Ижтимоий тармоқларда Paynet шохобчасида пластик картага пул тушириб, лекин нақд пулни бермасдан қочиб кетаётган шахснинг видеоси тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Тошкент шаҳар ИИББ ушбу шахс ушланганини маълум қилди.

2024 йилнинг 3 январь куни 1993 йилда туғилган Ҳусанов Камрон Хисрав ўғли Олмазор туманидаги Paynet шохобчасига кириб, пластик картасига 682 000 сўм миқдоридаги пулни ўтказишни сўраган. Айтилган пул миқдори пластик картасига туширилгандан сўнг, К.Хусанов нақд пулни тўламасдан шохобчадан қочиб кетган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (Талончилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари бошланган.

«Ҳурматли фуқаролар агар сиз ушбу шахсдан жабр кўрган бўлсангиз ёки унинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71−206−49−44, 71−206−46−35 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз», — дейилади бошқарма ҳабарида.