Тошкент шаҳар судида 10 январь куни «Док-1 Макс» иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Дастлаб судлов ҳайъати томонидан 23 нафар судланувчининг шахсига аниқлик киритилди. Прокурор қўшимча айблов хулосасини ўқиб эшиттирди. Судья Мусо Юсупов судланувчилардан айблов тушунарли бўлган-бўлмагани ва айбига иқрор-иқрор эмаслигини сўради.

Судланувчиларнинг барчаси айблов тушунарли бўлганини маълум қилиб, улардан 16 нафари ўзига нисбатан илгари сурилаётган айбловга умуман иқрор эмаслиги, 6 нафари қисман иқрорлиги, бир нафари эса айбига тўлиқ иқрорлигини билдирди.

Сўнг судланувчилар айблов бўйича бирма-бир кўрсатма берди, адвокатлар, судья ва бошқа судланувчилар ўртасида ўзаро савол-жавоблар бўлди. Хусусан, судланувчи, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг собиқ раҳбари Сардор Кариев ўз кўрсатмасида тергов жараёнида унга нисбатан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилганини айтиб ўтди.

«Док-1 Макc» иши бўйича 10 январь куни бўлиб ўтган суд мажлиси стенограммаси яқин вақт ичида «Газета.uz»да эълон қилинади. Аввалги суд мажлисларидан тайёрланган репортажлар билан «Док-1 Макс» ҳештегига ўтиб, танишиш мумкин.