Сафарали Мансуров 1981 йил Сирдарё вилояти, Сардоба туманида туғилган, мавсумий ишларга чиқувчи уста. Унинг турмуш ўртоғи Феруза Мансурова эса 1990 йил Жиззах вилояти Бахмал туманида туғилган, ишсиз. Уларнинг 2018 йил 30 cентябрда туғилган ўғли — Мансурбек Кемамовга 2022 йилнинг тахминан 20 ноябрларида шамоллашдан даволаниш мақсадида «Док-1 Макс» сиропини ичирилгач, аҳволи оғирлашган.

2 декабрдан шифохонада даволана бошлаган Мансурбек 45 кун Гулистон шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам маркази реанимация бўлимида, 21 кун Республика болалар миллий тиббиёт марказида, бир ҳафта Гулистон шаҳар кўп тармоқли болалар шифохонасининг неврология, икки ҳафтадан ортиқ реанимация бўлимларида, 10−15 кун шифокорлар назорати остида уйда, яна бир ҳафта Болалар миллий тиббиёт марказида даволанади. 2023 йилнинг апрелидан августига қадар ҳар ойда бир ёки икки мартадан Гулистон шаҳар кўп тармоқли болалар шифохонаси реанимация бўлимида ётиб, даволанади. Бир неча ой эшитмай, кўрмай ва юролмай қолган тўрт ёшли бола 2023 йил 2 мартда бош мияси бўйича ногиронлик нафақасига чиққан.

Мансурбекнинг онаси 2022 йил декабрида Сирдарё вилояти Сардоба тумани прокуратураси терговчисига ўғлига «Док-1 Макс» ичиргани ва ундан кейинги ҳолатлар ҳақида кўрсатма берган, сироп идишини экспертиза учун топширган, ходимлар уларнинг уйига келиб, яна бошқа ҳужжатларни ҳам расмийлаштириб кетган. Бироқ, Мансурбек билан бирга ётиб даволанган бошқа болаларнинг ота-оналари судга чақирилгани ҳолда, на Сафарали ака, на Феруза опа судга таклиф қилинган. Чунки иши судда кўрилаётган ногирон бўлиб қолган болалар рўйхатидан Мансурбек Кемамов тушиб қолган. Ота судда қатнашиш учун ҳаракат қилган, аммо бу ниятига эриша олганича йўқ.

Сафарали Мансуровнинг айтишича, ўғлини даволатиш учун у уйидаги барча мол-ҳол, товуқлар ва ҳатто еб турган буғдой-унларигача сотган, мажбурликдан жуда кўп қарз олган. Айни дамда тўланмаган қарзлари миқдори 150 миллион сўм. Мансуровлар «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда фарзандининг келгуси даволаниши ва қарзларидан қутилиш учун компенсация пулидан умидвор эканликларини, шу сабабли ҳам «Док-1 Макс» иши бўйича судда қатнашмоқчи эканини билдирди.

Қуйида Мансуровларнинг ҳикояси келтирилади.

Шамоллаш ва дори ичиш

Феруза Мансурова: Ўғлим 2022 йилнинг тахминан 20 ноябрларда енгилроқ шамоллаб қолди. Тўғриси, жуда қийин даврларни бошимиздан ўтказганимиз учун касалликнинг бошланиш санасини аниқ эслолмайман.

У ёзда ҳам шамоллаб қолганида Сардоба туман поликлиникасига олиб чиққандик. Шифокор «Травамакс» ва «Док-1 Макс» сиропларини тавсия қилганди. «Травамакс»ни олиб ичирганимизда тузалганди. Бу гал ҳам ўшандай шамоллаш бўлгани учун дадаси яна шу доридан олиш учун ўзимиз яшайдиган «Бирлашган» маҳалласидаги дорихонага чиқди.

Дорихоначи «Травамакс» йўқлигини айтиб, ўрнини босувчи сифатида «Док-1 Макс»ни тавсия қилган. Мансурбек 2021 йилнинг қишида шамоллаганда ҳам «Док-1 Макс» сиропини ичириб юрардик — тузаларди. Дадаси шуни эслаб, ишониб, олиб келди.

Симптомлар

Йўриқномасини ўқиб, сиропнинг ўзидаги ўлчагич қопқоқчада бир кунда икки-уч маҳал, икки ярим миллиграммдан ичиришни бошладик. Аввалида сал яхшилангандек бўлди-да, кейин яна оғирлаша бошлади. Қаттиқ шамоллаганга ўхшаб, бўғилиб, йўталиб, иситма қилаверди.

31 ноябрдан бошлаб, еганини қусавериб, умуман ҳеч нарса емай, фақат иситма қилиб, ҳолсизланиб, ётоқланиб қолди. 1 декабрь оқшомдан эрталабгача умуман пешоб чиқармади. Сиймаётганидан хавотирланиб, 2 декабрь куни Сардоба туман тиббиёт бирлашмасидаги Суюн ака деган болалар шифокорига олиб бордик.

Ультратовуш текширув (УЗИ) қилди. Буйраклари яхши ишлаётганини айтди. «Болам аввал ҳам грипп бўларди, лекин ҳеч бунақа ҳолат кузатилмасди-ку, нега сиймаяпти?» десам, «бола қусганида сувсизланиб, ҳолсизланиб, уч кунлаб ҳам сиймаслиги мумкин», деди. Шамоллаган, кўпроқ суюқлик ичираверинг, деб иккита сироп ёзиб берди. Уйга қайтдик.

Кечки овқатга товуқ шўрва қилгандим. Берсам, яна қайт қилиб ташлади. Кечки 21:00 ларда иситмаси кўтарила бошлади. Шифокор ёзиб берган сиропларни олишга улгурмаганимиз учун яна «Док-1 Макс»дан ичирдим. Аҳволи ёмонлашавергач, такси билан туман тиббиёт бирлашмасига қайтиб бордик. Шифокор: «Бу кеча шу ерда ётсин, эрталаб сариққа анализ оламиз, хирургга ҳам олиб тушинглар, сиймаётганининг сабабини у билиши керак», деди.

Кейинги кун хирургга кўрсатсак, «бу менинг касалим эмас» деб, «детский»га чиқарди. «Детский»дагилар осма укол (капельница)лар улаб, сийдиришини айтди. Аммо шунда ҳам пешоби келмади.

Гулистон шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш маркази

Қарасак, булар ҳеч нарса қилолмаяпти. «Гулистонга олиб кетамиз», дедик. Йўлланма ёзиб беришди. 3 декабрь куни Гулистон шаҳар шошилич тез тиббий ёрдам кўрсатиш марказига бордик. Дўхтирлар дарров УЗИ қилди, бошқа «анализ»ларни олди-да, «Боланинг аҳволи ўта оғир. Иккала буйраги ишламаяпти, реанимацияга оламиз», деди. Бир кун аввал Сардоба туман тиббиёт бирлашмасида иккала буйраги ҳам яхшилиги айтилганди-ку, тушунмай қолдим.

