Ҳиндистоннинг Ҳарьяна штати Сонипат шаҳридаги дам олиш масканларидан бирида ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилгани ҳақидаги маълумот ўз тасдиғини топди, деб хабар қилмоқда Дунё ахборот агентлиги.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси Сонипат шаҳри полицияси билан алоқага чиққан ва воқеани жойида ўрганиш мақсадида ушбу шаҳарга сафар уюштирган.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари билан амалга оширилган ҳаракатлар натижасида марҳума фарғоналик М.А. исмли 32 ёшли аёл экани аниқланган. Дастлабки маълумотларга кўра, ўзбекистонлик аёл ва иккинчи нобуд бўлган шахс ис газидан заҳарлангани тахмин қилинмоқда. Ҳодиса сабабларига аниқлик киритиш бўйича тезкор суриштирув ва тиббий экспертиза ишлари давом эттирилмоқда.

«Дипломатия миссияси мазкур ҳодиса бўйича тергов-суриштирув жараёнини назоратга олган. Марҳуманинг яқин қариндошлари бу ҳақда хабардор қилинган. Шунингдек, зарур бўлган барча консуллик-ҳуқуқий амалиётлар бажарилиб, марҳуманинг жасадини қисқа вақт ичида Ўзбекистонга жўнатиш чоралари кўрилмоқда», — дейилади хабарда.