10 январь куни соат 9−10 ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида ҳаво сифати РM 2,5 заррачалари миқдори бўйича «носоғлом» даражада, деб хабар берди Ўзгидромет иккита автоматик мониторинг станцияси маълумотларига асосланиб.

Датчик кўрсаткичлари Юнусобод туманидаги Ўзгидромет ҳудудида 56 мкг/м3 (ЖССТ тавсияси — 5 мкг/м3), Чилонзор туманидаги Халқлар дўстлиги майдонида 59 мкг/м3 ни кўрсатди.

ЎзгидрометЎзгидромет

Тошкентдаги АҚШ элчихонасида жойлашган ҳаво сифатини аниқловчи датчик сешанбадан буён техник жиҳатдан носоз ҳолатда турибди. Шу сабабли ушбу датчикдан олинган маълумотлар IQAir глобал хизматида хато акс этмоқда. «Бу муаммони имкон қадар тезроқ ҳал этишга ҳаракат қиламиз», — дея маълум қилди дипломатик миссия.

iqair, тошкент ҳавоси, ҳаво ифлосланиши

Элчихона биносига 2018 йилда ўрнатилган датчик пойтахтдаги биринчиси ҳисобланади. Кўп йиллардан бери ундан шаҳардаги ҳаво сифатини баҳолашда фойдаланиб келинади. Авваллари ҳукумат амалдорлари элчихонадаги датчик ва жаҳон веб-сайтлари вазиятни тўлақонли акс эттирмаслигини таъкидлаган бўлса, кейинчалик бу маълумотлардан, жумладан, расмий хабарларда ҳам фойдаланила бошланди. Эндиликда датчиклар кўпайди ва аҳоли Тошкентдаги ҳаво тўғрисидаги вазиятни яхшироқ билишлари мумкин.