«Нимага бундай бўлади, оддий грипп эди-ку» десак, «Ёздан бери шунақа касаллар келяпти. Болаларда ковиднинг қандайдир оғир тури ўтяпти, ўзимиз ҳам тушунмаяпмиз. Очиғини айтаман, шунақа симптом билан келганларнинг тўрттачаси ўлди, соғ қолган иккитаси ҳам неврологик касал билан чиқиб кетди. Ҳамма нарсага тайёр туринглар», дейишди. Қўлларидан келганча қарашларини илтимос қилиб, касалхонага ётқиздик.

Пешингача ҳамма текширувларини қилишди. Эртаси кундан диализ бошлашларини айтишди. Вақтдан ютқазиб, болани йўқотиб қўймайлик деб тунда, илтимослар билан, диализ қилувчи дўхтирни чақиртирдик. Касалхонада диализ аппарати ҳам йўқ экан. Турмуш ўртоғим Гулистондаги дорихоналардан бир амаллаб топиб олиб келди.

Афсуски, ўғлим «Док-1 Макс» ёки «Амбронол» сиропини ичгач, аҳволи оғирлашиб, Гулистондаги шифохонага борган ёлғиз бола эмасди. Биздан олдин бир жиззахлик бола келган экан, кейин боёвутлик бола келди. Умумий ҳисобда тўрт-беш бола ётди-да. Ҳаммаси бирин-кетин жон берди. Фақат менинг фарзандимгина омон қолганди.

Гулистондаги реанимацияда 45 кун ётдик. Фарзандим 20 дан ортиқ диализ олди, аҳволи кундан-кунга оғирлашди. Саккиз кун деганда 30−50 миллиграммдан пешоби ажрала бошлади.

Пешоб кела бошлаган пайти сийдириб туриш учун пастига катетерга ўхшаш мослама тиқишди. Уни ҳар куни алмаштириш керак экан. Икки кунча алмаштириб-қўйиб туришганди, ичини шилиб қўйдими, нимадир бўлдию қон тиқилиб, пешоб чиқмай қолди. Операция қилиб, қовуғини тешиб, шилангни қовуқдан ўрнатиб қўйишди. Уч-тўрт кун қон кетиб, бола яна оғирлашаверди. Шифокорлар ҳам «Қаердан, нимага қон кетаётганини билмаймиз», — деб ҳар куни қон тўхтатадиган укол-дориларни қилишда давом этаверди.

Бола умуман гапирмайди, кетма-кет олинган диализлар эса уни ҳолсиз ва карахт қилиб қўйган эди. Қон кетиши тўхтади, аммо аҳволи янаям оғирлашавериб, нафас олиши қийинлашиб бораверди. Томоғидан тешиб, сунъий нафас олдирувчи аппаратларни улаб ташлашди. Ўша куни оқшомида бир қон кетдию баттар оғирлашиб қолди. Бир ҳафта ўтса ҳамки ўнгланишидан дарак йўқ эди.

Ўша кунлари «Амбронол», «Док-1 Макс» ичиб, енгилроқ даража билан касалхонага келганларни Тошкентга жўнатаверишди. Икки-уч кун ўтиб, Мансурбекнинг аҳволи бироз яхшилана бошлаган эди, биз ҳам Тошкентга олиб кетмоқчилигимизни билдирдик. Аввалига: «Болангиз йўлга ярамайди. Йўл учун ўзингиз жавоб берсангиз, олиб кетинг», дейишди. Улар боламизни даволай олишига кўзимиз етмай, «кетамиз» деб туриб олдик.

Ҳатто дадаси бош врач билан жанжаллашиб ҳам қолди. «Тошкентга ордерсиз борсангиз, бир кунга фалон пул тўлайсиз, ордер учун ариза қолдиринглар», дейишди. Ордерни кутиш давомида боламнинг томоғидаги сунъий нафас олдириш аппаратларини бир соатдан ечиб қўйишаётгани, ўзи мустақил нафас олаётганини айтишди.

САМПИ

Аризадан бир ҳафта ўтиб, 13 январь куни ордеримиз тайёр бўлди. Ўшанда ҳам Болалар миллий тиббиёт марказига эмас, САМПИга чиққан экан. Икки врач ва бир ҳамшира ҳамроҳлигида реанимацион машинада Тошкентга йўл олдик. Эсингизда бўлса, ўтган йил январи жуда совуқ келганди. Бизни Тошкентга олиб кетган касалхона машинасида эса ҳатто печка ҳам йўқ экан.

Амаллаб, САМПИга етиб бордик. Боламнинг томоғи, елкаси, оёқлари, ҳамма ёғида аппаратлар улаб ташлангани, совуқда шунча йўл босиб келганига ҳам қарамай, кириш йўлагида қолдиришди. Бизни эса «онангга бор, отангга бор» қилишди. УЗИ қилиб, ҳали ҳам нефрит давом этаётгани, дори ичганларни қабул қилмасликларини айтишди.

Ўзи бизга неврологик дўхтир кераклиги учун ҳам [гулистондагилар] САМПИга жўнатган экан. Улар эса қабул қилмай, Болалар миллий тиббиёт марказига олиб кетишимизни айтди. Сирдарёдан эрталаб чиқиб кетган бўлсак, 15:00 лар бўлибди ҳамки, ҳамон кўчада юрардик, болам эса ўша ҳолича САМПИ йўлагида ётарди.

Республика болалар миллий тиббиёт маркази

Вилоятдан бирга келган дўхтирлар билан машинада Болалар миллий тиббиёт марказига бордик. Ҳамма шифокорлари тушиб, кўрди. САМПИдагилар «Реанимацияга ётқизиш керак» деган бўлса, бу ердагилари: «Бу реанимациядан чиққан бемор, неврологияга ётқизамиз, аммо пуллик», деди. Пуллик бўлса ҳам қабул қилинглар деб, илтимос қилиб, ялиниб, ўша ерда қолдирдик.

Сафарали Мансуров: Ўшанда ҳамма врачлар йиғилиб, онасини чиқариб юборди-да, менга: «Гап бундай: бу ерда ордер билан ётишга 1,5 минг бола навбатда турибди. 10 млн сўм ташласанг, болангни қабул қиламиз», деди. Мен соғлом болам сироп ичиб шу ҳолга тушгани, у ордерни кутадиган аҳволда эмаслиги, ёнимда 3−4 млн сўмдан бошқа пулим йўқлиги, боримни 45 кун шприцдан то дори-дармонгача Гулистонда сочганимни айтдим.

«Бўлмаса, қабул қилмаймиз», дейишди. «Агар қабул қилмасаларинг, боламнинг аҳволи оғирлашса, мана шу касалхонани портлатаман! Ҳаммангнинг боланг бор, оқ либос кийиб юрибсан — шу аҳволда қандай қилиб чиқариб юборасанлар? Одаммисанлар, инсонмисанлар?», деб ҳаммасига гапирдим. Шундан кейин улар ўзи ўзаро гаплашиб қолиб, мени ташқарига чиқариб юборди.

Бирга ўқиган бир курсдошим бир вазирликда ишлаган эди. Шунга телефон қилиб, ҳолатни тушунтиргандим, барака топсин, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бир рақам берди. Йиғлаб, ўша одамга телефон қилдим. «Нимага йиғлаяпсан?», дейди. «Боламни қабул қилмаяпти, ўзим камбағалман. Камбағал ўлиб кетаверадими, пули бор болницада ётаверадими, ака?», дедим. «Қайси бўлимда ётибсан?», деди. Бўлимнинг номини айтдим. «Ҳозир шошмай тур, болангни қабул қилади, қани ётқизмасин-чи», деди-да, телефонни ўчирди. Беш дақиқадан кейин биттаси олдимга югуриб келиб, «Сизни чақиряпти», деди. Мен ҳам боламга бир нима бўлибдими, деган хаёлда югуриб кирдим.

