари бошланаётгани таъкидланди.

Ҳокимлик Тошкент шаҳри ҳудудида маиший ва тижорат биноларига эга бўлган пойтахт аҳолисини ҳужжатларнинг шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқлигини яна бир бор синчиклаб текширишга чақирди.

Тадбиркорлар ва шаҳар аҳолисидан ушбу турдаги кўчмас мулкни харид қилишда эҳтиёткор бўлиш, юридик хизматлар билан маслаҳатлашишга сўралган. Тошкент шаҳри кадастр хизматлари томонидан бериладиган, уларнинг чегаралари, майдони ва биноларнинг турларини тасдиқловчи ҳужжатлардан ташқари, бино ва иншоотлар учун ҳужжатларнинг муқобил турлари мавжуд эмаслиги эслатилди.

«Потенциал хариднинг барча тафсилотларини аниқлаштириш учун ваколатли органларга шахсан ёки онлайн давлат хизматлари орқали мурожаат қилинг. Ҳурматли пойтахт аҳолиси! Фақат ишончли ва расмий маълумот манбаларига ишонч билдиринг, аниқ маълумот учун 71 210−01−63 телефон рақами ёки ижтимоий тармоқлар орқали пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматига мурожаат қилинг», — дейилади хабарда.