Тошкент шаҳри ҳавоси сифати тобора ёмонлашмоқда, бу муаммо сўнгги вақтларда ОАВ ва жамоатчилик диққат марказида бўлиб турибди. Иқлимшунослар ҳаво ифлосланиши Ўзбекистонда миллионлаб одамлар учун хавф туғдираётгани ва бу таҳдид ўсиб бораётгани, муаммо кўлами яқин келажакда даҳшатли даражага етиши мумкинлигини таъкидламоқда. «Газета.uz» мазкур муаммо бўйича одамлар қандай фикрда экани билан қизиқди.

Пойтахт кўчаларида ўтказилган сўровномада ўнлаб одамлардан ҳаводаги ўзгаришлар уларга сезилаётгани ёки йўқлиги, бу бўйича қандай фикрдалиги ва нима қилинса, ҳолат яхшиланиши мумкинлиги юзасидан саволларга жавоб олинди. Уларнинг аксарияти ҳаво ифлосланишининг сабаблари сифатида пойтахтда машиналарнинг кўплиги, қурилиш жараёни, дарахтлар кесилаётгани, аҳолининг экологик маданияти пастлиги каби қатор омилларни санаб ўтди.

Қашқадарёдан пойтахтга меҳмон бўлиб келган ўқитувчи аёлнинг айтишича, шаҳар ҳавосининг ифлослиги унга анча сезилади. «Куни кеча Қашқадарёдан келиб, Тошкентга киришимиз билан ҳаммаёқ туманга ўхшаб турибди. Заводларнинг кўплиги ёки машиналар сони ортиб бораётгани учунми, ҳавонинг ифлослиги анча сезилди. Муаммога ечим сифатидаги таклифим шуки, аввало, одамларда экологик маданият баланд бўлиши керак. Бу эса оилада ота-она орқали шаклланиб боради», — дейди у.

«Самарқанд ва Тошкент ҳавосининг фарқи жуда катта. «Ипподром»дан кириб келишингиз билан оғир ҳаво бошланади. Ҳавоси одамга жуда ёқимсиз», — деди яна бир респондент.

Пойтахтда истиқомат қилувчи нуронийлардан бирининг сўзларига кўра, ҳудудда кислород камайиб бормоқда.

«Ҳозир ёш болалар орасида ҳам, катталарда ҳам йўтал ҳолатини кўп кўряпман. Ўзим, умр йўлдошим, набираларим ҳам йўталяпмиз. Кислород камлигидан тез-тез чарчайдиган бўлиб қолдик. Бу ҳаво таркибида зарарли моддаларнинг ортиб бораётгани ҳисобига, деб ўйлайман. Қурилишларнинг кўпайиб бораётгани, Тошкент кўчаларида юк машиналарининг бемалол юраётгани, завод ва корхоналардаги ҳавони тозалаш тизимларининг яхши ишламаслиги сабабли ҳаво ифлосланмоқда. Агар ишлаб чиқарилаётган қонунлар ишласа, назорат қилинса ва ҳеч ким қонунларни бузмаса, ҳаво ифлосланмайди, халқимиз тоза ҳаводан нафас олади», — деди у.

«Автомобиллардан чиқаётган ифлос газлар сабабли тоза ҳаво тугаб боряпти. Менимча, Тошкентда аҳоли кўплиги боис шахсий транспорт ҳам оммалашиб бормоқда. Вилоятларни ҳам пойтахтдагидек ривожлантирсак, Тошкентга келиш камайиб, одамлар ўз вилоятида ҳам яхши натижаларга эришарди. Шунда Тошкентда ҳам аҳоли сони меъёрлашади, лекин камайиб кетади, деёлмайман», — деди талаба қиз.

Шу билан бир пайтда, пойтахтдаги ҳаво сифати бузилиши сезилмаётганини қайд этганлар ҳам бўлди. Сўровнома жараёнида баъзи одамлар бу мавзуда фикр билдиришни хоҳламаслигини айтиб, тасвирга туширмасликни сўради.

Аксарият иштирокчиларнинг ўйлашича, Тошкентда қурилишлар ва шахсий машиналар сонини камайтириш, дарахтларни кўпайтириш, шунингдек, жамоат транспорти тизимини яхшилаш бу муаммога ечим бўлиши мумкин.

Расмийларнинг бу бўйича берган баёнот ва тавсиялари, шуниндек, мавзу муҳокамаси билан пастдаги ўхшаш хабарлар бўлимида танишиш мумкин.