Президент 29 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда ноқонуний қурилиш ишлари ҳақида гапирди, деб хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг ўзида 4 мингга яқин бундай ҳолат аниқланган.

Шунингдек, сўнгги икки йилда кўп қаватли уйларга туташ майдонларда 7 мингдан ортиқ ўзбошимча қурилиш бўлган, яна 5 мингта ҳолатда умумий фойдаланишдаги жойлар тўсиб олинган.

Ҳудудларда, айниқса, Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар атрофида ноқонуний автомобиллар учун тўхташ жойлари қилиб, «блокатор»лар ўрнатиш авж олмоқда, дейилади хабарда.

Йиғилишда мутасаддилар аҳоли пунктларининг бош режалари ва батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқишни ўз ҳолига ташлаб қўйгани танқид қилинди.

Бош режаси бор ҳудудларда ҳам қурилиш ишлари пала-партиш ташкил этилмоқда, Қурилиш вазирлигида буни назорат қиладиган тизим ишламаяпти, деди давлат раҳбари.

Умуман, кўчаларнинг ягона қиёфасига амал қилиш тизими йўқлиги, турли услубдаги бинолар ёнма-ён қурилиб, шаҳарларнинг архитектура қиёфаси бузилаётгани қайд этилди.