4 январь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги савдо дўконларининг бирида бепул кийим-кечак олишга келган фуқаролар томонидан юзага келган тартибсизликлар акс этган видео тарқалди.

Видеода дўкон ичидаги сотувчилар кийимларни улоқтираётгани ва одамлар уларни олиш учун бир-бирини итариб, олдинга интилаётганини кўриш мумкин. Унда, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари борлиги ҳам кўринади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Юнусобод туманида жойлашган Brend rows номли савдо дўконида эркаклар учун 300 дона қишки пальто маҳсулотлари текинга тарқатилиши режалаштирилган ва бу хабар «текинга пальто 300 дона» деб номланган сарлавҳа билан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган.

Натижада дўконга кўплаб фуқаролар келиши туфайли тартибсизликлар юзага келган. Шу ҳудудда хизмат олиб борувчи ИИО ходимлари аралашуви билан жамоат тартиби сақланиб, вазият назоратга олинган, ҳеч ким жароҳатланмаган, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан ўтказилган текширув натижасида савдо дўкони раҳбари 24 ёшли С.И.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200−1-моддасига (Оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини бузиш) асосан, ушбу дўконнинг 9 нафар ишчисига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддасига (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди дўкон раҳбарига базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари (5 миллион 100 минг сўм), 9 нафар ходимга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари (3 млн 400 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.