Президент Шавкат Мирзиёев 18 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда махсус иқтисодий ва саноат зоналаридаги муаммолар ҳақида гапирди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳудудий саноатни ривожлантириш мақсадида 24 та махсус иқтисодий зона ташкил этилган. Уларга соддалашган тартибда ер ажратилади ва солиқ имтиёзлари берилади.

«Лекин айрим ҳудуд раҳбарлари буни суиистеъмол қилишга ўтиб олди. Масалан, республика бўйича инфратузилмаси бор 800 гектар махсус иқтисодий зоналарнинг ҳудуди бўш турибди. Лекин ҳокимлар саноат зоналарини кенгайтириш учун ўтган йилнинг ўзида 1600 гектар сувли ерлар тоифасини ўзгартириш бўйича мурожаат қилган», — деди Шавкат Мирзиёев. Унинг сўзлари «Ўзбекистон 24″ телеканалининг «Менимча» кўрсатувида намойиш этилди.

Давлат раҳбари «Наманган» ЭИЗда 96 гектар, «Ғиждувон» ЭИЗда 77 гектар ер бўш турганига қарамай, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳудудни 65 гектарга, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов эса 70 гектарга кенгайтирганини таъкидлади.

«Шунинг оқибатида ўтган йили 405 гектар ер ёки махсус иқтисодий зоналарда аукционга чиқарилган ерларнинг 59 фоизида битта иштирокчи қатнашиб, номинал қийматда сотиб олган. Бундан кейин ҳокимлар зоналардаги барча ерларни тўлиқ ўзлаштирмай туриб, унинг майдонларини кенгайтириш бўйича ташаббус билан чиқиши қатъиян ман этилади», — деди у.

2023 йилда саноат зоналари инфратузилмаси учун давлат бюджетидан 1,3 триллион сўм ажратилган бўлсада, инфратузилмага масъул корхоналар, хусусан, «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси лойиҳалар бўйича ишларни ўз вақтида бажармагани ва молиялаштиришдаги кечикишлар боис 400 миллиард сўм ишлатилмай қолган.

«Бу қанча одам норизо дегани, бу тадбиркорлар режаларини амалга оширмади дегани. Инфратузилмани ҳал қилиб берамиз, деган ваъдаларга ишониб ер олган тадбиркорлар эртага бизга ишонмай қолади», — деди у.

2024 йилда инфратузилма учун яна 1,5 триллион сўм ажратилган. Президент энергетика корхоналари раҳбарлари ва ҳокимларнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарларини қаттиқ огоҳлантириб, 1 мартга қадар лойиҳа ҳужжатларини якунлаб, молиялаштиришни очиб, ишларни 1 сентябргача якунлаш бўйича топшириқ берди.

Шавкат Мирзиёев саноат зоналарини ривожлантириш бўйича янги тажриба ўтказилишини маълум қилди. Хусусан, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларидаги махсус саноат зоналарининг 240 гектар майдони компанияларига аутсорсинг асосида бошқарувга берилади.

2024 йилда 18 млрд долларлик 309 та йирик лойиҳани ишга тушириш, 40 минг иш ўрни яратиш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган.

Қонунчиликка кўра, ҳокимлар ЭИЗни ташкил этиш, фаолият юритиш муддатини узайтириш, чегараларини ўзгартириш ёки муддатидан олдин тугатиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиши мумкин. Вазирлар Маҳкамаси ушбу таклифни келиб тушган кундан эътиборан 30 кун ичида кўриб чиқади ва маъқулланган тақдирда Президент администрациясига таклиф киритади.