Қарасам, ҳамма нарсани тахт қилиб, болани каравотга ётқизиб бўлишган экан. «Болангизни ётқизмоқчи эдик-ку, сиз кимга телефон қилдингиз, ҳеч жойга телефон қилманг», деб Болалар миллий тиббиёт марказининг каттаси менга ялиняпти. «Сизлар зўр келгандан кейин қараркансизлар-да. Боя одамни менсимаётгандиларинг, нега энди бирдан ўзгариб қолдиларинг?», дедим. Вазирликдаги ўша инсон телефон қилгандан кейин ҳаммаси эътибор қилиб, қараб қолди. Ҳатто кимлигини ҳам билмайман, ким бўлса ҳам отасига минг раҳмат, барака топсин!

Боламни тепага олиб чиқишди. Реанимацияга эмас, бўлимга ётқизишди. Онаси: «Бунинг аҳволи оғир, реанимацияга олинглар, мен уддалай олмайман», деди. Гулистондаги дўхтирлар томоғини тозалаб турарди. «Томоғига қўйилган шланкада балғам туриб қолса, бола кетиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас», дейишганди. Агар бўлимда ётадиган бўлса, шунақа ишларни ҳам онасининг ўзи қилишига тўғри келарди. Аввал реанимацияда дўхтирларнинг ўзи қараб юрган, онаси эса буларни қандай қилишни билмас, тушунмасди.

Феруза Мансурова: Томоғидаги аппаратни тозалашни мен бир марта ҳам кўрмагандим. У ерда 20 та касалга иккита ҳамшира тўғри келар экан. «Биз фақат укол-дорисини қиламиз, қолган муолажаларни ўзингиз қилишингиз керак», дейишди. «Мен билмайман, кўрсатинглар», десам, «Бир марта кўрсатамиз», деб ўзлари амаллаб қилишди.

Ўша куни совуқда келганимиз, ўғлим САМПИ коридорида соатлаб қолиб кетгани ҳисобига томоғида балғам қотиб қолган экан. Кечқурун ҳар хил томчи дориларни улаб ташлашди. Ҳамма чиқиб кетди. Тунда отасини ҳам чиқариб юборишган, палатада ўзим қолгандим. 21:00 лар атрофи, врачлар ҳам кетишга тараддудланаётган экан. Болам нафас ололмай, кўкариб қолди. Ҳалиям чиқиб кетишмаган экан, дўхтирларни чақирдим.

Икки врач югуриб келиб, кўтарди-да, замбилга солиб, реанимацияга югуриб кетди. Ўша пайт «болам кетди!» деб ўйладим (йиғлаб юборади — таҳр.). Энди аҳволимни тасаввур қилаверинг. Ўша манзара кўз олдимдан ҳеч кетмайди. Зўрға дадасига телефон қилдим, қайтиб кирди. Ўзим ҳам тамом бўлгандим. Бирпасдан кейин ҳамшира қўлимга қонга ботган иштончани чиқариб берди (янада кучлироқ йиғлаб юборди — таҳр.). Борган сари ўғлимнинг аҳволи оғирлашганини билиб юрганим учунми, иштончасини кўриб, «ҳаммаси тамом!», деб ўйладим. Ҳамшира: «Қўрқманг, қўрқманг, ҳеч нарса қилгани йўқ», деди-да чиқиб кетди.

Ўша куни реанимацияга олди. Гулистонда реанимацияга ётганда ҳар икки-уч соатнинг ичида беш дақиқага бўлса ҳам олдига кириб чиқардик. Ҳар икки соатда овқат берар, меваларни блендердан ўтказиб, зондда жўнатарди. Бу ерда эса ҳар уч соатда бераркан. Миқдори ҳам кам экан. Олдин 200 грамм еган бўлса, энди 100 грамм қилиб ташлаганди.

Бир сутка ўтмагунча кўрсатмас ҳам экан. Охирги марта кўрганимдан роппа-роса бир сутка ўтиб, киритишди. Болам Гулистондан 45 кун қандай азоблар чекиб ётган бўлса, ўшандан ҳам баттар аҳволга тушиб қолган эди. Фақат кўзи қолган, бўлди. Ҳеч нарса сезмайди, билмайди, озиб кетган.

Дадаси Сирдарёдан Тошкентга қатнаб турганди. Реанимацияга кирганининг учинчи куни кўрди. Мен айтсам, «овқат беряпмиз, беряпмиз», дейишди-да, ўзимизни киргизмагандан кейин, улар нима, қанчадан бераётганини билмаётгандик. Ҳар уч соатда 100 граммдан қилиб, шўрванинг сувини олиб бориб берсам олишаркану, «Йўқ, бизда мумкин эмас», деб беришмаган экан. Дадаси врачларнинг ёнига кириб, «овқат-повқат беринглар, тамом қилибсизлар-ку», деб яна қаттиқ-қаттиқ гапирганидан кейин, «овқатини олиб келаверинг, граммини кўпайтиринг», деб қолишди.

Шундан кейин аҳволи анча яхшилигини айтиб, реанимациядан бўлимга олиб чиқинглар, дейишди. Бўлимдаги невролог дўхтир эса «яхши бўлгунича реанимацияда турсин, сиз эплолмайсиз», деди. Кейин ўзлари: «Томоғидаги трубкани олиб бериш йўлини қиламиз, сиз қилолмас экансиз», дейишди. У ёғига қарашди, бу ёғига қарашдида «Синаб кўрамиз. Агар ўзи нафас олиб кетса, олиб ташлаймиз, нафас ололмаса, қайтариб қўямиз. Лекин бу азоб, нима қиласиз?», дейишди. «Нима қилсангиз ҳам фақат қийнаманглар, илтимос», дедим. Бир ҳафтада томоғидагини олиб берди. Худога шукур, ўзи нафас олиб кетибди.

Миясидаги заҳарларни чиқариб юбориш учун ёшига қараб, млн-млн сўмлик дорилар қилишди. Дўхтир: «Худди телефоннинг хотираси ўчиб қайта тикланганидек, бу дорилар ҳам мияни ўчириб, хотирани қайта тиклайди», деб тушунтирди. Шунинг ҳисобига боламиз ўзига келгандан кейин ҳеч нарсани эслолмади. Гапирмасди, кўрмасди, юрмасди.

Реанимациядан чиққач, Тошкентда яна 10 кун ётди. Аҳволи у даражада енгил эмасди. Шунда ҳам «кунларингиз тугади», деб чиқариб юборишди. 2 февраль, Тошкентдан чиқаётган кунимиз бир-икки гапира бошлади. Пешоби ҳам 90−95 фоиз кела бошлаган эди. Фақат кўп ётаверганидан кейин нафас йўлларида қўшимча касалликлар кўпайиб кетган, назаримда, қандайдир неврологик касалликлари ҳам бор эди.

