Тошкентнинг замонавий маркази ўзининг бир ярим асрдан ортиқроқ тарихи давомида не-не ҳайкалларни кўрмаган дейсиз — аввалига Туркистонни рус мустамлакасига айлантирган фон Кауфманнинг, чор Россия ағдарилгач эса Ўроқ ва болға, Ленин, Сталин, Карл Маркс ҳайкаллари шу ерга ўрнатилган эди.

1993 йил 31 августидан бери эса бу ерда тўлиқ марш либосида от минган, қироллик тожи кўринишида ишланган дубулға кийган, камарида ғилофли қилич билан тасвирланган ва эгарга бириктирилган қалқон билан ифодаланган, чап қўли билан от жиловини ушлаб, ўнг қўлини юқорига кўтариб, гўёки йўл кўрсатаётган Амир Темур ҳайкали турибди. «Газета.uz» банкнот ва тангалар, давлат мукофотлари ва почта маркаларига ҳам тасвири туширилган бу ҳайкалнинг қисқа тарихини эътиборингизга ҳавола қилади.

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

"Амир Темур ҳайкали аввал пойтахтга ўрнатилиши керак"

Совет даврида Амир Темур ҳақида гапирганлар қувғинга олинар, у ҳақда имкон қадар очиқ гапирмасликка ҳаракат қилинарди. «Гапирган тақдирда ҳам фақат салбий — қонхўр ва босқинчи каби ёрлиқлар билан тилга олинарди, таълим масканларида ҳам шундай ўқитиларди», — деб эслайди журналист Маматқул Ҳазратқулов.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, президент Ислом Каримов ташаббуси билан тасвирий санъат ва ҳайкалтарошликда Амир Темур образини яратиш масаласи илгари сурилди. «Бунга шахсан президентнинг ўзи бош-қош бўлди», — дейди журналист.

Дастлаб, 1992 йили Самарқандда вилоят ҳокимлиги Амир Темур ҳайкалини ўрнатиш бўйича танлов ўтказган. Унда ҳайкалтарош Илҳом Жабборов ҳамкасби жияни Камол Жабборов билан тайёрлаган лойиҳа 23 иш орасидан ғолиб сифатида танлаб олинган. Академик ҳайкалтарошнинг эслашича, у Самарқандга Амир Темур ҳайкалини ўрнатиш ҳақида илк бор 1969 йилдаёқ ўйлаган эди.

«Самарқандга биринчи марта 1969 йили борганман. Ўшанда Бибихоним мадрасаси ва темурийлар даврида қурилган бошқа тарихий биноларни кўриб, вилоятга кираверишда Амир Темурнинг баланд ҳайкалини ясаб, ўрнатиш нияти пайдо бўлган. Лекин у пайтларда соҳибқирон ҳақида асар яратиш бир четда турсин, у ҳақда очиқ гапириш ҳам мумкин эмасди», — дейди Илҳом Жабборов.

Ҳайкалтарош 1992 йили жияни билан ишлаб чиққан ҳайкал лойиҳаси бўйича, Самарқанд марказига Амир Темур отда учаётгани акс этган баланд устун ўрнатилиши керак эди. Аммо орадан ҳеч қанча ўтмай, Темур ҳайкали аввал пойтахтга ўрнатилиши, бунинг учун алоҳида танлов ўтказилиши маълум қилинган. «Шу сабабли Самарқанддаги лойиҳа тўхтатилди, биз ҳам ҳайкални ясамадик», — дейди Илҳом Жабборов.

Аэропортдаги муҳокама

Илҳом Жабборов янги ҳайкални тайёрлашга киришишдан аввал Амир Темурнинг ҳаёти, характери, фаолиятини очиб берувчи кўплаб китобларни ўқиб, изланганини, Ибн Арабшоҳ ва бошқа тарихчилар, олимларнинг манбалари билан танишиб чиққанини таъкидлайди. Журналист Маматқул Ҳазратқулов эса ҳайкал ҳозирги кўринишига келгунига қадар шахсан президент иштирокидаги кўплаб муҳокамалардан ўтганини эслайди.

«Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган муҳокамада лойиҳанинг бир қанча варианти кўрсатилди ва йиғилиш иштирокчилари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ислом Каримов бу лойиҳаларнинг бирортасидан фойдаланиб бўлмаслигини, уларда Амир Темурнинг ички дунёси, руҳи у ёқда турсин, ҳатто ташқи қиёфаси ҳам ўхшамаганлигини айтди. „Темурга хос шиддат, ўктамлик, айни чоғда салобат қани бу ерда? Ҳолбуки, ҳайкал Амир Темурнинг нафақат ташқи қиёфаси, балки ички оламини ҳам ифодалаб бериши керак. Бунинг учун улуғ бобомизнинг фаолиятини, ҳаётини, асарларини, ўгитларини пухта ўрганиш зарур. Бу сиймо образини яратишга енгил-елпи қараб бўлмайди“, деди», — дея хотирлайди журналист.

Ҳайкалтарошлар Илҳом (ўнгда) ва Камол Жабборовлар Амир Темур ҳайкали лойиҳаси устида ишламоқда. Тошкент, 1993 йил. Фото: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архивиҲайкалтарошлар Илҳом (ўнгда) ва Камол Жабборовлар Амир Темур ҳайкали лойиҳаси устида ишламоқда. Тошкент, 1993 йил. Фото: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви

1993 йили эълон қилинган танловда, Илҳом Жабборовнинг хотирлашича, 9−10 та лойиҳа қатнашган. Ушбу танловда ҳам ҳайкалтарош Жабборовлар томонидан тайёрланган лойиҳа ғолиб чиққан. Аммо президентга дастлаб бошқа ҳайкалтарошнинг иши кўрсатилган.

«Бу ишга Тошкентнинг ўша вақтдаги раҳбарияти бошчилик қилган. Ислом Каримовга кўрсатилган ҳайкалда отда ўтирган Амир Темур бир қўлида найза ва боши эгилган ҳолда тасвирланган эди. Худди мағлубияга учрагандек. Ислом Каримовга бу ҳайкал ёқмаган, камчиликларини тўғрилаш кераклигини айтган. Ўша муҳокамадан сўнг пойтахт ҳокими ва масъул вазирлар устахонамга келиб, президентга бизнинг ишимизни кўрсатмоқчи эканликларини айтишди», — деб эслайди ҳайкалтарош. Шундан сўнг ҳайкал лойиҳаси аэропортга олиб борилади.

«Ислом Каримов Туркия сафаридан қайтаётган экан, самолётдан тушибоқ лойиҳани кўрди. „Мана, айтганимни қилса бўларкан-ку, ҳайкал муаллифи қани, нега кўринмаяпти?“, деб ўтган сафар кўришган ҳайкалтарошнинг исмини айтган. Ҳозир уни исмини эслолмаяпман. Кейин бош вазир ўринбосари Исмоил Жўрабеков: „Бу ҳайкални ўзимизнинг қоракўз ҳайкалтарош ясади“, деб мени олдига чақирди. Ислом Каримов бир неча сония менга қараб туриб, хурсанд бўлиб кетганди», — дейди Жабборов.

Нега Жўрабеков ҳайкалтарошни «ўзимизнинг қоракўз» деб таништирган?

Илҳом Жабборовнинг сўзларига кўра, совет даврида Ўзбекистонда ўрнатилган аксарият ҳайкаллар Россия ва бошқа республикаларнинг ҳайкалтарошлари томонидан ишланган.

«Ўзимизда ҳам маҳоратли ҳайкалтарошлар бор эди, лекин «тепа»дагилар уларга ишончсизлик билан қарар, «бошқа республикалардаги ҳайкалтарошлар зўр ясайди», деб ўйларди. У вақтда менда ҳам катта лойиҳаларда қатнашиш, ҳайкаллар ясаш орзуси бўлган, аммо имкон йўқ эди. 1993 йили Амир Темур ҳайкалини ясаш насиб қилди — бу Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин қўйилган биринчи ҳайкал эди. Ҳозир мамлакатдаги ҳайкалларни ўзимизнинг ҳайкалтарошлар ясаяпти, кўпи шогирдларим», — дейди у.

Президент ва газета ўқимайдиган ҳайкалтарош мулоқоти

Маматқул Ҳазратқуловнинг хотирлашича, аэропорт биносида Илҳом Жабборов ясаган ҳайкал варианти муҳокама қилинган, турли даражадаги раҳбарлардан фикр сўралган.

«У лойиҳада Амир Темур отда ўтирган, чап қўлида байроқ, ўнг қўли билан отнинг жиловини ушлаган ҳолда акс эттирилган эди. Ислом Каримов муҳокама иштирокчиларидан „Подшолар байроқ олиб юрганми?“, деб сўраганидан кейин ҳамма жим бўлиб қолди. Шундан сўнг Ислом Абдуғаниевични кўзи менга тушиб, „Сиз ёзувчисиз, тарихни яхши билишингиз керак, бу борада фикрингиз қандай?“, деб сўради. Мен подшолар байроқ олиб юрмаганини айтдим», — деб эслайди Ҳазратқулов.

