Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда «Эл-юрт умиди» жамғармаси Президент администрацияси ҳузурига ўтказилиши ва хорижда ўқитиш бўйича янги тизим жорий этилиши белгиланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

Йиғилишда жамғарма фаолиятини фаоллаштириш лозимлиги, хорижга кетган талабаларнинг бор-йўғи 9 фоизи муҳандислик ёки технологиялар йўналишида экани қайд этилди.

Эндиликда жамғарма ҳисобидан ёшларни чет элга ўқишга юборишда малакали ва сифатли инженер ҳамда технологлар тайёрлашга устуворлик берилади.

Видеоселекторда, шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига 116 та олийгоҳни ўрганиб, уларни йириклаштириш дастурини ишлаб чиқиш, уларга «миллий», «давлат» университети, академия ёки институт мақомини беришнинг аниқ мезонларини белгилаш топширилди.

Жамғарма ҳақида

«Эл-юрт умиди» жамғармаси 2018 йилда ташкил этилган. Қуйидагилар унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари саналади:

  • хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида, айниқса, энг янги материаллар ва инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида ишлаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш;
  • давлат органларининг кадрлар бўйича хизматлари томонидан фойдаланилиши ва онлайн тарзда излаш амалга оширилиши мумкин бўлган жаҳон мамлакатлари ва мутахассисликлар бўйича каталоглаштирилган қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратиш ва юритиш;
  • хорижий олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассислар, шу жумладан ватандошларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига, айниқса, янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, долзарб муаммоларини ҳал этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тадбирларни амалга ошириш;
  • таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳаларида ишлаётган ватандошлар орасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари бўйича уларнинг ғоя ва фикрларини тўплаш, умумлаштириш ва тегишли ташкилотларга етказиш, шунингдек, тўпланган материалларни тайёрлаш ва тарқатишнинг самарали тизимини яратиш;
  • хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имиджини шакллантириш ва қўллаб-қувватлашда, шунингдек, ривожланган мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий марказлари билан алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ривожлантиришда ватандошлар салоҳиятидан фаол фойдаланиш;
  • жаҳоннинг ривожланган мамлакатларидаги етакчи таълим ва илмий муассасаларида бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларидаги истиқболли мутахассисларни, шу жумладан педагоглар ва илмий кадрларни танлаб олиш ҳамда тайёрлашни ташкил этиш;
  • нуфузли хорижий таълим ва илмий муассасаларда истиқболли мутахассисларни ўқишини мониторинг қилиш, уларнинг Ўзбекистонда муносиб ишга жойлашишига кўмаклашиш, ушбу мутахассисларнинг меҳнат фаолиятини мониторинг қилиш, уларнинг касбий жиҳатдан ўсишига ва мансаб пиллапояларида кўтарилишига кўмаклашиш;
  • мамлакатдаги ҳамда хорижий экспертларнинг, шу жумладан, ватанадошларнинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг боришига оид таҳлилий материаллари чоп этиладиган журналлар, илмий тўпламларни тайёрлаш ва кенг тарқатиш;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотларда кадрларни хорижда тайёрлаш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш борасидаги ишлар ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда ушбу тизимни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, уларни ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш.