Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари ўтказган махсус тадбирда Тошкент шаҳрида яширин фаолият олиб борган нарколаборатория аниқланди, дея хабар бермоқда идора матбуот хизмати.

Олий маълумотли бўлган 36 ва 38 ёшли икки шахс логистика фаолияти билан шуғулланиш номи остида Шайхонтоҳур туманидаги хонадонлардан бирида синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланишган.

Кўздан кечириш жараёнида хонадонда жами 56 та ўрамда 26 килога яқин мефедрон гиёҳвандлик воситаси, синтетик наркотик тайёрлашда фойдаланиладиган 400 килодан ортиқ суюқлик ва кукун кўринишидаги кимёвий моддалар ҳамда хом-ашёлар, зарур асбоб-ускуналар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув давомида гиёҳвандлик воситалари тайёрлашда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, хом-ашё ва прекурсорлар хориждан келтирилгани ва тайёрланган наркотик моддаларнинг савдоси интернет орқали амалга оширилгани маълум бўлди.

Наркотик моддалар тахминан 80 минг дозани ташкил қилиши ва қора бозордаги қиймати 900 минг долларга тенглиги аниқланган. Нарколабораторияда сақланаётган 400 килодан ортиқ кимёвий моддалар ва хом-ашёлар ёрдамида 50 килога яқин мефедрон синтетик гиёҳвандлик воситаси ишлаб чиқариш мумкинлиги маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-модда (Контрабанда) ва 273-модда (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ДХХ Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.