Самарқанд вилоятида «Макаров» пистолетини сотмоқчи бўлган шахс ушланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

ДХХ бошқармаси вилоятнинг Жомбой туманида тезкор тадбир ўтказди. Унда тошкентлик шахс харидорга 1 дона «Макаров» пистолети ва унинг 96 дона ўқ-дорисини 10 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди. У тўппончани 2000 йилда топиб олгани, Самарқандга уни кўрсатиш учун келганини баён қилди.

самарқанд, тўрронча

Аниқланишича, фуқаро аввал ҳам кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллагани ва контрабанда сабаб судланган.

Ҳолат маълум бўлгач, унинг яшаш хонадони ҳам тинтув қилинди. Уйдан фойдаланишга яроқли калибри 5,6 ммли эски русумдаги «Монте Кристо» тўппончаси, турли хил гильзалар, ов милтиғи қисмлари, ўткир тиғли жисмлар ҳамда бошқа ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда мазкур шахсга Жиноят кодексининг 248-моддаси 3-қисми (Ўқотар қурол, ўқ-дориларнинг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.