22 январь куни «Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-38-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарорга кўра, 2024/2025 ўқув йилидан:

  • тиббиёт ОТМларининг 200 нафар битирувчиси магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий ОТМлар ва марказларда ўқитилади;
  • тиббиёт ОТМларининг битирувчи курс талабаларида оилавий шифокор учун талаб этиладиган клиник кўникмаларни шакллантириш мақсадида кўп тармоқли тиббиёт ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган интернатура ташкил этилади;
  • Тошкент тиббиёт академиясининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилади;
  • тиббиёт йўналишидаги ОТМ талабаларининг билимлари икки босқичли баҳолаш тизими асосида баҳоланади.

Қуйидаги магистрлик йўналишлари жорий этилади ҳамда ҳар йили камида 150 нафар мутахассисларни давлат буюртмаси асосида тайёрлаш чоралари кўрилади:

  • «Жамоат саломатлигини ташкил этиш ва бошқариш» (Public Health and Healthcare Management);
  • «Жамоат саломатлиги: эпидемиология ва маълумотлар таҳлили» (Public Health: Epidemiology and data science/data analytics);
  • «Жамоат саломатлиги: овқатланиш» (Public Health: Nutrition);
  • «Профилактик тиббиёт» (Preventive Medicine);
  • «Жисмоний фаоллик ва реабилитация» (Physical Activity and Rehabilitation).

Шунингдек, қарорга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида давлат муассасаси шаклида «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офиси ташкил этилади.

Лойиҳа офиси қуйидаги устувор йўналишларда янги механизмларни жорий қилишга масъул этиб белгиланди, жумладан:

  • давлат тиббий суғуртаси тизимини ва давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш;
  • тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини такомиллаштириш;
  • давлат харидлари самараси ва шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилиш;
  • санитария қоида ва нормаларини замонавий талаблар асосида янгилаш.

2024 йилда:

  • 40 та санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари тўлиқ қайта кўриб чиқилади ва халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади;
  • республика ихтисослаштирилган хирургия, кардиология, эндокринология, дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт марказлари, Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда Миллий тиббиёт марказининг фаолиятига замонавий бошқарув усуллари ва тиббий ёрдам хавфсизлиги ва сифатининг юқори стандартлари жорий этилади ҳамда улар халқаро аккредитациядан ўтказилади.