Ўқишдан нажот излаган бурсалик қизалоқ

Жинсга доир айирмачилик — «бу аёллар иши, мана буниси эса эркакларники» деган чекловлар турли давру давлатларда бўлган. Шундай вақтда одатда эркаклар касби деб қаралган учувчиликни танлаб, осмон-осмон орзу қилишдан тўхтамаслик, изланиш ва машаққатдан қочмаслик кераклигини исботлай олган Сабиҳа Гўкченнинг ҳикояси болаликдаги қийинчиликлар билан бошланади.

1913 йил 22 март куни Бурса вилояти бош котиби Ҳофиз Мустафо Иззатбей ва Хайрия хонимларнинг оиласида дунёга келган Сабиҳа ота-онасидан эрта етим қолиб, акаси Нешетнинг қўлида катта бўлади. Унда ўқиш, мактабга боришга иштиёқ ўта юқори, бироқ бу ҳақида гап очгудек бўлса, акасига юк бўлишни ўйлаб, лом-лим деёлмайди.

1925 йилнинг одатий кунларидан бирида Гўкчен жумҳурбошқон (президент)нинг улар яшайдиган вилоятга ташриф буюриши ҳақида хабар топади. Сентябрнинг 22 санасида Бурсага етиб келган Мустафо Камол Теменеридаги Ҳункар кўшкига жойлашади. Бу қўноқ Сабиҳаларнинг уйига жуда яқин бўлиб, унинг боғи шундоққина кўриниб турарди.

Отатурк билан кўришиб, унга ўқиш истаги ҳақида айтишни дилига туккан мовий кўзли қизалоқ, «зора чиқиб қолса!» дея уни ташқарида кута бошлайди. Боғга чиқиб, гуллар аро кезаётган Мустафо Камолга кўзи тушиши билан у томон чопади. Йўлини тўсган қўриқчиларга Отатурк қизни қўйиб юборишларини айтиб, унинг нима демоқчилигини билмоқчи бўлади.

Сабиҳа ота-онасидан эрта айрилгани, акаси билан яшаши, мактабга боришни исташини сўзлаб бераркан, ундан ёрдам сўрайди. 12 яшар қизалоқда ўқишга хоҳиш шунчалик юқорилиги, қаршисига чиқишга жасорат топганидан таъсирланган давлат раҳбари ундан: «Сени фарзанд қилиб асраб олсам, мен билан Анқарага кетасанми?», — деб сўрайди.

Тўсатдан билдирилган бундай таклифдан ҳайратланиш билан бирга кимсан Отатуркка қиз бўлишни ўйларкан, болаларча севинган Сабиҳа бунга ёлғиз ўзи қарор қилолмаслиги, акасидан сўраши лозимлигини айтади. Синглисининг таълими ва истиқболи, бу қарор келгусидаги муваффақиятларга дебоча бўлишини англаган аканинг розилигини олгач, 8 октябрда президент билан бирга Анқарага жўнаб кетади.

Сабиҳа билан содир бўлган бу воқеа ҳаётни ўзгартириш инсоннинг ўз қўлида — ҳаракатига боғлиқлиги, йигитми-қизми — нимани истаётганини билиб — болалигиданоқ ўз фикрига эга бўлиб, уни ифодалашдан тап тортмаслиги кераклигига исботдир.

Мустафо Камол Отатуркнинг тутинган қизлари: (чапдан) Руқия, Сабиҳа, Афет, Зеҳра. Фото: WikimediaМустафо Камол Отатуркнинг тутинган қизлари: (чапдан) Руқия, Сабиҳа, Афет, Зеҳра. Фото: Wikimedia

Маълумот ўрнида. Мустафо Камол ҳаёти давомида: Иҳсан, Ўмер, Афифе, Абдурраҳим ва Зеҳрани Туркия республикаси эълон қилинишидан аввал, Сабиҳа, Афет, Руқия, Небиле, Улку ва Мустафони эса республика эълон қилингач асраб олган.

Анқарага етиб келган Сабиҳа дастлаб Чанкая бошланғич мактабида, сўнг Ускудар (Истанбул)даги қизлар мактабида таҳсил олади. Бу орада саломатлигидаги муаммо туфайли Ҳейбелиадада, кейинроқ Венада даволаниб келади. Француз тилисини яхшилаш мақсадида бир муддат Парижда ҳам яшайди.

