Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг «Ҳаж ва Умра» марказида Умра хизматлари нархи 2024 йил 10 январдан эътиборан бир киши учун 16 600 000 сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонида Ҳаж ва Умра хизматлари сифатини янада яхшилаш, нархларини арзонлаштириш, зиёратчилар учун бир қатор қулайликлар яратиш мақсадида, подшоҳликдаги бир қатор мутасадди идоралар раҳбарлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Идоранинг таъкидлашича, мулоқотлар натижасида Умра хизматлари нархини янада арзонлаштиришга эришилган.

«Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан ташкил этилган Умра хизматлари ҳар жиҳатдан қулай, арзон ва хавфсиздир. Энг асосийси, тўғридан-тўғри рейслар, туну кун шифокорлар хизмати, уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган ҳамда энг малакали имом-хатиблардан иборат элликбошилар жалб этилган. Шунингдек, Фатво маркази уламолари ишчи гуруҳи вакили сифатида шаръий масалаларга доимо ечим топиб берадилар», — дейилади хабарда.