Ўша куни МРТ қилишган экан, миясида сув кўп чиқди. Нейрохирургга кўрсатишган экан: «Анализ учун умуртқадан функция оламан, лекин бу жараёнга жавоб бермайман. Ҳар хил ҳолат бўлиши мумкин: Бир хил болаларга нарса қилмаслиги мумкин, кимлардир ногирон бўлиб қолиши ёки ўлиши ҳам мумкин. Мен шу анализни олиб, миядаги босимни ўлчамасам, аниқ бир ташхис айтолмайман», дебди.

Невролог дўхтир «Миянинг емирилган жойи тикланмайди, бу сув ҳам кетиши қийин. Булар ёш, янги касал, шунинг учун биз билмаймиз. Балки кўп ҳаракат қилавериб, яхши бўлаверса, сув ҳам камайиб, кетиб қолар. Босим кучли бўлса, операция қилиб, тушириб кўришимиз керак», деди. «Буёғи Худодан, шунча қийналгани етади», деб ҳеч нарса қилдирмаслигимизни айтдик. Яхшиям қилдирмаган эканмиз, болам аста-секин тикланаверди.

Яна Гулистон. Аввал неврология, кейин реанимация, сўнг уйда даволаниш

2 февраль куни чиқиб кетар чоғимиз Тошкентдагилар: «Боланинг ёнига ҳеч ким кирмасин. У ҳозир инфекцияни ҳам кўтаролмайди. Иложи бўлса, алоҳида хонага олиб, парвариш қилинглар, фақат яхши қаранглар», деб тайинлади. Гулистон шаҳар кўп тармоқли болалар шифохонаси неврология бўлимига бордик. Совет давридан қолиб кетган, эски касалхона экан. Хоналари икки-тўрт кишилик. Илтимос қилсак ҳам, «Бизда ундай шароит йўқ», деб алоҳида хона беришмади. Шароитлари ёмон, боламиз ундан-бундан инфекция, грипп юқтириб олаверди.

Бир ҳафта ичида аҳволи оғирлашиб, нафаси қисиб қолаверди. Томоғидаги трубкани олиб ташлаганида ўша жойи чандиқ бўлиб битган экан. Сал шамолласа, шишиб, нафаси қисиб қолар экан. Неврологиядан реанимация бўлимига ўтказдик. У ерда ҳам яна бир ҳафта-ўн кун ётди. Ўша пайтлари кўзи ҳам кўрмасди.

Қарасак, ҳали-бери бу ерлардан кетадиган эмасмиз. Шунча вақт ичида уйдаги тўрт қизнинг олдига қатнайвериб, ўзимиз ҳам сарсон бўлдик, улар ҳам анча ичикиб қолди. Шифохонанинг ёнидан бир уйни ижарага олиб, болаларни ҳам келтириб, ўша ерда яшай бошладик. «Аҳвол сал яхшиланган, ҳадеб касалхонада ётавергани билан ҳам яхши бўлмайди, телефонлашиб турамиз», деб уйга жавоб беришди.

2 февралда Тошкентдан Сирдарёга қайтган бўлсак, 27 февралда реанимациядан квартирага чиқдик. Шу орада Болалар миллий тиббиёт маркази учун ордерга ариза бердик. Квартирада 10−15 кунча тургандик, яна мазаси қочиб қолаверди. Бир қадамгинага дўхтирларнинг олдига чиқардик, дорилар ёзиб берарди, қайтариб олиб келиб, уйда қарайверардик.

Яна Тошкент, яна Болалар миллий тиббиёт маркази

Боламиз дори олаверганига аллергияси қўзиб, тошмалар чиққан, ичи дорихона бўлиб кетган пайтлар эди. Массаж оларди, оёғини энди-энди, сал-сал босаётганди. Лекин ҳали кўзи кўрмасди. Гулистондаги кўз шифокорлари кўриб кетишида муаммо бўлишини айтганди. 28 мартларда «Тошкентга ордерларингиз навбати келибди», деган хабар келди. Бу ҳам бир ёруғлик, умид-да! Яна Болалар миллий тиббиёт марказига бордик.

Шифокорлар: «Бола организми уколдан чарчаган, укол-дорилар қилмаймиз, бош мияси учун ичиб юрган сиропларини давом эттираверсин, ёзиб бераётган витаминларни қабул қилсин, ҳаракатни тикланиши учун кўпроқ массаж олиши керак», деди. Бир ҳафта ётдик, аҳволи яхшиланган, дўхтирлар ҳам «жавоб берамиз» деб турган кунлар эди. Ҳам ўғлимнинг ўзи ҳам касалхонада ётавериб тоза зада бўлган, зерикиб, «кетдик-кетдик» деяверарди.

МРТ қилди. «Бошида ҳалиям сув бор, емирилиш турибди. Агар ҳаракати яхшиланиб кетса, ҳеч нарса қилмайди. Лекин бир талваса бериб қолса, ўлиши ҳам ҳеч гапмас. Биз кафолат беролмаймиз. Уйда ҳам парваришни тўхтатманглар, иммунитетини кўтаринглар, еб-ичишини яхши қилинглар, грипп бўлишига йўл қўйманглар, ҳозир гриппни яхши қабул қилмайди», дейишди. Ҳаммаси яхши чиққани учун 4 апрель куни уйга қайтавердик.

Шу пайтлар энди-энди 5−10 метрлик масофаларни кўра бошлаганди. Гапириб кетган, «Бу нима, бу нима?», деб кўп сўрар, қўлидан ушласак, юришни бошлаганди. Худди янги туғилган чақалоқни катта қилгандек ҳамма нарсани қайтадан ўргата бошладик. Худога шукур, болам қайта туғилди!

Аввал уй, кейин Гулистондаги реанимация

Уйда шароитимиз бироз оғир. Келсак, бошқа болаларимиз ҳам гриппга чалинган экан. Қанча ҳимояламайлик, икки-уч кунда ўғлимизга ҳам юқди. Яна Гулистондаги ўша реанимацияга бориб, беш кунча даволандик. Кейин май келди. Майнинг бошида ҳам яна беш кун ётдик. Реанимациядан доимий қарайдиган дўхтиримиз бор эди. Тинчроқ деб кардиологиями, пульмонология бўлимиданми жой қилиб берди. Майнинг охирида борганимизда шу ёққа ётдик. Июннинг ё боши, ё охирида яна ўша, адашмасам, кардиология бўлимида ётдик.

Йўталиб, бўғилиб, нафаси қисиб қолгани учун ёз бўйи деярли ҳар ой, баъзан бир ойда икки марталаб, беш кун-беш кундан ҳар хил бўлимларга ётиб даволанаверганмиз. Августда яна шамоллади, яна реанимациядаги врачга кўрсатдик. Дорилар ёзиб берди. Дори оламиз деб дорихонага киргандик, дорихонадаги қиз ҳам таниб қолган-да, «Бугун Тошкентдан Ҳаёт ака деган уролог келади, шу кишига ҳам бир кўрсатинглар», деди.

Кўрсатдик. Ўғлим: «Белим оғрияпти», деганига белини кўрди. Сийишига қийналаётганди, буйракларини яна УЗИ қилди. Аввалги таҳлиллар, касаллик қоғозларини кўриб, «Ичкарисидан яллиғланиш, циститга ўхшаган нарса бор», деган хулоса берди. Йўталдан қийналаётганимиз, ҳар ой йўтал бўлиб қолаётганини айтдим. Бир свеча дори, яна салкам 1,5 млн сўмлик дори ёзиб берди.

Деярли бир йиллик дори-дармонлар, дўхтирма-дўхтир даволанишлар, касалхонадаги ҳаётдан кейин кўпчиликнинг оғзининг бир бурчагидан осонгина чиқиб кетадиган 1,5 млн сўм — биз учун осон, оддий рақам эмасди!

Дори-дармонларни қила бошладик. Ҳар ой йўталгандан кейин бояги дўхтир айтган свечаларини қилсак, сал ўзига келиб қолади. Шифохонага олиб бормасак ҳам буларнинг барчаси дўхтирларнинг назорати остида бўлади. Мазаси бўлмай қолдими, дарров телефон қиламиз, тавсиялар беришади, давом этамиз.

Шифокорларнинг айтишича, томоғидаги нотўғри битиб қолган чандиқ сўрилиб кетишига 1−1,5 йил вақт керак экан. Шу сабаб йўталдан ҳалигача қийналяпмиз.

«Док-1 Макс» иши бўйича тергов

Феруза Мансурова: 2022 йилнинг 21 декабрида телевизорда самарқандлик дўхтирлар болаларнинг ўлими ва ўғлимникига ўхшаган симптомлар билан касалланишида «Док-1 Макс»дан шубҳа қилиб чиққани ҳақида кўрсатишди. Ўғлим Гулистонда диализ олаётган пайтлар эди. Бир уролог келиб, ўша лавҳани яна кўрсатиб, «Сиз ҳам шу доридан берганмидингиз?», деди.

Гулистон шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш маркази қабулхонасида касаллик тарихини тўлдираётган ҳамшира: «Уйда қайси дориларни бергансиз?», деб сўради. «Док-1 Макс» бериб юрганимни айтишим билан: «Бошқа болаларингизга ичирмаганмисиз?», деб юборди. «Йўқ», дедим. «Ташлаб юборинг, бошқалари ичиб қўймасин яна, ҳозир шу доридан шубҳа қилишяпти», дегани эсимда.

Буни эшитиб, дадаси икковимиз шифохона бош врачига кирдик. «Шу доридан бергандим, тўғри муолажа қилиняптими?», десам, у: «Бу тахмин», деб эътибор қилмади. Ўзимнинг ичимга ўт тушиб, уйга бориб дорини қидирдим. Топсам, ичида озгина, бир-икки ичишлик, тахминан 5 миллиграммларми қолган экан.

Шу билан 27 декабрь куни телевизорда ««Док-1 Макс»нинг ичидан 300 баробардан кўп миқдорда заҳарли модда аниқланди», дейилди. Қўлимда сиропнинг идиши билан яна врачларга мурожаат қилсак, «Биз экспертиза эмасмиз-ку, экспертизага беринг-да», деди.

Прокуратуралар ҳам шу воқеадан кейин қимирлаб қолган экан. Кўп ўтмай бирга ётган шерикларимизга ҳам прокуратурадан телефон қилишди, бизни ҳам Сардоба туман прокуратурасидан чақиришди. Шерикларимиз-ку ўзи ариза ёзган экан, шекилли. Лекин биз бу бўйича ҳали ҳеч қаерга мурожаат қилмагандик. Ўзимча шифохонадан «Док-1 Макс» ичиб ётганларнинг рўйхатини олишган бўлса керак, деб ўйлагандим.

Феруза Мансуровадан терговга чақирилганини тасдиқловчи ҳужжатни сўраганимизда, уни телефон қилиб чақиришгани, унга чақирув қоғози ёки терговда кўрсатма берганини тасдиқловчи бирор ҳужжат тақдим этилмаганини маълум қилди.

Сафарали Мансуровда ҳам иш бўйича масъул идораларга ёзган аризаларининг нусхалари мавжуд эмас. Ёзган аризасининг нусхасини сўраб, ДХХ Гулистон шаҳар бошқармасига 2024 йил 17 январь куни мурожаат қилганида, аризанинг асл нусхаси Тошкентга жўнатилгани, уларда ҳеч қандай нусха қолмагани билдирилган.

Феруза Мансурова 18 январь куни Сардоба туман прокуратурасига бориб, боласининг ҳақиқатдан «Док-1 Макс»дан ногирон бўлиб қолган ҳолатини тасдиқловчи экспертиза хулосаларини сўраган. Унга ҳужжатлар Тошкентга топширилгани ва агар нусхаси керак бўлса, ариза ёзиб мурожаат қилиши кераклиги тушунтирилган. Мансурова ариза ёзган.

Феруза Мансурова: 28 ёки 29 декабрь эди. Сиропнинг идишини ҳам ўзим билан олдим-да, бордим. Бўлган воқеани айтиб бердим, идишни ҳам топширдим. Ўша пайти идишни расмларга тушириб, бир-икки қоғозларга қўл қўйдириб олишди. Шоҳрух исмли терговчи кечгача сўроқлаб, «Ҳозир уйингизга ҳам борамиз», деб жавоб бериб юборди.

Кўп ўтмай, «Экспертизадан, департаментданмиз», деб уч киши келди. Ораларида ўша терговчи — Шоҳрух ҳам бор эди. «Нима берган, қачон ичган», деб ҳаммасини сўраб, расмга олиб, қўшниларимни гувоҳ қилиб, ҳужжатлар тўлдирди. «Энди бир сўм ҳам харажат қилмайсизлар, давлатнинг ўзи ҳимоясига олади, ўзимиз ёрдам қиламиз», — дедию шу билан ҳеч қанақа ёрдам кўрмадик.

Янги йил ўтгандан кейин Сирдарё вилояти Соғлиқнинг сақлаш бошқармасидан келиб, болани текшириб, Тошкентдан яна врач чақириб, «Ёрдам қиламиз, ҳаммасини ўзимизнинг бўйнимизга оламиз» дейишди-ю, улардан ҳам дарак бўлмади.

Ўшанда ётганлар орасидан битта менинг болам тирик қолганди. «Сирдарё», «Зўр ТВ» телеканалларидан журналистлар келиб, «Док-1 Макс»дан жабрланган, деб съёмкалар қилиб кетишди.

Рўйхат масаласи

Сафарали Мансуров: Болалар миллий тиббиёт марказида айнан шу доридан кейин аҳволи оғирлашиб ётган бошқа шерикларимиз билан Telegram’да гуруҳ очгандик. Августда суд бошланганини эшитиб, ота-оналар йиғилиб, боришга келишгандик. Орада боласи нобуд бўлган айрим ота-оналар уларни судга чақиришганини ёзиб қолди. Уйда ўтиролмай, чақирилмаган бўлсам ҳам судга бордим. Бизнинг фамилиямиз йўқлигини айтсам, «Ҳозир судда боласи вафот этганларнинг яқинлари қатнашади, ногирон бўлиб қолганларникини кейин ўзимиз чақирамиз, исм-фамилияларингни ёздириб кетинглар», дейишди. Ёздириб, уйга қайтдим.

