Шавкат Мирзиёев 18 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда 25 турдаги озиқ-овқатни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришни бошлаш топшириғини берди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабарида айтилишича, мавжуд ресурслар, айниқса, озиқ-овқат саноатидаги имкониятларни ишга солиб, ички бозорни тўлдириш учун салоҳият юқорилигига қарамай, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми 2023 йили Сурхондарёда 16 фоиз, Андижонда 21 фоиз, Жиззахда 3 фоизга камайган. Масалан, Қорақалпоғистон, Хоразм, Навоий ва Самарқандда ишлаб чиқарилган макарон маҳсулотлари ҳажми ҳудудий эҳтиёжнинг ярмини ҳам қопламайди.

Президент мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан биргада 25 турдаги озиқ-овқатни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришни бошлаш топшириғини берди. Бу корхоналарда халқаро стандартлар жорий этилади, уларга хориждан малакали технолог ва маркетологлар жалб қилинади. Шунингдек, давлат раҳбари масъулларга хорижий брендлар билан ҳамкорликда Ўзбекистонда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганишни топширган.

Вазирлар Маҳкамаси олдига ҳудудларда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш дастурини қабул қилиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, йиғилишда чарм саноатида ҳам маҳаллийлаштиришни кўпайтириш имкониятларига тўхталиб ўтилди. Шавкат Мирзиёев тармоқ масъулларига ҳудудларда камида 2 млрд долларлик лойиҳа пакетини шакллантириш, автомобиллар учун ўриндиқ жилдлари, сунъий чармдан спорт жиҳозлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тошириғини берди.

Бундан ташқари, йиғилишда чорвачилик кластерида теридан тўлиқ тайёр маҳсулот чиқарадиган корхоналарни ишга тушириш зарурлиги қайд этиб ўтилди ва маҳаллийлаштиришда фақат товарлар эмас, хизматлар бўйича ҳам катта имкониятлар борлиги айтилди.

Охирги беш йилда 9 та энергетика, нефть-газ ва металлургия лойиҳалари ишга тушди. Кейинги йилларда «Мустақиллик — 25» лойиҳаси, 30 га яқин мобиль компрессор станциялари ва 6 та буғ-газ қурилмаларини фойдаланишга топшириш мўлжалланган.

Бундай объектлардаги юқори технологик ускуналарни эксплуатация қилиш ва таъмирлаш бўйича малакали хизматларга талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда. Кимё, металлургия корхоналари, йирик насос станциялари ва ГЭСларда ҳам бундай хизматларга талаб юқори.

Президент шуни инобатга олиб, Вазирлар Маҳкамаси ва тармоқ раҳбарларига биргаликда йирик корхоналарга сервис кўрсатишда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш дастурини бошлаш топшириғини берди. Давлат рахбари дастурда кадрларни ўқитиш, сервисга лицензия олиш, бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш бўйича аниқ тадбирларни белгилаш зарурлигини таъкидлади.