Душанба куни Ўзбекистон ҳудуди нам ва нисбатан совуқ ҳаво массалари таъсири остида бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги матбуот хизмати.

Республика бўйича асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин. Баъзи жойларда шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучаяди, айрим жойларда эса баъзида 25−28 м/с гача кучайиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати олдинги кунга нисбатан пасаяди ва +2…+7 даражадан юқори бўлмайди, республика шимолида −3…−5 даража бўлади.

Сешанба куни республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик жадаллиги ва эҳтимоли камаяди. Кўпчилик вилоятларда баъзи жойларда қор кўринишидаги бироз ёғингарчилик, шарқий ҳудудларда эса (Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида) асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин.

Фақат республиканинг жанубида шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечаси 0…-5 даражани, кундузи +2…+7 даражани, шимолда кечаси −8…−13 даражани, кундузи 0…-5 даражани ташкил этади.

31 январь — 1 февралда республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилоятининг айрим жойларида ва Фарғона водийси вилоятларида бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечалари 0…-5 даража, кундуз кунлари 0…+5 даража, шимолда кечалари −10…−15 даража, кундуз кунлари −3…+2 даража атрофида бўлади.

Ушбу иш ҳафтаси давомида республика бўйича баъзи жойларда туман ҳодисалари кузатилади. 29 январдан 31 январгача Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.

Тошкент шаҳрида душанба куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Шамол ғарбдан 5−10 м/с тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати кундузи +5…+7 даражани ташкил этади. Сешанба ва чоршанба кунлари бироз ёғингарчилик (ёмғир ёғади, қорга айланади) бўлиши мумкин. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.

Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 5−10 м/с тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати 30 январда кечаси +1…+3 даража, кундузи +4…+6 даража, 31 январда кечаси 0…-2 даража, кундузи +3…+5 даража бўлади.

1 февралда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати кечаси +1…+3 даражани, кундузи +3…+5 даражани ташкил этади.