2023 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига энг кўп таълим соҳаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва соҳадаги қонун бузилиши ҳолатлари бўйича мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Агентлик ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди.

2023 йилда агентликка жами 3545 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг энг кўпи, яъни 511 таси таълим соҳаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва соҳадаги қонун бузилиши ҳолатлари бўйича, 406 таси суд қарорларидан норозиликлар, 301 таси давлат харидлари ва тендер савдолари жараёнидаги қонун бузилиши ҳолатлари бўйича мурожаатлар ҳисобланади.

Агентлик томонидан давлат харидлари, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш йўналишларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан вазирлик ва идораларга 225 та тақдимнома, жавобгарлик масаласини ҳал қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 227 та сўровнома юборилган.

Юборилган сўровномалар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 23 та жиноят иши ва 96 та маъмурий ишлар қўзғатилди, 74 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган.

Қайд этилишича, 2023 йили амалга оширилган маъмурий ислоҳотлардан сўнг 90 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилган.