Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин катта спортдаги фаолиятини якунлади. Бу ҳақда Humo Arena`да бўлиб ўтган Девис кубоги доирасидаги Ўзбекистон-Польша учрашувидан сўнг спортчининг ўзи маълум қилди, деб ёзди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Денис Истомин ўзбекистонлик ёш теннисчи Амир Милушевга қарши кўргазмали хайрлашув учрашувини ўтказди. Шундан сўнг спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ бош котиби Ойбек Касимов, теннис федерацияси раиси Алишер Мирсоатов ва федерация бош котиби Ирода Тўлаганова кортга чиқди.

Адҳам Икромов Денис Истоминнинг ўзбек спортидаги ўрни ва мамлакатда ушбу спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлади. Денис Истомин, ўз навбатида, бундай эътибордан мамнун эканини билдирди.

денис истомин

Денис Истомин фаолияти давомида Лондон-2012, Рио-2016 ва Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган. У 2018 йил Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида олтин, шунингдек, Гуанжоу-2010 да 2 та кумуш ва Инчеон-2014 да бронза медалини қўлга киритган.

2012 йилда спортчи Профессионал теннисчилар уюшмасининг (ATP) жаҳон рейтингида 33-ўринга кўтарилган. Ушбу халқаро ташкилот байроғи остида ўтказилган турнирларда Денис Истомин икки марта (2015 ва 2017 йилларда) ғолиб бўлган. Бу натижалари учун унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи фахрий унвони берилган.

Миллий олимпия қўмитаси спортчига ўзбек спорти ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.