Ўзагидаги «гўк» — турк тилида «само», «кўк» маъносини англатувчи фамилия унга Отатурк томонидан 1934 йил 19 декабрда — Туркияда Фамилия тўғрисидаги қонун кучга киргач берилади. Қизиғи, у пайтда Сабиҳа на учувчи бўлишни, на кўкда парвоз қилишни хаёл сурганди. Оқшом дастурхони атрофида ўтирган кунларининг бирида Мустафо Камол қизидан фамилияси қандай бўлишини исташи ҳақида сўрайди.

«Барча юзимга қараб турарди. ‘Сиз қандай амр этсангиз, шундай бўлсин, афандим!', дея дудуқландим. Ҳаяжонланардим. Ақлимдан минг хил нарса кечар, аммо буларнинг ҳеч бирини сўйлашга журъат этолмадим. Отатурк жавобимдан кейин қўлини иягига қўйиб, бироз ўйга толгач: ‘Сенга Отатурк қизи фамилиясини беришни истардим, аммо…', дедию, аммодан кейинини айтмади…».

Учувчи бўлиш учун Қрим, Москва, Эскишеҳирда ўқиш

Сабиҳанинг таржимаи ҳолида Отатурк исми кўп ва хўб учрайди. Гўкченнинг тиришқоқ, истеъдодли ва интилувчанлигини инкор қилмаган, аксинча урғу берган ҳолда алоҳида тўхталиш жоизки, агар ҳар қарорида қўлловчи, истакларини инобатга олувчи бу инсон бўлмаганида, Сабиҳанинг тақдири тамоман бошқача бўларди, эҳтимол. Яъни бу аслида қизларнинг ҳаётида уларнинг хоҳишларига қулоқ солувчи, орзуларининг этагидан маҳкам тутишга куч берувчи, орзуларнинг армонга айланишига йўл қўймайдиган оталарнинг роли нақадар муҳимлиги, буни ҳис қила олган қизлар эса «уча олиши», ҳар жойда ўз ўрнига эга бўлиб, ўзини хафа қилдириб қўймаслигига далолатдир. Оталарининг қўлловини ҳис қилиб улғайган қизлар, эҳтимол, худди Сабиҳа сингари қатъий қарор қилишдан чўчимас, танлаган соҳасида етакчи бўлиб, муваффақиятга эришар.

Бурса боғидаги учрашув бўлажак учувчининг ҳаётини ўзгартирган биринчи воқеа бўлса, 1935 йилнинг 5 май санасидаги «Турк қуши» мактабининг очилиш маросими иккинчиси эди. Тадбирда чет эллик планёрчи ва парашютчиларнинг ҳаводаги томошаларини завқу шавқ билан томоша қилаётганини сезган Отатурк ундан: «Учувчи бўласанми?», — деб сўрайди. Сабиҳанинг: «Уларнинг ўрнида бўлишни истардим!», — деган жавоби унинг келгусида осмонни забт этишига асос бўлади.

Сабиҳа Гўкчен парвоз олдидан. Фото: Tuz Golu GazetesiСабиҳа Гўкчен парвоз олдидан. Фото: Tuz Golu Gazetesi

Бу вақт бутун дунёда учувчилик фақат эркакларга хос касб деб қараларди. Сабиҳанинг бу борадаги танлови мавжуд стереотипларга қарши амалий «юриш» бўлади ва бу билан нафақат унинг, балки у ўрнак бўлган аёллар ҳаётида ҳам янги — «парвоз» даври бошланади.

Шу йили Туркия авиация ташкилотининг мактабига ўқишга киради. Парвоз мактабида биринчи аёл стажёр сифатида рўйхатдан ўтиб, учувчи гувоҳномасини олади. Кейинроқ етти нафар ўқувчи билан бирга Кўктўбел (Қрим)даги планёр мактабида олти ой ўқийди. Ўқишни давом эттириш учун Москвага келган вақти опаси Зеҳранинг вафоти ҳақида хабар топиб, зудлик билан Туркияга қайтишига тўғри келади.

Сабиҳа Гўкчен имтиҳон топширгач, учувчи гувоҳномасини олиши ҳақидаги газета хабариСабиҳа Гўкчен имтиҳон топширгач, учувчи гувоҳномасини олиши ҳақидаги газета хабари

1935 йил 11 январда диплом ва планёр (моторсиз, қанотли учиш аппарати) ўқитувчиси унвонини олган Сабиҳа Эскишеҳир ҳарбий парвоз мактабидан келтирилган моторли учоқда сабоқни давом эттиради. У биринчи марта 1936 йилнинг 25 февралида моторли учоқда парвоз қилади.