Унинг қайд этишича, Ислом Каримов шу фикрга қўшилишини, лашкарда байроқни, яъни туғни олиб юрувчи махсус одамлар бўлгани, улар туғдорлар дейилганини айтиб берган. «Отнинг жилови ҳақида гапирадиган бўлсак, тизгин чап қўлда тутилади. Ўнг қўлда қамчи, агар жанг пайти бўлса, қилич ушланган», — дея изоҳ берган Каримов.

«Кейин Ислом Каримов муҳокама иштирокчиларига ҳазил аралаш: „Ҳеч отга минганмисизлар ўзи? Отга минаётганда чап оёқни узангига қўйиб, ўнг оёқ отнинг устидан оширилади… Ўнг қўлида жилов тутган одамни ҳеч кўрмаганман“, деди. Шундан сўнг ҳайкалнинг энг майда деталларигача айтиб, унда Амир Темурга хос салобат, улуғворлик, шиддат, айни чоғда меҳрибонлик акс этиши шартлигини қайд этиб, ҳайкалтарошга топшириқ берди», — дейди журналист.

Илҳом Жабборовнинг сўзларига кўра, Ислом Каримов унга ҳайкал лойиҳаси маъқул келганини айтган ва ўз таклифларини билдирган.

«Муҳокама якунида ҳайкал сентябргача битиши кераклигини айтди. Президентни биринчи марта кўришим эди ва унинг характерини билмасдим. „Кечирасиз, мен бир ярим ойда тайёр қилолмайман“, дедим. Ёнимда турган масъуллардан бири „гап қайтарма!“ деган маънода кастюмимдан бир тортди. „Сен газета ўқимайсанми?“, деди Каримов. „Кам ўқийман“, деб жавоб қайтардим. „Мана шу вазирларни ҳаммаси сенга ёрдам беради, ҳайкал сентябрда ўрнатилиши керак“, деди. Кейин билсам, Ислом Каримов ҳайкал ўрнатилиши тўғрисида қарор чиқарган экан, уни мен ўқимагандим», — деб эслайди ҳайкалтарош.

Азобларни эслатувчи ёдгорлик

Илҳом Жабборов жияни билан бирга бир ярим ой қаттиқ ишлаб, ҳайкални президент айтган муддат — Мустақиллик байрамигача битирган.

Президент Ислом Каримов, (чапдан) Тошкент шаҳар ҳокими Адҳамбек Фозилбеков, бош вазир Абдулҳошим Муталов, бош вазир ўринбосари Исмоил Жўрабеков ва Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошев Тошкентдаги Амир Темур ҳайкали очилишида. 1994 йил, 2 сентябрь. Фото: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архивиПрезидент Ислом Каримов, (чапдан) Тошкент шаҳар ҳокими Адҳамбек Фозилбеков, бош вазир Абдулҳошим Муталов, бош вазир ўринбосари Исмоил Жўрабеков ва Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошев Тошкентдаги Амир Темур ҳайкали очилишида. 1994 йил, 2 сентябрь. Фото: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви

«Аммо камчиликлари кўп эди, буни ўзимиз ҳам билардик. Дастлаб гипс вариантини ясаб, ҳозирги жойига — Амир Темур хиёбонига ўрнатганмиз. Ўшанда Ислом Каримовдан камчиликларини тўғрилаш учун бир йил муддат беришини сўраганман. У рози бўлган. Кейин жияним иккимиз яна ишга киришганмиз. Бу вақт ичида ҳайкалга ва тагидаги тошга бир метрдан қўшиб, икки метрга кўтарганмиз. Ҳам ҳайкални, ҳам тошни бир хил ўлчамда кўтарганимиз учун буни кўпчилик билмаган. Бир йил давомида тасаввуримдаги ҳайкални ясаганман. Шу боис бронзадан қилинган қуйма ҳайкал ҳозиргача майдонда виқор билан туради», — дейди ҳайкалтарош.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 2 сентябрь сонидан«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 2 сентябрь сонидан

Бир хато тарихи

Ёдгорлик пойдеворига соҳибқироннинг исми — «Амир Темур» ва унинг шиори — «Куч адолатда» ёзуви тўрт хил — ўзбек, рус, инглиз ва араб тилларида битилган. Маматқул Ҳазратқуловнинг қайд этишича, бошида «Темур» сўзи хато билан «Тимур» тарзида ёзилиб қолган.