Кутиб, янгиликларни кузатиб, бошқа шериклар билан хабарлашиб юрдим. Бу орада боласи вафот этган баъзи ота-оналар кўрсатма учун чақирилганини айтиб қолар, боласи ҳаёт бўлган бошқа ота-оналар эса терговдан келиб-кетишганини айтарди. Бизга ҳеч ким келавермагач, ҳаммасидан каттаси прокуратура бўлса керак-да деб, яна Сардоба туман прокуратурасига бордим. Улар: «Ишингизни Тошкентга жўнатганмиз, бошқа ёрдам қилолмаймиз», дейишди. «Ҳеч бўлмаса, тафсилотларини аниқлаб беринглар» десам, «Майли ҳаракат қиламиз», дейишди.

Жавобини билиш учун телефон қилсам, терговчи Шоҳрух: «Ўзингиз Тошкентга боришингиз керак, очиқ суд бўляпти», деди. «Очиқ судку бўлиб ётибди. Лекин фамилиямиз бўлмаса, фойдаси йўқ. У ерда фақат рўйхатда борлар кўрсатма беради», дедим. Ундан экспертиза қоғозларини сўрасам, қўлида эмаслиги, Тошкентга кетганини айтди.

20-декабрларга яқин ногирон бўлиб қолган жиззахлик боланинг дадаси телефон қилди. «Бизникига 5 декабрда ҳам терговчилар келиб, ётган касалхонасида ҳужжатларни расмийлаштириб, „Сизни ўзимиз судга чақирамиз“, деб кетди. Ундан аввал Соғлиқни сақлаш вазирлигиданмиз деб бир талай одамлар келиб, ваҳима қилиб, боламни кўриб „Болангизга ўзимиз қараймиз, операциясига ҳам ёрдам қиламиз“, деб кетганди. Сизнинг болангизга ҳам келишдими?», деди. «Йўқ» десам, «Сиз қаерга ёзгандингиз?», деди. Прокуратурага ёзганимни айтсам, «ДХХга боринг», деди. «Туманникига борайми, Гулистонникига борайми?», десам, «Тўғри каттасига, Гулистонникига бораверинг», деди.

Гулистон шаҳар ДХХга борсам, ташқарида биттаси турган экан. Ҳолатни айтсам: «Сизнинг ишингизни ким кўрган, шу воқеа бўйича ким тергов қилган?», деб сўради. «Сардоба туман прокуратурасидаги терговчи», дедим. «Биз сизларнинг ишларингизга аралашмаганмиз, сизлар бизга мурожаат қилмагансиз», деди. «Билмасам, мен прокуратурага ёзгандим. Ҳозир жабрланганлар судга қатнашяпти, биз қатнашмаяпмиз. Кўп қонунга тушунмайман, сал йўл-йўриғини ўргатинг», дедим. «Юринг, киринг, ариза ёзасиз», деб айтди.

Шеригим судда иштирок этиш учун ёзган аризаси ва илтимосномасини ташлаб берганди. Бояги ходимга шуни кўрсатдим. Шу аризанинг намунасида боламнинг қачон туғилгани, исм-фамилияси, қачон сиропни ичиб, қачон заҳарлангани, қачон қаерларда даволаниб чиққанини кетма-кетликда ёзиб, «Судда иштирок этишим учун рухсат берингизни сўрайман», деб ручкада ёзиб бердим. Бир варақ тўлиб, орқасига ҳам ўтганди. «Юборамиз. Бориб тушгач, ўзлари чақиради, сабр қилинг», — деди ўша ходим. «Шерикларим ёзгани каби илтимоснома ёзишим керак эмасми?», деб сўрадим. «Йўқ» деди. Аризадан ҳеч қандай нусха бермади.

Кутдим, дарак бўлавермайди. Январда суд қайта бошланганини эшитиб, Тошкентга боришга қарор қилдим. 10 январда бораман деб режалаб қўйдим. Ўшандан бир кун олдин — 9 январь куни уйга бир хат келди. Ўзбекистон ДХХ Тергов бошқармаси томонидан 2023 йилнинг 26 декабрида чиқарилган хат икки ҳафтада — 2024 йилнинг 9 январь куни қўлимга келибди:

Ўзбекистон Республикаси ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Сизнинг фарзандингиз Кимамов Нодир Сафарали ўғли «Док-1 Макс» (сироп) дори воситаси истеъмол қилганлиги натижасида соғлиғининг ҳолати жиддий ёмонлашганлиги ва уни даволаш учун жуда кўп маблағ сарфланганлиги муносабати билан, Сизни «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУКнинг собиқ мансабдор шахсларига нисбатан бўлган жиноят иши доирасида жабрланувчи ва фуқаровий даъвогар деб эътироф этишни сўраб, йўллаган аризангиз ўрганиб чиқилди.

Аризангиз «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника эскпертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУКнинг собиқ мансабдор шахсларига нисбатан бўлган жиноят иши материалларига бириктирилганлиги, ундаги ҳолатлар дастлабки тергов жараёнида текширилиб, натижаси ҳақида Сизга қўшимча равишда хабар берилишини маълум қиламиз.

Тергов бошқармаси бўлими бошлиғи У.У. Тўхтасинов.

Тергов тугагандирки, суд қайта бошланган. Лекин бизни на терговга ва на судга чақиришди. Режа қилганимдек, 10 январда судга бордим. Жараён бошланмасдан олдин судьянинг ёрдамчисига ўғлимнинг исм-фамилиясини айтиб, «Ногирон бўлиб қолган болалар рўйхатида борми?», деб сўрадим. Ўғлим рўйхатда йўқ экан.

Тушлик учун танаффусда суд зални кесиб ўтдим-да, чиқиб кетаётган прокурорга «Бир минутга шошманг», дедим. «Хўш, хизмат», деди. «Мен жабрланувчиман», деб прокурорга айтиб тургандим, орқадан судья, ёрдамчиси келди. «Боламнинг фамилиясини cудья ёрдамчисидан сўрасам, рўйхатда йўқлигини айтди. Лекин шу рўйхатда борлар билан бир касалхонада ётганмиз. Қандай қилиб менинг ўғлим йўқ бўлади? Шунинг орқасидан юрибман. Ўзимизнинг туман, вилоят прокуратурасига, ДХХга борсам, „Тошкентга бор“, деб ётибди. Ёрдам беринглар», дедим.

Прокурор ва судья ёрдамчиси: «Бу бизнинг вазифамиз эмас. Биз қўлимизга келиб тушган ишларни кўрамиз», деди. Судья эса «Хавотир олманг, ишдан қолиб кетмайсиз», дегани эсимда. Уларга ДХХдан келган хатни кўрсатдим. Учаласи ҳам кўрди. Судья ёрдамчиси кимгадир телефон қилиб гаплашди-да, «Ишингиз бўйича тергов кетаётган экан», деди. Тергов бўлаётган бўлса, шу пайтгача нега ўзимнинг хабарим бўлмайди, деб ҳайрон қолдим. Cудья ёрдамчиси: «Ўзингиз тарафдаги ДХХга учранг», деди.

