30 январь куни Қозоғистоннинг Қарағанда вилояти Бухар-Жирау туманидаги икки қаватли турар-жойда газ баллони портлаши оқибатида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси жароҳатланди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон элчихонаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, турар жой биносидаги хонадонда маиший газ баллони портлаган, сўнгра бинонинг тахминан 300 квадрат метр майдонидаги деворлар, том ва шифтлар қулаб тушган. 46 киши яшаб келган мазкур турар жойда портлаш вақтида 35 киши бўлган ва вайроналар тагидан 7 киши чиқариб олинган.

Жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам оғир аҳволда касалхонага ётқизилган. Хусусан, 34 ёшли Р.Х. танасининг 80 фоизи, 36 ёшли Н.Ҳ. танасининг 35 фоизи куйган, шунингдек, бош жароҳати, ёпиқ орқа мия синиши каби жароҳатлар олган.

Элчихона ҳолат назоратга олинганини, Қарағанда вилояти полицияси ва Фавқулодда вазиятлар бўлимлари билан алоқа ўрнатилганини билдирди. Фуқаролардан ҳушёр бўлишларини ҳамда фавқулодда вазият бўлганида хабар беришларини сўради.