Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қурилиш майдонларининг бирида рейд ўтказилгани ва унда бир гуруҳ фуқаронинг ўрдаксимон усулда юришга мажбурлагани тасвирланган хабарлар тарқалганди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳолат ўрганилганини маълум қилди.

Дастлабки ўрганишлардан маълум бўлишича, 2024 йилнинг 17 январь куни Екатеринбург шаҳрида жойлашган қурилиш майдонларининг бирида ИИВ, ФХХ, Росгвардия ва прокуратура ходимлари томонидан «нолегал» рейд тадбири ўтказилган.

Ушбу қурилиш ишларида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари вақтинча ишлаб келган. Рейд давомида 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам ушланган ва патентсиз меҳнат фаолиятини амалга оширгани сабабли суднинг қарори асосида Екатеринбург шаҳри Горнистов 15/4-уйда жойлашган Хорижий фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказига жойлаштирилган.

Ушбу фуқароларнинг маълум қилишича, ҳуқуқ-тартиборт органлари ходимлари қурилиш биносига кирган вақтда кўплаб меҳнат мигрантлари қочишга ҳаракат қилган ва бинонинг орқа томонидан қочаётган вақтида қўлга олинган. Фуқароларнинг ҳаракатларига жавобан ҳуқуқ-тартиборт органлари ходимлари уларни ўтириб юришга мажбур қилган.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳолат Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги бош консулхонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси томонидан назоратга олинган ва уларга ҳуқуқий ва бошқа шаклдаги ёрдам кўрсатилаётгани қайд этилди.

Аввалроқ Ўзбекистон омбудсмани Екатеринбургда ўрдаксимон юришга мажбурланган меҳнат мигрантларининг камситилгани юзасидан Россия омбудсманига мурожаат қилганди.

Қирғизистон ТИВ эса «ушбу факт бўйича Россия Федерациясининг федерал органлари даражасида иш қўзғатилиши»ни маълум қилди.