Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарход Боқиев Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш бўйича ишлар ҳолати юзасидан сенатор сўрови юборди.

Сенатор сўровида қайд этилишича, аҳоли сонининг мунтазам ортиб бораётганлиги туфайли жамоат транспортига қўйилган талаб кучайган, бироқ баъзи жамоат транспортларида хизмат кўрсатиш сифати пастлигича қоляпти, хусусан, ҳудудларда жамоат транспорти воситалари сони етарли эмас ва белгиланган ҳаракат жадвалларига риоя этилмайди, бу эса муаммоларни янада кўпайтирмоқда.

«Айниқса, кексалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар, давлат хизматчиларининг жамоат транспортларида яратилган шароитлардан норозилиги, айрим ҳайдовчиларда муомала маданиятининг етарли эмаслиги ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаётгани, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, мутасадди ташкилотларга мурожаатлар сонининг ортишига олиб келмоқда», — деди сенатор.

Маълумотларга кўра биргина 2023 йилда транспорт хизматлари кўрсатишдаги камчиликлар бўйича аҳоли томонидан Ўзбекистон истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Сенаторнинг қайд этишича, айрим транспорт воситаларининг эскиргани ва техник ҳолатининг талабга жавоб бермаслиги ҳаракат пайтида бахтсиз ҳодисаларнинг рўй бериши эҳтимолини оширяпти. Шу билан бирга, атроф-муҳитнинг ифлосланиши ортиб тирбандликлар кун сайин долзарб муаммога айланмоқда.

Йўловчи ташувчи жамоат транспортлари, автошоҳбекатларда ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун автотранспорт воситаларига чиқиш учун махсус мосламаларни ўрнатиш ишларига етарли эътибор берилмаяпти.

«Масаланинг яна бир эътирозли жиҳати, Ўзбекистон президентининг 2023 йил 16 февралдаги ПҚ-59-сонли қарорида автобус йўлкира ҳақи тушумлари ваколатли давлат органи тасарруфига ўтказилган ҳолда ташувчилар учун йўлкира ҳақини кунлик йиғиш режа-топшириғини белгилаш амалиётидан воз кечилиши белгиланган бўлса-да, ушбу амалиёт ҳали тўлиқ жорий этилмаган», — деди сенатор.

«Қайд этиш лозим, бугунги кунда хизмат сафарлари, байрамлар муносабати билан саёҳат ва зиёратлар уюштириш ёки талабаларнинг ўз уйларига бориб-келишлари учун шаҳарлараро жамоат транспортининг аҳамияти катта ҳисобланади. Бироқ, аксарият ҳолларда талаб юқори бўлган шаҳарлараро жамоат транспортларига (масалан, тезюрар поездларга) чипта олиш билан боғлиқ муаммолар эътирозли муҳокамаларни келтириб чиқармоқда».

Юқоридагиларни инобатга олиб, сенатор вазирдан:

  • аҳолининг юқори сифатли ва қулай йўловчи ташиш хизматларига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари мавжуд бўлган амалдаги автобус бекатларида йўловчилар, шу жумладан, аҳолининг имконияти чекланган гуруҳлари учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш;
  • жамоат транспорти корхоналари фаолиятини молиялаштириш ишлари ҳамда соҳада рақамли технологияларни жорий этиш, йўналишсиз такси фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар томонидан электромобиллар харид қилинишини рағбатлантириш;
  • йўналишсиз такси фаолиятини тартибга солиш, ҳаракат хавфсизлиги ва сифати талабларига риоя этилаётгани, ҳудудлардаги жамоат транспортлари учун яратилган шароитлар, транспорт воситаларининг техник ҳолати белгиланган талабларга жавоб беришлиги;
  • кунлик йўлкира ҳақи режа-топшириғини бекор қилиш;
  • республиканинг барча шаҳар ва туманларида транспорт хизмати сифатини яхшилаш ва ҳудудларда ҳам экологик тоза автотранспорт воситаларидан фойдаланиш амалиётини кенгайтириш;
  • шаҳарлараро жамоат транспортлари қатновини яхшилаш, чипталар сотилиши ва соҳа шаффофлигида ўз ечимини кутаётган ва коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш;
  • ногиронлиги бўлган фуқаролар учун жамоат транспортлари, автошоҳбекатлар, метрополитенларда қулайликлар яратиш;
  • ҳудудларда, айниқса, Тошкент шаҳридаги бекатларни тадбиркорларга реклама ва банкомат хизматларини ташкил қилиш учун вақтинчалик фойдаланишга бериш;
  • аҳолига жамоат транспорти хизматлари кўрсатиш, сифатини ошириш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш борасида Транспорт вазирлиги томонидан кўрилаётган (ёки келгусида амалга ошириладиган) чоралар ҳақида маълумотлар, шунингдек, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштиришга оид тегишли таклифларни 15 кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этишинни сўради.