Президент 2 февраль куни «Тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш тўғрисида»ги қонунни имзолади, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тупроқни муҳофаза қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Унга кўра, ер эгалари Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтидан ўзига тегишли ер участкасидаги тупроқнинг сифатини баҳолаш тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, ер эгалари шаҳарсозлик фаолиятини, геологик қидирувни ва фойдали қазилмаларни қазиб олишни, қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа фаолиятни амалга оширишда тупроқнинг мавжуд унумдор қатламини сидириб олиши ва сақлаши шартлиги белгиланди.

Сидириб олинган тупроқнинг унумдор қатламини қурилиш ташкилотлари ҳокимликлар томонидан белгиланган жойларга сақлаш учун олиб чиқади.

Унумдор қатлам сидириб олинмагани ва сақланмагани факти аниқланганда етказилган зарарнинг ўрни маҳаллий бюджетга қопланади. Мазкур пул маблағларидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун фойдаланилади.

Тупроқни ўрганиш Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликларининг ваколатли ташкилотлари томонидан амалга оширилади, дейилади хабарда.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.