Мурат Ринатович Мирзаев Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори лавозимидан озод этилади. Президент 18 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда бу бўйича кўрсатма берди.

Мирзаев 1974 йил Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. 2023 йил мартидан буён мазкур лавозимда ишлаб келаётганди.

Видеоселекторда у раҳбарлик қилаётган агентлик фақат форумлар ўтказиш билан чекланиб қолгани танқид қилинди. Ташкилотнинг туманлар кесимида инвестицион харитаси йўқ экани қайд этилди.

Шунингдек, бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаевга ҳар бир ҳудуд ва тармоқдаги ўтган йилги қолоқликларни ҳисобга олган ҳолда янгиланган инвестиция дастурини киритиш топширилди.

Инвестиция вазирининг 3 та ўринбосари хорижий инвестиция кўп талаб қиладиган тармоқларга, соғлиқни сақлаш ва транспорт соҳаларига инвестиция жалб қилиш учун масъул этиб бириктирилди.

Йиғилишда комплекс раҳбарияти, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари 38 миллиард долларлик, бунга қўшимча Энергетика вазирлиги 15 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш бўйича режаларини баён қилди.

Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ҳақида

Агентлик 2019 йил 28 январдаги президент қарорига кўра ташкил этилган. Унинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • республика иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган, давлатнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик манфаатларини ҳисобга олган ҳолда хорижий инвесторларга қулай шароитлар яратишга қаратилган ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга оширишда қатнашиш;
  • хорижий инвесторларга ахборот, ҳуқуқий ва бошқа кўмак, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий тадбиркорлар билан инвестицион фаолият соҳасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишга кўмаклашиш;
  • хорижий инвестициялар иштирокида истиқболли ва амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари тўғрисида маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш, уларнинг амалга оширилиш ҳолати мониторингини олиб бориш;
  • хорижий ишбилармон доиралар, шу жумладан, ОАВ орқали хорижий инвесторларга яратилган қулай шарт-шароитлар, кафолатлар, имтиёзлар ва преферентциялар ҳақида маълумот бериш орқали республиканинг иқтисодий, ресурс ва инвестициявий салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва тарғиб қилишни ташкил этиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг ижобий халқаро имиджини шакллантириш ва сақлашда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш.