Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказининг давлат органларида рақамлаштириш дастурларини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Аброр Шазимов давлат бошқаруви ва фуқароларга хизмат кўрсатишда 2023 йилдаги ютуқлар ҳамда истиқболлар хақида гапириб берди.

2023 йилда Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг реал секторини рақамлаштириш соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси давлат бошқаруви самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш, бюрократияни қисқартириш, ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида рақамли технологияларга асосланган замонавий тизимни яратишга қаратилди.

2023-йилда тасдиқланган асосий ҳужжатлардан бири Ўзбекистон президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш тўғрисида»ги фармони ҳамда 2023−2024 йилларга мўлжалланган «Рақамли ҳукумат» ва «Рақамли ҳудуд» дастурлари доирасида 300 та устувор лойиҳани амалга ошириш белгилаб берилди. Банк, молия, божхона, қишлоқ хўжалиги, геология-кадастр каби турли соҳаларда 100 дан ортиқ ахборот тизимлари ва дастурий таъминотларнинг яратилгани олдинга қўйилган муҳим қадамлардан бўлди.

Рақамли божхона тамойили асосида божхона юк омборларида ҳужжатларни расмийлаштириш вақтининг уч соатдан 30 дақиқагача қисқариши рақамлаштиришнинг муваффақиятли амалга оширилаётганига ёрқин мисолдир. Худди шундай, қишлоқ хўжалигида «Aгроплатформа» ахборот тизими орқали шартномалар тузиш вақти 1−2 кундан 20 дақиқагача қисқартирилди. Бунинг шарофати билан 36 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчиларнинг 90 фоизи ахборот тизимда рўйхатга олинди.

Иқтисодиёт вазирлигининг E-nazorat дастурий мажмуаси бюджет маблағларидан самарасиз фойдаланиш хавфини таҳлил қилиш имконини берди. Иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида «Ресурслар ҳисобини юритиш» тизимлари эса маблағларни тежашга хизмат қилмоқда. Бунга мисол тариқасида Бухородаги «Жанубий кемачи» конини келтириш мумкин, бу ерда йўқотишлар миқдори уч фоизга қисқарди ва бунинг натижасида йилига 28 млн куб м қўшимча газ олинди.

«Ягона дарча» тамойили бўйича давлат органларининг расмий веб-сайтлари ва порталларини бирлаштирувчи Ўзбекистон ҳукумати порталининг ягона платформаси ишга туширилгани яна бир муҳим ютуқ бўлди. Бу аҳоли ва тадбиркорларнинг давлат хизматлари ҳамда ахборотларидан қулай фойдаланиши учун шароит яратди.

Қоғозсиз иш юритишга ўтишни жадаллаштириш мақсадида «Ижро интизоми ягона тизими» жорий этилди. Бу давлат органларида қоғоз ҳужжатлардан фойдаланишни қисқартириш имконини берди. Шунингдек, ҳужжатларни қайта ишлаш муддатининг қисқаришига ва давлат идоралари ва унинг қуйи бўғинлари ходимлари ўртасида ўзаро маълумотлар алмашинувининг енгиллашишига олиб келди.

Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди ва бу ташаббус давом этмоқда. «Рақамли Ўзбекистон» стратегияси доирасида кенг полосали интернетдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва аҳоли ўртасида рақамли кўникмаларни ривожлантириш бўйича режалар ишлаб чиқилиб, аксарияти натижалар кўрсата бошлади. Бунга рақамли таълим дастурлари, рақамли саводхонлик марказларини яратиш ва электрон тижоратни ривожлантиришлар ҳам киради.

Бугунга келиб, республикада электрон шаклда кўрсатилаётган давлат хизматлари улуши 64 фоизни ташкил этмоқда.

Ягона интерактив давлат хизматлари (My.gov) порталида 205 дан ортиқ янги хизматлар жорий этилиб, жами хизматлар сони 575 тадан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 170 фоизга кўпдир. Хизматлар сафига фуқаролар учун долзарб бўлган янги: «Ҳайдовчилик гувоҳномасини янгилаш», «Спортчи паспортини бериш», «Талабалар турар жойига жойлашиш», «Умумий ўрта таълим тўғрисида шаҳодатнома олиш», «Туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки унинг дубликатини олиш» кабилар қўшилди.

2023-йилда давлат хизматларини кўрсатиш нуқталарини кенгайтириш мақсадида 13 та тижорат банки, онлайн тўлов тизимлари ва мобил операторларнинг мобил иловалари учун 30 га яқин хизмат жорий этилди. Ушбу хизматлардан 330 мингдан ортиқ киши фойдаланган.

Ўтган йили ҳудудларда аҳолининг электрон хизматлардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш мақсадида ўтказилган ўқув семинар ва тренингларда жами 20 минг нафардан ортиқ аҳоли, ёшлар ва тадбиркорлик субъектлари ўқитилди. Жумладан, «my.gov.uz — хизматингизда» лойиҳаси доирасида IТ Park`нинг ўқув марказларида 13 минг нафардан зиёд резидент, 4000 нафар олий ўқув юрти талабалари ва 3000 нафар ёшлар малака оширишди.

Эришилган натижалар ва юқори самарадорлик кўрсаткичларига қарамай, ҳали ҳал қилиниши керак бўлган вазифалар кўп. Хусусан, 2024-йилда 75 минг нафар мактаб ўқувчисининг халқаро IТ бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўқитилиши кўзда тутилган. Вилоят ва шаҳар марказлари 5G тармоқлари билан қамраб олинади. Ўзбекистон хорижий ва маҳаллий IТ-компаниялар томонидан жаҳон саҳнасида «Минтақавий IТ ҳаб» сифатида тарғиб қилинади. Ушбу вазифаларни амалга ошириш доирасида хорижий ва маҳаллий компаниялар мутахассислари учун яратилган шарт-шароитларни оммалаштириш, порталдаги хизматлар сонини 700 тага етказиш, давлат бошқарувида 500 та функцияни рақамлаштириш каби 100 га яқин тадбирлар ҳам мавжуд.

Юқоридаги вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши Ўзбекистоннинг БМТ томонидан ўтказилувчи электрон ҳукумат ривожланиши рейтингида кучли 30 таликка киришига замин яратади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва иқтисодиётнинг реал секторини рақамлаштириш мамлакат самарадорлигини ошириш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар эса аллақачон ўз нтижасини бермоқда. Бироқ рақамлаштиришнинг тўлиқ салоҳиятига эришиш учун инфратузилмани ривожлантиришни давом эттириш, хавфсизликни таъминлаш ва барча фуқаролар учун рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш зарур.

Реклама ҳуқуқлари асосида.