Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби.

Қайд этилишича, соҳа учун масъул 13 та вазирлик ва идора ҳамда 223 нафар ҳоким ўринбосарлари бор. Лекин таълим, тиббиёт, рақамлаштириш, маданият ва спорт соҳаларидаги ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда камчиликлар йўқ эмас, дейилади хабарда.

Йиғилишда мактабгача ва мактаб таълимида эришилган катта ўзгаришлар билан бир қаторда боғча билан мактаб, мактаб билан коллеж ва олийгоҳ ўртасида узвийлик етарли даражада эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Маҳалла раиси мактабда тарбия ва давомат масалалари, ота-оналар билан ҳамкорлик қилиш билан қизиқмаса, туман ҳокимлари, ёшлар ва ижтимоий масалага масъул ўринбосарлари мактабда маънавият ва спорт тадбирларини ташкил этишга эътиборсиз бўлмоқда, — деди давлат раҳбари.

Хабарда таъкидланишича, мактабгача ва мактаб таълими вазирига янги ўринбосарлар шу муаммолар туфайли тайинланди. Уларнинг олдига таълим, тарбия ва маънавият бўйича мактабларга янги муҳит олиб кириш вазифаси қўйилди.