Бу ютуқларидан севинган Отатурк унга: «Мени жуда бахтиёр қилдинг. Энди сен учун режаларимни очиқлашим мумкин… Балки дунёдаги илк ҳарбий аёл учувчи бўларсан… Бир турк қизининг дунёдаги илк ҳарбий аёл учувчи бўлиши нақадар ифтихор берувчи воқеа эканлигини тахмин қила оласан, шундай эмасми? Ҳозироқ чора кўриб, сени дарҳол Эскишеҳирдаги учоқ мактабига юбораман. У ерда махсус таълим оласан», — дейди.

Сабиҳа Гўкчен ва Мустафо Камол Отатурк, 1937 йил. Фото: WikimediaСабиҳа Гўкчен ва Мустафо Камол Отатурк, 1937 йил. Фото: Wikimedia

Ўша вақтларда ҳарбий мактабларга қизлар қабул қилинмаган. Шу боис у махсус форма кийиб, 11 ой ўқитувчи Нувейре Уйгуч ҳамроҳлигида Эскишеҳирдаги мактабда алоҳида таълим олади. Ўқишни тамомлагани ҳақидаги гувоҳномани қўлга киритгач, Эскишеҳирдаги ҳаво полкида олти ойлик хизматни ўтаб, дунёдаги биринчи ҳарбий аёл учувчига айланади.

«Кўк қизи»нинг икки жасорати

Мардлик ва қатъият энг яхши хусусиятлардан бўлиб, улар мужассам бўлган шахс — у хоҳ йигит бўлсин, хоҳ қиз, фақат ўзининг ё оиласинигина эмас, балки бутун мамлакат тақдирини ҳам ўзгартириши, камида бунга ҳисса қўшиши мумкин. Жасурликда эркаклардан қолишмайдиган Сабиҳа мана шундай хусусиятлари ва ақлли «ҳийла» билан Ҳатай масаласининг бирёқлик бўлишига ёрдам берган.

1937 йили Франция Ҳатай вилоятини Туркияга эмас, Сурияга бермоқчи экани ҳақидаги хабар Анқарада норозилик келтириб чиқаргач, Сабиҳани олдига чақирган Отатурк унга режасини тушунтиради. Режа бўйича, ҳарбий либосдаги Гўкчен ва бошқалар Отатурк ҳамроҳлигида Анқарадаги француз элчиси Понcэау ва элчихона ходимлари тамадди қилаётган «Карпич» ресторанига боради.

У ерда нутқ сўзлаган генерал Касим Севуктекин гапини французлар Ҳатайни Туркияники деб қарор қилишига ишонишини айтиш билан тугатади. Француз элчиси Севуктекинни олқишлайди. Генералнинг ортидан сўзга чиққан Гўкчен эса французлар охири Ҳатайни Сурияга бериш билан туговчи ўйин бошлагани, аммо турклар бу тупроқларни бошқаларга бериб қўймаслиги, ёшлар керак бўлса қўлига қурол олиб бўлса ҳам бу ишни ҳал қилишини айтиб, французларнинг юрагига ғулғула солади.

Важоҳат ва жиддийлик қоришиқ нутқини: «Ҳатай бизнинг жонимиз, фидо бўлсин қонимиз», деганча шифтга қарата уч карра ўқ отиш билан якунлайди. Гўкчен бу хатти-ҳаракати учун судланиб, 24 соат қамоқда ўтириб ҳам чиқади. Аммо у етказмоқчи бўлган «хабар» ўз эгасини топган, Франция Ҳатай масаласида Туркия нақадар қатъиятли эканини тушуниб етган эди.

Гўкченни дунёга танитган яна бир ташаббуси — бир ўзи самолётда Болқон бўйлаб саёҳатга чиққанидир. Бу сафар режаси Отатурк 1938 йили Болқон пакти кенгашининг аъзоларига Сабиҳани таништиришидан бошланган. Бу режага катта қизиқиш билдирган меҳмонлар Сабиҳани учоғи билан ўз мамлакатларида кўришга тайёр эканликларини билдиргач, Гўкчен Отатуркнинг топшириғига кўра ҳозирлик кўрган.

Сабиҳа Гўкчен Болқон тури доирасида Греция пойтахти Афинада. Фото: WikimediaСабиҳа Гўкчен Болқон тури доирасида Греция пойтахти Афинада. Фото: Wikimedia

Саёҳат учун махсус таълим олган Сабиҳа ўша вақтда бетоб бўлган Отатуркни ташлаб кетишга кўзи қиймайди. Қизининг ҳолати, шу билан бирга вазиятнинг қандайлигини яхши тушунган давлат раҳбари эса лафз қилган инсон унинг устидан чиқолсагина ҳурмат қозониши, қолаверса, турклар сўзидан қайтмаслиги, хизматдалигида қизининг қайтишини ўйлаб, ҳасталикни енгишга ҳаракат қилишини айтиб, Сабиҳани кўндиради.

Сабина Гўкченнинг Болқон тури ҳақидаги газета хабарлариСабина Гўкченнинг Болқон тури ҳақидаги газета хабарлари

16 июнь куни Истанбулдан Vultee учоғида парвоз қилган Сабиҳа олти кун давомида Афина (Греция), София (Болгария), Белград (Югославия, ҳозирги Сербия) ва Бухарест (Руминия) узра учиб, 22 июнда Истанбулга қайтади. Матбуотда катта қизиқиш уйғотган Болқон туридан кейин Гўкченни ҳар ерда «кўкнинг қизи» деб атай бошлайдилар.

Отатуркдан сўнг

1938 йил 10 ноябрда бутун Туркияни ларзага келтирган воқеа содир бўлади — халқи томонидан «миллат отаси» деб эътироф этилувчи Мустафо Камол 57 ёшида ҳаётдан кўз юмади. Бу, бошқа фарзандлар қатори, Сабиҳага ҳам қаттиқ зарба бўлади. Давлат ўз раҳбари, аҳоли йўлбошчисидан айрилган, уларга эса янада оғирроқ — отасини йўқотган эди. Гўкчен «Отатурк ила бир умр» номли хотира китобида ҳаётининг Отатурксиз кечган йилларини ҳисобга олмайди ва буни ўта қисқа вақт деб атайди.

Сабиҳа 1940 йили учувчилик мактаби ўқитувчиси Камол Эсинер билан оила қуради. Аммо уларнинг турмуши узоққа чўзилмайди — орадан уч йил ўтиб, Эсинер ҳаётдан кўз юмади. Сабиҳа шу билан бошқа оила қилмайди.

Сабиҳа Гўкчен ва Камол Эсинер. Фото: Instagram / aysebalinastrolojiСабиҳа Гўкчен ва Камол Эсинер. Фото: Instagram / aysebalinastroloji

1955 йилгача «Турк қуши» мактабида бош мураббий сифатида фаолият юритган Сабиҳа фаолияти давомида 22 хил турдаги учоқда жами 8000 соат парвоз қилади. 1991 йилда Халқаро авиация федерацияси томонидан олтин медаль билан тақдирланади. 1996 йил АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг «Тарихдаги энг машҳур 20 учувчи» рўйхатида фахрий ўринни эгалайди. Сўнгги бор 83 ёшида француз учувчиси Даниэл Актон билан бирга парвоз қилган «само қизи» 2001 йил 22 март куни — ўз таваллуд санасида ҳаётдан кўз юмади.

Сабиҳа Гўкченнинг Туркия олдидаги хизматлари, авиация ривожига қўшган ҳиссасини тарихга муҳрлаш мақсадида Истанбулдаги иккинчи халқаро аэропортга, шифохона ва мактабларга номи берилади. Турк қизларига эса ҳали ҳам айнан Гўкченга ҳавас қилиб Сабиҳа деб исм қўйиш кўп учрайди.

Хулоса ўрнида

Сабиҳа Гўкчен парвоз олдидан. Фото: Tuz Golu GazetesiСабиҳа Гўкчен парвоз олдидан. Фото: Tuz Golu Gazetesi

Сабиҳа Гўкчен ҳаёти «қиз бола дегани ўқитувчи, тикувчи ё ҳамшира бўлгани маъқул» дегувчиларнинг босими остида ўзига маъқул касбни, соҳани танлашга иккиланаётган, хоҳиши бору, буни очиқ айтишга жасорати етмаётган хотин-қизлар учун яхши бир ибратдир. У бир интервьюсида учувчилик касби ҳақида тўхталаркан: «Бу иш исталган аёлнинг қўлидан келади», деганди. Худди шундай — исталган хотин-қиз парвоз ва «парвоз» қила олади.