Фарғона вилояти Данғара туманидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида юз берган жанжалдан сўнг бир йигит вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, 3 февраль куни Данғара туманида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида уч нафар шахс ўзаро жанжаллашган.

Шу пайтда безориликни олдини олиш мақсадида, уларни ажратиш учун келган бошқа шахсга (2001 йилда туғилган) ҳам фаол қаршилик кўрсатилган. Бир неча вақтдан сўнг, ушбу шахс ҳушини йўқотган ва шифохонага олиб борилаётган вақтида вафот этган.

Олиб борилган тергов олди текшириш ҳаракатлари давомида Данғара тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан икки нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва улар процессуал тартибда ушланган.

Марҳумнинг ўлими юзасидан Данғара тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Унинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланган.

Тергов ва текшириш ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади хабарда.