Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти жамоаси томонидан икки йил давомида яратилган Jadidlar.uz платформасининг тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Бу платформа Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси буюртмасига кўра, Тарих институти директори, академик Азамат Зиё бошчилигида 2021−2023 йиллар мобайнида тайёрланди. Лойиҳани яратишга икки йил учун 1 млрд сўм грант маблағи ажратилган.

Институт директори ўринбосари Дилноза Жамолованинг айтишича, Jadidlar.uz платформасига 250 га яқин жадид турмуши, фаолияти ва меросига оид маълумотлар, ҳужжатлар ва асарлар киритилган.

«Ушбу платформа орқали аҳолига, айниқса, ёшларга ўзбек халқи ва давлатчилигида муҳим бир жараён ҳисобланган, Россия империясига қарши миллий озодлик кураши ғоялари асосчилари бўлган жадидларнинг ибратли ҳаёт йўли ҳамда уларнинг илмий меросини етказиш мақсад қилинган», — деди у.

«Бу платформа даромад келтирадиган эмас, балки халқимизга маънавий озуқа берадиган лойиҳа ҳисобланади. Институт жамоаси кўнгилли сифатида маош олмасдан платформани ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда», — дея қўшимча қилди Дилноза Жамолова.

Маълум қилинишича, платформага жадидларга оид 174 та асар, уларнинг 1000 дан ортиқ мақоласи, 120 га яқин шеъри ҳамда 500 га яқин ҳикматли сўзлари киритилган. Бундан ташқари, жадидчиликни ўрганувчи манбалар сифатида 200 дан ортиқ суратлар, 38 та эшитув, 20 га яқин кўрув ва 73 та архив йиғма жилдлар ҳам платформадан ўрин олган. Жадидчиликка оид тадқиқотлар сифатида 95 та асар, 223 та мақола, 37 та диссертация ва 9 та хотира асар юкланган.

«Бугунги кунда ҳам мазкур лойиҳа устида ишланяпти, уни ривожлантиришга ва портал даражасига етказишга ҳаракат қиляпмиз. Ушбу электрон фонд жадидларга оид янги маълумотлар билан доимий тўлдириб борилади», — деди Дилноза Жамолова.

Институт бош илмий ходими Муҳайё Исоқованинг сўзларига кўра, шу пайтга қадар аҳоли 30 га яқин жадид ҳақида умумий маълумотга эга бўлган бўлса, мазкур платформа орқали ҳаракатнинг 250 га яқин аъзоси ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин.

«Платформани яратиш даврида оммага маълум бўлган, яъни жуда ҳам кўп тилга олинган ва одамларнинг қулоғига исми кўп чалинган жадидлар сони 30 дан ортмаслигини аниқладик. Мана шу 30 нафар шахс атрофида жадидчилик мавзуси ва масаласи ҳақида жуда кўп гапирганмиз. Биз икки йил ичида анча изланиб, 300 нафарга яқин жадид ҳақида маълумот топишга эришдик ва уларнинг 250 нафарини платформага жойладик. Қолганларини яқин орада электрон фондга киритамиз», — деди институт вакили.

Платформа ҳозирда тест режимида ишламоқда.