АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) 10 январь куни Тошкентдаги «Энергия» мувофиқлаштириш ва диспетчерлик марказига энергетика секторини бошқариш бўйича 1,4 миллион долларлик замонавий асбоб-ускуналар ва дастурий таъминотни топширди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Фото: USAID

Маросимда Энергетика вазири ўринбосари Акмал Жуманазаров, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Дэвид Хофман ҳамда «Энергия» мувофиқлаштириш ва диспетчерлик маркази директори Ҳамидилла Шамсиев ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирда «Энергия» МДМ диспетчерларига минтақадаги энергия режимини сақлаш учун долзарб маълумотларни намойиш қилиш имконини берадиган илғор технологиялар намойиш қилинди.

Фото: USAID

Таъкидланишича, ушбу сармоялар тармоқ барқарорлигини таъминлаш ва минтақавий энергия савдоси имкониятларини кенгайтириш учун Марказий Осиёнинг электр энергияси оқимини бошқариш ҳамда назорат қилиш қобилиятини оширади. Шунингдек, у қайта тикланадиган энергия манбаларининг жадал интеграцияси ҳамда Марказий Осиёда электр энергияси ва қувватлар бозорини жорий этиш муносабати билан ортиб бораётган муаммоларга дуч келаётган минтақавий тизим оператори сифатида «Энергия» МДМ ишини модернизация қилади.

Қайд этилишича, ускунанинг ўрнатилиши АҚШ ва Марказий Осиёнинг барча беш давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентларининг қўшма фармонида баён этилган юқори даражадаги устувор вазифаларга мувофиқ ҳолда Ўзбекистон ва бутун минтақада янада мустаҳкам ҳамда самарали энергетика ландшафтига эришиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Элчи Жонатан Хеник сўзларига кўра, Марказий Осиё давлатларининг энергетика тизими узоқ йиллардан буён бир-бирига жуда боғлиқ. Мазкур соҳадаги мувофиқлаштириш ишлари муҳим ҳисобланиб, бу мамлакатларнинг иқтисодий ўсишига катта ижобий таъсир кўрсатади.

usaid, энергетика

Жонатан Хеник

«Ўзбекистон марказий географик жойлашуви, бой энергия ресурслари ва асосий инфратузилмаси туфайли минтақада муҳим роль ўйнайди. Марказий Осиёнинг энергетика тизими кенгайиб, янада мураккаблашиб борар экан, энергетика соҳасини ривожлантиришни режалаштириш учун инновацион ечимлар зарурдир. Биз биргаликда қайта тикланувчи энергия манбалари тизимига ўтишнинг мураккаб муаммоларига жавоб бериш учун барқарор келажак учун пойдевор қурмоқдамиз», — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси.

USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Дэвид Хофманнинг таъкидлашича, бу лойиҳа нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларини ҳам қамраб олади. «Лойиҳадан мақсад шуки, қайта тикланадиган электр энергия манбаларига сармоя киритиш ва бунинг учун шароитлар яратиш ҳамда мазкур мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдир», — деди у.

«Энергия» мувофиқлаштириш ва диспетчерлик маркази директори Ҳамидилла Шамсиевнинг сўзларига кўра, ушбу марказ 1960 йилдан бери фаолият юритади.

«Марказга собиқ СССР даврида асос солинган, яъни 1960 йилда бешта мамлакатнинг энергетика соҳасини бошқариш учун Тошкентда диспетчерлик маркази ташкил этилган. Марказимиз 2007 йилдан нодавлат-нотижорат ташкилоти сифатида Марказий Осиё бирлашган энергетика тизимини бошқариб келмоқда. Ташкилотнинг асосий офиси Тошкентда бўлиб, унинг Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда диспетчерлари мавжуд», — деди у.

usaid, энергетика

Ҳамидилла Шамсиев

Унинг айтишича, тўртта давлатдаги диспетчерлик марказлари 220−500 кВт линиялардаги узилишлар ва аварияларни визуал ҳолатда ўрганиб, уларни бартараф этиш чораларини кўради. Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги электр энергиясининг импорт ва экспорт графикасини ишлаб чиқиш, линияларни таъмирлаш каби бир қатор ишлар билан ҳам шуғулланади.

«Марказга қарашли диспетчерлик нуқталарини асбоб-ускуналар билан таъминлашга молиявий имкониятимиз етмас эди. 2018 йилда Ашхободда ўтказилган халқаро конференцияда нутқ сўзлаб, халқаро ташкилотлардан ёрдам сўрагандим. Ўшанда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда USAID раҳбариятлари кўмак кўрсатишга розилик билдирган. Барчаси бирин-кетин ёрдам берди. Мана бугун USAID томонидан илғор технологиялар топширилди. Бундан албатта хурсандмиз», — деди Ҳамидилла Шамсиев.

Маълумот учун, USAIDнинг минтақавий энергетика лойиҳасининг умумий қиймати 39 миллион долларни ташкил этади. Беш йилга мўлжалланган лойиҳа энергетика сектори фаолиятини яхшилаш, тоза энергияни ривожланишини жадаллаштириш, минтақавий алоқаларни кенгайтириш ва трансчегаравий энергия савдосини кенгайтириш орқали энергия хавфсизлиги ҳамда барқарорлигини оширишга қаратилган. Ушбу лойиҳа орқали USAID тоза энергияга 2,2 миллиард доллар сармоя киритган ва шу кунгача Марказий Осиё бўйлаб 2241 мегаватт тоза энергия қувватини ўрнатишга ҳисса қўшган.