«Ҳайкал очилиш маросимида ҳамма ҳаяжонда бўлиб, ёзувга аҳамият бермаган бўлиши мумкин. Ўша ёзувни тўғрилаб қўйишни ҳайкал муаллифига, пойтахт ҳокимлиги ва ундан тепадаги раҳбарларга айтдим. Аммо ҳаммаси битта жавобни берди: президент тасдиқлаган. Тўғри, ҳайкални давлат раҳбари кўрган ва тасдиқлаган, аммо ёзувни тўғри ёзиш ҳам президентнинг ишими?! Амир Темур номи нотўғри ёзилиши кимнинг хаёлига келади, дейсиз?», — дея хотирлайди журналист.

Ўша вақтда бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган Алишер Азизхўжаев Вазирлар Маҳкамасида тил масалалари бўйича йиғилиш ўтказганида, Маматқул Ҳазратқулов ҳайкалда «Темур» сўзи нотўғри ёзилганини айтган. «У киши буни ўрганиб чиқишини таъкидлади. Орадан ҳеч қанча ўтмай, „Тимур“ сўзи „Темур“ деб тўғри ёзилди, хато тўғриланди», — дейди у.

Амир Темур ҳайкали, 2001 йил. Фото: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архивиАмир Темур ҳайкали, 2001 йил. Фото: Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлар миллий архиви

Тошкентдаги ҳайкал очилгач, президент Ислом Каримов энди Самарқанд ва Шаҳрисабзга ҳам Амир Темур ҳайкалларини ўрнатиш зарурлигини таъкидлаган. Шундан сўнг Илҳом Жабборов ушбу шаҳарларга ўрнатилажак ҳайкаллар бўйича бир қанча вариантларни давлат раҳбарига кўрсатган. «Маъқул келганларини саралаб олиб, ишни бошлаганмиз», — дейди ҳайкалтарош. 1996 йили Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида Амир Темур ҳайкаллари ўрнатилади.

Айни вақтда, Илҳом Жабборов Тошкентдаги Амир Темур ҳайкалини ясаш жараёни жуда азобли кечганини, ҳар сафар ҳайкални кўрса, чеккан азоблари эсига тушаверишини айтади. «Санъатлар ичида энг қийини, бу — ҳайкалтарошлик. Ҳайкал атрофини айланиб, камчиликлари устида ишлайверасиз, ишлайверасиз. Жараён кўп вақт талаб қилади. Амир Темур ҳайкалини эса 45−50 кунда ясаганмиз, жуда азоб бўлган. Деярли ухламасдик, оёқларимиз шишиб кетган. Камол иккимиз навбат билан ярим соатдан ухлаб, яна ишимизни давом эттирардик», — деб эслайди у.

Амир Темурнинг юқори кўтарилган ўнг қўлини ҳозирги ҳолатга келтириш айниқса қийин кечган. «Қўлини ундай қилсам ҳам, бундай қилсам ҳам ҳеч ўхшамасди. Охири ҳозирги варианти келиб чиққан. Чап қўлида отнинг жиловини тортиб, ўнг қўлини кўкка кўтариб туришида ҳам ўзига хос маъно бор. „Халқим, мен қайтиб келдим, сизларга тинчлик, омонлик тилайман, мустақилликни бой берманглар“, деб тургандек тасвирланган», — дея тушунтиради у.

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Айни вақтда, у Амир Темур хиёбони тарафдан ўтмасликка ҳаракат қилишини айтди (дарвоқе, у аввалроқ бошқа бир интервьюсида ўзи ясаган ҳайкаллари сабаб Мустақиллик майдонига бормасликка ҳаракат қилишини айтган эди).

«Ўзингиз ҳам яхши биласиз — ижодкорнинг ҳеч қачон ўз ишидан кўнгли тўлмайди, ҳар кўрганида ишининг камчиликлари кўринади. Мен ҳам Амир Темур хиёбонидан ҳар ўтганимда, „мана бу жойини шундай қилсам бўларди“, деган фикр ўтади. Шу боис у тарафдан юрмасликка интиламан», — деди у.

Кўриниши билан ўз муаллифининг кўнглини бироз ҳижил қилса-да, бугунги кунда ушбу ҳайкал Тошкентнинг асосий рамзларидан бири эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ.