Мактабдаги бўш жойлар тадбиркорларга ўқувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш учун текин фойдаланишга берилади. Бу ҳақда 5 февраль куни президент ижтимоий соҳаларда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан ўтказган йиғилишида маълум қилди.

Мактабларда ўргатиш мумкин бўлган 50 та касб-ҳунар рўйхати тузилиб, ҳар бири бўйича ўқув ва амалиёт дастурлари ишлаб чиқилади. Бунинг учун устахоналар ташкил этилади ва «Касбий таълим устаси» лавозими жорий этилади.

Тадбиркорлар, уста ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўқувчиларнинг қизиқишидан келиб чиқиб касбий таълимга йўналтирилган машғулотлар ўтказилади, касб тўгараклари ташкил этилади. Ўқув курсини тамомлаб, имтиҳондан ўтган ўқувчиларга малака сертификати берилади.

«Мақсадимиз — мактаб битирувчиси ҳеч бўлмаганда битта касбни эгаллаб катта ҳаётга қадам қўйсин», — деди давлат раҳбари.

Касб-ҳунар курсларни ташкил қилган тадбиркорларга солиқ ва бошқа бир қатор имтиёзлар берилади.