Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни ўтказилган видеоселектор давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда мактабгача ва мактаб таълимидаги ишларни танқид қилди. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов бу ҳақда маълум қилди.

Профессинал таълим ҳақида

Президентнинг сўзларига кўра, профессионал таълим учун масъул идоралар кўпайиб кетган. Шунинг учун тизим ривожланмаяпти. Иш берувчилар ва техникумлар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур. Олий таълимда қамров кескин ошди, соҳага хусусий сектор кириб келди. Лекин сифатга етарли эътибор қаратилмаяпти.

Шунингдек, давлат раҳбари талабаларнинг мустақил ишлаши учун муҳит барча олийгоҳларда ҳам бирдек намунали ташкил этилмаганини танқид қилди.

«Аксарият коллеж ва техникумлар ҳам, олийгоҳлар ҳам иш берувчилар талаби билан ҳисоблашмайди. Айримларида дарслик ва адабиётлар етишмайди, бори ҳам бугунги талабларга жавоб бермайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

ОТМ ҳақида

Илм-фан ва инновацияларга етти йилда 6 трлн сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Лекин илм-фанда «харажат — тадқиқот — маҳсулот» деган формула ишламаётгани қайд этилди. Умуман, айрим ректорларда ташаббус, интилиш, фидойилик етишмаяпти. Шу боис олий таълим, фан ва инновациялар бўйича янги вазир тайинланиб, унинг олдига профессионал ва олий таълимда кескин ўзгариш қилиш вазифаси қўйилди, дейилади хабарда.

Мактаб ва боғча таълими ҳақида

Президент мактабгача ва мактаб таълимидаги ишлар аҳволини таҳлил қилиб, келгуси режаларни белгилаб берди. 2024 йилда давлат боғчалари қуввати яна 10 минг ўринга, хусусий боғчаларда 50 минг ўринга оширилади.

«Лекин баъзи чекка қишлоқларда боғча ҳали йўқлиги сабабли ҳамма болалар ҳам мактабгача таълим билан қамраб олинмаган, айрим туманларда боғча етарли бўлишига қарамай, қамрови ўтган йилга нисбатан бироз камайган. Хусусий боғчаларда болалар ҳисобини юритиш рақамлаштирилмоқда, лекин давлат боғчаларида бу жараён ҳали бошланмаган», — деди президент.

Маълум бўлишича, ҳар йили боғча тарбиячиларининг ўртача бор-йўғи 9 фоизи малака оширмоқда. 12 мингта оилавий боғчада давлат таълим стандартидаги ўқув-методик материаллар етарли эмас.

Президент Мактабгача таълим агентлигига боғчаларда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича тизим яратиш топшириғини берди. Шунингдек, боғча мудиралигига номзодларни саралаш, уларни лавозимга тайинлаш тизимини ишлаб чиқиш; барча боғчаларда овқат, давомат, бадал пули каби барча жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш; 250 та давлат боғчасида таълим ва тарбия сифатини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий қилиш топширилди.

Боғчаларни миллий қадриятларга мос ягона стандартлар асосида ўқув-методик материаллар билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди.