Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Маманбий Омаров Хитойнинг DongFeng бош директори Ван Пэн билан учрашув ўтказди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, учрашувда жамоат транспорти тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар, ҳаракат таркибини замонавий автобус ва микроавтобуслар билан янгилашга бўлган талаб ва эҳтиёж юзасидан фикр алмашилган.

Хусусан, DongFeng Special Car компанияси Фарғона вилояти Фурқат туманида 2 босқичда, умумий қиймати 100 миллион долларга тенг бўлган, йилига 1000 дона электробуслар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирган.

электробус
Фото: Транспорт вазирлиги

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг «Газета.uz»га қўшимча қилишича, қурилиш ишларига февраль ойида старт берилади. Дастлабки, электробуслар йилнинг III чорагида ишлаб чиқарила бошлайди ва улар бутун Ўзбекистон бўйлаб жамоат транспортини яхшилаш учун фойдаланилади.

Шунингдек, Андижон вилояти раҳбари Шуҳрат Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Хитойда Lanzhou Guangtong New Energy Automobile компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди, дея хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Томонлар 100 млн долларлик икки томонлама меморандум имзолаган. Бу вилоятда йиллик қуввати 2000 та электроавтобус ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳани амалга ошириш имконини беради.

электробус
Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Шуҳрат Абдураҳмонов Хитой сафари давомида ўзаро келишув имзоланган барча ҳамкорларни Андижонга таклиф этган ва улар январь ойида келиши кутилмоқда.

Ҳокимлик матбуот хизматининг «Газета.uz»га билдиришича, мазкур ташриф давомида инвесторларга электробус ишлаб чиқариш учун бир неча ҳудудлар таклиф қилинади. Асосан, чекка ҳудудлардан жой ажратилади, шу орқали у ерларда инфраструктурани яхшилаш кўзда тутилган.