Уйга қайтиб, прокуратурадан доимий алоқада бўладиган терговчи Шоҳрухга телефон қилсам, мени «блоклаб» қўйганми, икки кунча телефон қилиб ҳам тушолмадим. ДХХнинг Гулистон шаҳар бошқармасига ариза ёзиб топшириб келган одамга телефон қилсам, «Ҳужжатларингизни Тошкентга юборганмиз. Ишингиз Тошкентда кўрилади. Мен аралашолмайман», деди. «Унда ҳеч бўлмаса, Тошкентда шу бўйича ишлаётганларнинг рақамини олиб бер», дедим. Иккита рақамни берди. Иккаласига ҳам ўн марталаб телефон қилдим, кўтармаяпти.

17 январь куни бўладиган судга бошқа шерикларимиз кўрсатма бериш учун чақирилиб, кўрсатма ҳам бериб келди. Бизга эса шу пайтгача ҳеч ким боғланмади. Шунга ҳозир «Судга қатнашайми?», деб ичимни еб ётибман. Ҳақиқатни кўряпсиз-ку. Бизнинг туман, вилоят ДХХ умуман ишламаяпти, бошқа вилоятларники ишлаяпти, қиляпти-ку. Ҳаммаси учун ўзим югуриб юрибман. Унисига телефон қиламан, бунисига телефон қиламан — жим.

17 январь куни 18:00 дан бироз ўтиб Гулистон ДХХга боғланиб, аризамнинг нусхасини сўрадим. «Аризанинг оригиналини бериб юборганмиз, бизда ҳеч нарса қолмаган. Сизга Тошкентдаги ДХХдагиларнинг телефон рақамини бергандик-ку, ўшалардан бориб олсангиз бўлади», дейишди. Ишим ҳақида сўрасам, «Биз юқорига топширганмиз», — деди.

18 январь тонгида Гулистон шаҳар ДХХга бордим. Ўзини Аббос деб таништирган ходим: «Тошкентга боринглар, бу ерда вақт ўтказманглар, ишингизни Тошкентга оширганмиз», деди. Судда кўрсатма берган танишларимиздан суд котибининг рақамини олиб, унга телефон қилдим. «Сиз, „Ўзларингизнинг ДХХга боринг“, дегандингиз, улар Тошкентга боришимни айтишяпти», десам, «ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармасига келинг. Биз бу ишга аралашолмаймиз, фақат қўлимизга келган ишлар билан шуғулланамиз», деди.

Энди нима қилишга ҳам ҳайронман. Нега мен яна Тошкентга боришим керак? Ҳаммаси учун ўзим югурсам, яшайдиган ҳудудимдаги прокуратура, ДХХ нима учун ишлаб юрибди?! Агар бирор кимдан йўл харажатларим учун қарз ололсам, 19 январь куни боришим мумкин.

Сафарали Мансуров 19 январь куни ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармасига борган.

«ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармасига бордим. Ҳолатни айтсам, „Ариза ёзиб кетинг“, дейишди. „Шунча жойга келиб фақат ариза ёзиб кетаманми?“, дедим. Кейин бир қиз келиб гаплашди. Исмини айтмади. „Сизнинг ишингиз бўйича тергов давом этяпти“, деди. „Ногирон болалар бўйича суд иши бошланди-ку“, дедим. „Ишга кейин қўшилган 5−6 кишиники ҳали давом этяпти“, деди. „Биз кейин қўшилмаганмиз, бошидан бормиз-ку“, десам, бирор тузук жавоб айтмади. „Ишингизни тезлаштирамиз“, деб, ўзим билан олиб борган барча ҳужжатлар (рентген, МРТ қоғозлари, касалхоналарда ётиб даволаниб чиққанда ёзилган шифокорлар хулосалари ва бошқалар)ни нусхалаб олди, телефон рақамимни ҳам олиб қолди», — деди «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда.

Судга қатнашишдан мақсад

Сафарали Масуров: Худога шукр, болам юроляпти, гапироляпти, кўроляпти, лекин жуда асабий. Аввалги воқеалар эсидан чиқиб кетган. Воқеа бўйича жабрланувчилар рўйхатига қўшилиш ва судда иштирок этишини хоҳлашимиздан мақсад — қонуний товон пули олиш. Ўзимга қолса, уларнинг бир сўми ҳам керак эмас. Боламнинг бир соат кейини, эртасини ўйлаб игнанинг устида тургандек яшаяпмиз. Боламнинг бошидан нималар ўтганини билдингиз. Энди уни доимий даволатиб, шифокорларга кўрсатиб юришимиз керак. Қолаверса, бўйнимда тўлаганларимдан ташқари 150 млн сўм қарзим бор.

Яшаб турган уйимиз укамнинг номида эди. Менинг номимга ўтказамиз деб юрган пайтларимиз болам касал бўлиб, югур-югурлари билан қўлимиз тегмади. Пул керак бўлиб, уйни сотувга қўйсам, зарур экан, бераверади дебми арзонгаровга сўрашди. Укамнинг қўлида ўша пайтлар пул бор эди. «Ука, барибир уй сенинг номингда. Менга қарз бериб тургин», — деб ундан 8 минг доллар олдим. 150 млн сўмнинг қолгани эса бошқа танишлар, қариндошлардан олинган. Ҳозир ўзимнинг уйимда худди ижарада тургандай яшаяпман. 8 та молим, 20 та қўйим бор эди, барини сотдим. Ишонасизми, товуғимгача сотдим.

Биласиз, Тошкентга бир кунда бориб келишнинг ўзи фалон пул. Ўғлим онаси билан Тошкентда ётганида вилоятдан пойтахтга ҳар куни қатнадим. Қишда таксилар 100 минг сўмлаб бўлиб кетарди. Бир кунда икки мартадан такси харажатлари, онасига, ўзига уч маҳал иссиқ овқат бериш керак. Дўхтирлар олма, банан, нок, турли шарбатлар, гўштли овқатлар беришни тайинлаганди. Айтганини қилиб келяпмиз. Молнинг тилини қайнатиб берамиз, илик берамиз. Ўзимиз емасак ҳам шу боламизга қараяпмиз.

Ўзим мавсумий ишларда ишлайдиган устаман. Ҳозир ҳам кунлик ишлар чиқмаса, ишламаяпман. Аёлим ҳам ҳеч қаерда ишламайди. Боланинг олдида турмаса бўлмайди-да. Беш болани онасининг ўзига ташлаб узоққа ҳам кетолмайман. Россияларга чақиришяпти. Бўлмаса, бугуноқ кетардим. Тезроқ қарзимдан қутулайин, деб.

Шу давлатнинг соғлиқни сақлаш тизимига минг лаънат бўлсин. Доридан заҳар чиқишга чиқибди, бўладиган иш бўлибди, лекин шу соғлиқни сақлашдагилар одамларнинг пулига қарамай вақтида, керакли ёрдамни қилса бўларди-ку. Бойи бор, камбағали бор. Бойи бир амаллаб қаратгандир, камбағали ўлиб кетган. Кўзимнинг олдида нечтаси ҳалок бўлди. Ўша қишнинг чилласида қаердан пул топасиз?

Ҳеч кимга кунинг қолмасин экан. Боламнинг даволаниши учун пулдан ёрдам қилганда мен бунчалик азоб чекмасдим. Ўз дардим ўзимга етади. Пул муаммоси умуман «давления» қилиб юборди.

