ДХХ Сирдарё, Наманган ва Қашқадарё вилоятида ер майдонларини ноқонуний сотмоқчи бўлган шахсларни қўлга олди, дея хабар қилди идора матбуот хизмати.

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида яшовчи 34 ёшли фуқаро хусусий тадбиркор маиший хизмат кўрсатиш объектларини қуриб, фойдаланиши учун ажратилган 88 сотих ер майдонининг 26 сотихини ва унга туташ бўлган, туман ўрмон хўжалиги захирасидаги 20 сотих ер майдонини ҳам гўёки ўзига тегишли эканини айтиб, харидорга 46,5 минг долларга сотиш ҳамда кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пулни олган вақтида ушланган.

Ховос туманида кузатилган ҳолатда эса 42 ёшли шахс деҳқончилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамиятга тегишли 52 гектар суғориладиган ер майдонини ҳокимият тизимида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 312 миллион сўм талаб қилган. Аммо у сўралган пулдан 10 минг долларини олдиндан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тўрақўрғон туманида яшовчи 28 ёшли фуқаро ҳокимлик захирасида бўлган 36 сотих ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканини айтиб, харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилган 25 минг доллардан 10,6 минг долларни олган вақтида ушланган.

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида яшовчи 52 ёшли шахс ва Давлат кадастрлар палатасининг Шаҳрисабз туман филиали ходими ўзаро тил бириктириб, Шаҳрисабз тумани ҳудудидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 13 сотих ва турар жой сифатида фойдаланиб келинаётган 12 сотих — жами 25 сотих давлат захирасидаги ер майдонини архитектор танишлари орқали нотурар жой тоифасига ўзгартириб, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 300 миллион сўм талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда чироқчилик фуқаро 10 минг доллар, Давлат кадастрлар палатасининг Шаҳрисабз туман филиали ходими эса 800 доллар олган вақтида ушланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.