Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида ҳоким ёрдамчиси 20 та наъматак бутаси ва 5 та олча дарахтини ноқонуний кесгани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Туманнинг «Тўқбой» МФЙ ҳудудида ишловчи ходим П.Р.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш)га асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Дарахтлар кесилиши оқибатида табиатга 9 млн 350 минг сўм зарар етказилгани аниқланди. Ҳоким ёрдамчиси 3 млн 400 минг сўм миқдорида жаримага тортилди.

«Ҳуқуқбузар қилмиши учун жами 12 млн 750 минг сўм миқдорида товон тўлайдиган бўлди», — дейилади хабарда.