Шу пайтгача давлатдан ёрдам сўраган эркак эмасман-да, ор қилардим. Маҳалла бир марта 400 минг, бир марта 600 минг сўм ёрдам қилди. Битта дорисига ҳам етмайди. Бир миллионлик дорилардан нечта сотиб олдим. Даволаниш пайтида Гулистондан дорилару катетерлар топилмаганида бир жўрам тун ярмида уйқуси бузилиб, Тошкентдан жўнатиб турди. Бошимиздан ўтганларни ўзимиз биламиз, Худо билади.

Шунча азоб чекиб, судда қатнашмаслик алам қилади-да. Мени боламнинг келажаги қизиқтиради. Шуни тўлиқ даволатсам бўлди. Ушлаб ўтирганларини қамайдими, отиб ташлайдими, нима қилса ҳам қизиғи йўқ. Шунга ким сабабчи бўлганини Худо билади, Ўзи жазосини берсин.

Феруза Мансурова: Ўғлимизни бу ёғига ҳам қаратиб, даволатиб туришимиз керак. Ҳозир эса умуман иложимиз йўқ. Ўтган йили апрель ойида охирги марта Болалар миллий тиббиёт марказидан қайтаётганда МРТ қилдирганимизда миясида ҳали ҳам сув ва емирилиш борлигини айтишганди. Ҳозирги аҳволини билиш учун яна Болалар миллий тиббиёт марказига кўрсатишимиз керак. Ордеримиз йўқ, текширувлар пулли бўлади. Тўғриси, бунга маблағимиз етмайди. Олаётган пенсияси билан амаллаб, ўзини едириб ўтирибмиз.

Ҳозир ҳеч нарсамиз қолмаган. Ўпкадаги ҳишшиллаган овози кетмаяпти. Доимий даволанишда бўлиб, санаторияларда ўпкаларини чиниқтириши керак экан. Пулимиз йўқлигидан бундай парваришлар ҳам қилолганимиз йўқ. Шунча азоблардан кейин ҳам боламнинг тирик қолганига шукур қиламан.

Орқамиздан қариндошларимиз борса, шифокорлар: «Боласи бўлмайди, ўлади, ота-онасини тинчлантиринглар», деган экан. Бирови аниқ айтарди, бирови кўнглимизга қарарди. Ҳар куни «Яхшими, ўзгариш борми?», деб сўрасак, «Яхши бўлса реанимацияда ётардими?», деб жавоб беришарди. Кундан-кун орқага кетарди. Ёнидагилар бирин-сирин вафот этганда шунақа тамом бўлардим. Орада ўзимнинг соғлиғимни йўқотдим. «Давления», юрак санчиши орттириб олдим. Бундай кунлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

Боламнинг келажагини ўйласам, қўрқаман (йиғлаб юборади — таҳр.). Қачондир «судорага» бериб қолса, бир гап бўлиб қолса-чи, деган ҳадикда яшаб келяпмиз. Юрак ҳовучлаб яшаш жуда азоб. Яхши даволатиб юрсак-ку, қўрқувлар ҳам эсимиздан ҳам чиқиб кетар.

У жуда тез шамоллаб қоладиган бўлган. Шундоқ ҳам ҳеч қаерга олиб чиқмаймиз. Совуқ деб уйда олиб ўтирамиз. Тағинам газ умуман йўқ, ўтин ёқамиз. Ўзимизнинг уйимизда ижарада тургандек яшаймиз. Бир тирик инсон бўлса-ку, яшаётган аҳволимизни келиб кўрса.

Яна қарзлармиз ҳам бор. Опам, укам, катта қайнимнинг ўғлидан олганман. Шуни соғиб, ичиб туринглар деб сигир ҳам олиб беришганди. Қайнимнинг ўғли уйланиш пайтида: «Ака, шу пайтгача индамай, сўрамай тургандим, энди пулимни қилиб бера оласизми?», деб қолди. Ўша сигирни сотиб қарзга беришга мажбур бўлдик. Яна кимдан сўрайман? Маҳаллага чиққим ҳам келмайди. Ўша қийин кунимда ёрдам бермаган, энди бир нима қилармиди?!

«Аёллар дафтари»га турганим учун уч йил олдин паррандачилик бўйича кредит олгандим. Болам оғир бўлиб ётган кунлари: «Ҳозир бир сўм пулим йўқ, болам шу аҳволда, кредитимни тўхтатиб туринглар», деб банкдагиларга ялиниб бордим. «Қандай аҳволда бўлса ҳам барибир кредит тўланиши керак, биз бунга аралашолмаймиз», дейишди. Ўша ердаги бир қиз: «Майли, янга, мен бир ойга тўлаб тураман», деб ёрдам қилди. Шу кредит ҳалигача тугагани йўқ. Ўша товуқларнинг ҳаммасини боламни даволатиш учун сотганмиз. Айтяпман-ку, ҳаттоки еяётган буғдойларимизгача сотдик.

Қайнонамнинг вафот этганига етти йил бўлганди. Қайнотам ўша воқеалардан бир йил олдин ўтиб қолганди, орқасидан ўзимнинг онам ҳам омонатларини топширдилар. Устма-уст дард бўлиб, жуда қийналдим. Гулистон-Тошкент қилиб даволаниб юрганимизга болаларимга қарайдиган одам ҳам тополмадим. Ўша кунларда уйдаги тўрт қизимга сувчечак тошиб кетди.

Қизларимнинг бари кичкина — 2009, 2011, 2013, 2015 йилларда туғилган. Шунақаям совуқ эди. Катта қизимнинг тирноғи оёғининг ичига ўсиб кетган эди (яна йиғлаб юборади — таҳр.) Унга қарашга вақтимиз бўлмай, уйда ўзинг «перикс» қилиб тур дегандим — баттар бўлиб кетган экан. Қизим ҳам сир бой бермаган, билмай қолганман. Шу қизим сингилларига амаллаб қараб турди. Ўғлим Гулистонда ётганида фақат кечқурун уйга келардим. Саҳарлаб автобусдан қолмай деб яна чиқиб кетардим. Жуда азобда ўтган ўша кунларимиз. Шуларни кимдир улашсин, балки ҳақиқат бордир.

Сирдарё туман прокуратурасига бориб: «Нимага ҳеч ким эътибор бермайди? Шунча жабрланувчи бор, ўлган ўлди, қолган қолди. Нимага ҳеч ким шу ишни суриштирмаяпти?», десам, «Дори чиқарганларга [гапирсаларингиз] бўлмайдими?», дейди. «Биз Ўзбекистон фуқаросимиз-ку, сизлар нимага бу ерда ўтирибсизлар», десам, «Опа, биз ишимизни қилиб бўлганмиз. Ҳужжатларни йиғиб, жиноий ишга топширганмиз», деб ҳаммаси ўзини олиб қочади. Унга бор дейди, бунга бор дейди.

Тўғриси, бундан бу ёғи ўғлимнинг келажаги учун ҳаракат қиляпман. Товон пули берилса, шунинг соғлиғига ишлатамиз-да. Бўлмаса, менга уларнинг бир тийинлари ҳам зарур эмас. Барибир рози бўлиб беришмайди.